Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан таомланиш одобига доир кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай одоблардан бири таомни тик туриб эмас, ўтириб ейишдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб сув ичишдан қайтардилар. Шунда: “Таом ейиш-чи?”, дейилди. “У яна ҳам оғирроқ”, дедилар Имом Термизий ва Имом Муслим ривояти. Муслимнинг лафзида: «У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.
Демак, тик туриб таом ёки ичимлик тановул қилиш жоиз эмас. Чунки, тик турганда одам тўлиқ роҳат ҳолида бўлмайди. Шунинг учун егани ва ичгани ҳам яхшироқ фойда бермайди. Бунинг устига тик туриб еб-ичганда овқатлар тўкилиши, исроф бўлиши ҳам бор. Агар мутахассислар бу ҳолатни яхшилаб ўргансалар, албатта, бошқа зарарлари ҳам чиқиши турган гап. Умуман, Ислом маданиятида ўзини билган одам тик туриб на таом ейди, на ичимлик тановул қилади.
Ҳа, азизлар, Динимиз кўрсатган одоб шу. Тик турган ҳолда таом ейилмайди ва ичимлик ичилмайди (фақат замзам тик турган ҳолда, қиблага юзланиб ичилади). Замонавий тиббиёт ҳам тик турган ҳолда шошилиб овқатланиш таомнинг яхши ҳазм бўлмаслиги ва семириб кетиш сабабларидан эканини аниқлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг лафзида: «Замзамдан ундаги челакдан, тик турган ҳолда ичдилар», дейилган. Шунинг учун ҳам ҳозиргача, замзам ичиш одоблари ҳақида сўз кетганда ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш тавсия қилинади.
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар», дейилган. Муслим ривоятида эса: «Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин. Ким унутган бўлса, қусиб юборсин», дейилган.
Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим». Термизий ривоят қилган.
Уламолар ичимликни тик туриб ёки ўтириб ичиш ҳақида келган ривоятларнинг ҳаммасини жамлаб, таққослаб, бошқа сабабларини ҳам топиб ўрганиб чиққанларидан кейин ўтириб ичиш мустаҳабдир, тик туриб ичиш эса, баъзи вақтларда жоиздир, деганлар.
Доктор Абдурраззоқ Кайлоний шундай дейди: “Ўтириб таом ейиш ва ичимлик ичиш соғлиққа фойдалироқ, тўғрироқ, енгилроқдир. Бунда тановул қилинган нарса ва ичимлик ошқозон деворларига оҳисталик ва мулойимлик билан етиб боради. Аммо тик туриб ичиш суюқликнинг ошқозон тубига қўпол тарзда босим билан тушишишига сабаб бўлади. Бу жараённинг такрорланиши эса меъданинг заифлашиб, пастга осилиб қолишига, шунингдек, ҳазм ишини оғирлаштирадиган бошқа кўнгилсизликларга олиб келади”.
«Умму Фазл розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қадаҳ сут юборди. У зот Арафотда тик турган эдилар. Бас, уни олиб ичдилар». Бухорий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириш имконсиз бўлган ўринларда, масалан, ҳаж мавсумида одамлар кўп бўлиб, издиҳом катта бўлганда сувни тик туриб ичганлар. Аммо бу ҳол давомий эмас, гоҳида бўларди. Шунингдек, юриб кета туриб ҳам таом ейиш соғликка зарар. Қолаверса, бу иш одобсизлик ҳисобланади.
Доктор Иброҳим Ровийнинг айтишича, инсон тик турганда аъзолари таранг ҳолатда бўлади. Таомларнинг ҳазми осон бўлиши учун эса жисм хотиржам, аъзолар бўш ҳолатда туриши керак. Инсон бундай хотиржамликка ўтирган пайтда эришади. Ана шунда ҳазм қилиш органлари таомни қабул қилишга қулай ҳолга келади.
Доктор Ровий яна шуни қўшимча қиладики, тик турганда таом еб, сув ичиш ошқозон ички деворлари бўйлаб тарқалган асабларнинг кучли рефлексига олиб келади. Агар ушбу асаб рефлекслари тез ва тўсатдан содир бўлса, нейротоксикознинг хатарли учқуни бошланишига, бу учқун юракка салбий таъсир қилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу жараёнларни бошидан ўтказаётган одам ўша онда ҳушидан кетиши ёки вафот этиши мумкин.
Шунингдек, тик туриб таомланишга ва ичимлик ичишга одатланиш ошқозон ички деворларининг саломатлигига футур етказиб, яралар пайдо бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.
Ҳа, қадрдонлар, ҳар бир ишда бўлганидек, овқатланиш борасида ҳам Динимиз таълимотларига амал қилиб, таомни ўтириб, шошмасдан есак, ичимликни ҳам ўтириб ичсак, дунё ва охират яхшиликларига эришамиз. Дунёда саломат бўлиб, охиратда улкан ажру мукофотларга сазовор бўламиз.
“Ҳадис ва Ҳаёт” китоби ва интернет маълумотлари
асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
اللَّهُمَّ إنِّي أسْألُكَ اليقين والعفو و الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асаълукал яқийна валъафва валъаафията фиддунйаа валаахироти.
Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улуғ неъматлари ва энг буюк яхшиликларидан бири – соғлиқ ва офият. Офият барча неъматларнинг энг улуғидир. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман”.
Ушбу дуо жавомеъул-калим яъни қисқа бўлсада маъноси кенг қамровли бўлган дуолардан саналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тонгда ва кечки вақтда доимий равишда такрорлаб ўқишдан чарчамас эдилар. Чунки бу дуо дунё ва охират яхшиликларини ўз ичига олади.
Афв (кечиримлилик) – Аллоҳ таолонинг бандасининг гуноҳларини кечириб, қилган ишлари учун жазоламай ўтиб кетишидир.
Офият эса – Аллоҳнинг бандасини касалликлар, мусибатлар ва ҳар қандай ёмонликлардан сақлашидир. Дунё ва охиратдаги парда, хотиржамлик, хавфсизлик ва муҳофаза этиш ҳам офиятнинг бир қисмига киради.
Уламолар айтадиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода аввало дунё ва охират офиятини сўраганлар. Чунки офият – ҳамма нарсага тенг келмайдиган улуғ неъматдир. Бу дуо орқали гуноҳларни ўчириш, ҳар қандай зарар келтирувчи балолар ва мусибатлардан, шунингдек, охират даҳшатлари ва у ердаги турли жазолардан паноҳ сўралган. Шу сабабли бу дуо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган энг буюк мақсадларни ўз ичига олган дуолардандир.
Балоларнинг баъзилари очиқ-ойдин бўлади – жисмоний касалликлар ва моддий иллатлар. Айримлари эса яширин – қалб касалликлари каби маънавий офатлардир. Шунинг учун дуода энг муҳим офият – қалб саломатлиги аввал сўралган: “Аллоҳим, мен Сендан яқийн (қатъий ишонч) сўрайман” – яъни тўлиқ ва комил илм, шубҳа ва гумондан холи бўлган қатъий ишонч. Бу эса иймоннинг энг олий даражасидир, дунё ва охиратда нажот айнан мана шу билан бўлади. Яқийн қалбга жойлашса, инсон дунёдан узилиб, охиратга маҳкам боғланади.
Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар яқин қалбга лозим даражада жойлашса эди, инсон жаннатга бўлган соғинчидан учиб кетар, дўзахдан қочишга ошиқар эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динда офият сўрашлари – мўминнинг ақидаси ва тавҳидига путур етказувчи ҳар қандай нарсадан: фитналар, адашишлар, шубҳалар ва шаҳватлардан сақланишни сўрашдир.
Дунёда офият – инсон ҳаётида зарар келтирувчи мусибатлар ва қийинчиликлардан омонда бўлишни сўрашдир.
Охиратда офият эса – унинг қўрқинчлари, қийинчиликлари ва жазоларидан нажот топишни тилашдир.
Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Офият – Аллоҳ таолонинг бандасини ҳимоя қилиши демакдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуо орқали офият сўраш нажот ва муваффақият, жаннатга эришиш ва дўзахдан нажот топиш йўли эканини баён қилганлар. Шунинг учун бу дуо Аллоҳ таоло ҳузурида энг севимли дуолардан ҳисобланади. Чунки у дунё ва охират яхшиликларини қамраб олгандир.
Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган ушбу дуонинг қадрини англасин. Кимга офият берилса, у қалби, танаси, дини ва дунёси билан истаган барча яхшиликка етишади ҳамда икки дунёда қўрққан барча нарсалардан сақланади”.
Илёсхон АҲМЕДОВ