Ватанимиз мустақиллиги шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон кунлар, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади.
Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан мана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди.
Мустақиллик! Ушбу биргина сўз замирида қанчадан-қанча аждодларимизнинг асрлар давомидаги орзу ва армонлари, курашлари, эртанги кунга умидлари мужассам. Дарҳақиқат, Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз такдирининг эгаси бўлиб, кадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёткечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.
Истиқлол йиллaридa жаҳон илм-фани, маданияти ривожига, инсоният маънавияти такомилига улкан ҳисса қўшган буюк aждoдлaримизнинг бeбaҳo меросини ўрганиш, шу билан бирга, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, беназир кашфиётларининг жаҳоншумул аҳамияти ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда.
Ҳозирги кунда ислом дини ва унинг тарихини ўрганишда жуда ноёб бўлган муҳим тарихий манбалар ва асарлар, жумладан, Қуръони карим, Имом Бухорий, Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро ҳикматлари, Марғиноний, Насафий каби алломаларнинг инсонни етукликка чорловчи диний, маърифий, маданий, фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий асарлари ўзбек тилида чоп этилмоқда.
Ҳар бир миллат, xалқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта баxт. Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга сир эмас. Биргина таълимни ривожлантириш учун давлат бюджети харажатларининг 35 фоиздан ортиғи шу соҳага йўналтирилаётгани келажагимиз бўлган ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир.
Келажак тараққиёти бугунги ёш авлоднинг ақлий тафаккури, билим тажрибаси ва касбий тайёргарлигига боғлиқ. Ёшларни ҳаётда ўз ўринларини топиши, ўз салоҳиятларини эркин намоён эта олишлари ва уларни иш билан таъминлаш давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.
Бугун ким билан гаплашманг, суҳбат мавзуси ўз-ўзидан бунёдкорлик ишларига бориб тақалади. Бу табиий, албатта. Чунки сўнгги йилларда юртимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар, кенг ҳамда равон йўллар, мустаҳкам кўприкларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Миллий ва замонавий меъморчиликнинг энг юксак талаблари асосида қурилаётган бундай иншоотлардан биз қанчалик фахрланаётган бўлсак, хорижлик мехмонларнинг уларга ҳайрату ҳавас билан боқаётгани, ўзбек меъморлари маҳоратига тан бераётгани, таъбир жоиз бўлса, биздан ибрат олишга ҳаракат қилаётгани ҳам рост.
Ҳар биримиз ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, иқтисодий бўҳронлар, қирғинбарот жанглар, оломон маданиятининг салбий таъсирларига теран нигоҳ билан назар ташлаб, уларни юртимиздаги тинч-осойишта муҳит, улкан бунёдкорлик ишлари билан муқояса қилишимиз ҳамда шу замин, шу тупроқ, шу эркин ва обод Ватанда яшаётганимиздан бахтиёрлик туйғуларини ҳис этамиз. Орзу ва интилишлари қадр топган, келажагини яратиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган жамиятда умргузаронлик қилаётганимизга шукрона айтамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 152-оятида: “Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, деб марҳамат қилган. Шунга кўра бизлар ўзимизда мавжуд бўлиб турган неъматларга шукрона келтиришни ёддан чиқмаслигимиз лозим бўлади. Зеро, ҳикматли сўзда: “Шукр қилиш борини боғлайди, йўғини чорлайди”, дейилган.
Раҳматилло УСМОНОВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби
1. Бомдод намозининг суннатини енгил ўқиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида азон ва иқомат орасида енгил икки ракат ўқир эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Биринчи ракатда Кафирун, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракатида “Қул йаа айюҳал каафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқирдилар» (Имом Муслим ривояти).
3. Суннатдан сўнг озгина ёнбошлаш.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозининг суннатидан кейин ўнг тарафлари билан озгина ёнбошлаб ётар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
4. Ёсин сурасини ва Ҳашр сурасининг охирги уч оятини тиловат қилиш.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Ёсин” Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Ким “Ёсин”ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади» дедилар (Имом Термизий, Имом Байҳақий ривояти).
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким субҳ чоғида уч марта “Аъузу бисмиллаҳис самийъил алийм, минаш шайтонир рожийм” деб, Ҳашр сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
5. Бомдод намозидан кейин ўша жойда ўтириш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг намоз ўқиган жойларида то қуёш яхши чиқиб олгунича ўтирар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
6. Қуёш чиққанидан сўнг икки ракат ишроқ (қуёш чиқиши) намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
7.Сўнгра зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД