Шу йилнинг охиригача Корея Республикасининг Гвангчжу, Россия Федерациясидаги Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлигининг ваколатхоналари очилади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири агентлик бошлиғи Равшан Ибрагимов сўзларига таяниб хабар бермоқда.
«Кейинги йилларда эса ушбу тармоқлар сони 8 тагача етказилади», деб қўшимча қилган агентлик бошлиғи.
13 июль куни ташкил этилган матбуот анжуманида агентлик томонидан таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида ҳам сўз борди.
Хусусан, кам таъминланган фуқароларга ташкил қилинган махсус жамғарма ҳисобидан имтиёзли стипендиялар ажратилиши йўлга қўйилгани таъкидланди. Шунингдек,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сонли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Агентлик филиаллари ҳузурида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга чиқаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталарни 20 фоизлик чегирма асосида сотишга ихтисослаштирилган махсус кассалар (ҳар бир вилоятда биттадан, бутун республика бўйлаб жами 14 та) ташкил этилди.
Анжуманда маълум қилинишича, шу кунгача қарийб 12,5 мингта фуқарога Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб боришларига ёрдам берилди.
«2018 йилнинг 6 ойи мобайнида Жанубий Кореяга 1243, Россия Федерациясига 513, Туркияга 241, Польшага дастлабки 5 нафар фуқаролар ишга юборилди», дейилади расмий баёнотда.
манба: Kun.uz
Кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финландия мусулмонлари жамияти имоми Рамил ҳазрат Беляев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Фин юртининг дин пешволари айни кунларда мамлакатимизда кенг нишонланаётган 16 ноябрь – "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, ўтган ойда Финляндия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга кўтаргани, айниқса, ижтимоий-иқтисодий, таълим, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, хусусан, ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияcининг Финландияга сафари жуда ҳам самарали кечганига урғу берилди.
Финландия делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасидаги ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув самимий руҳда ўтиб, томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати