Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалнинг онаси Марказий Осиёнинг Марв шаҳридан бўлиб, отаси Сарахсдан экани манбаларда қайд этилган. У 164/780-йил Бағдод шаҳрида туғилган ва 241/855-йилда шу ерда вафот этган ва “Боби ҳарб” номли қабристонга дафн этилган.
Ибн Ҳанбал яшаган Бағдод шаҳри илм-фан ривож топиш баробарида турли-туман эътиқодий қарашлар маркази ҳисобланиб, унинг илмий жиҳатдан камол топиши учун замин яратди.
У 183/799-йилгача Бағдодда таҳсил олгандан кейин илмини ошириш мақсадида Куфа, Басра, Макка, Мадина, Яман, Шом ва Жазоирга сафар қилади. Яна Бағдодга қайтиб, Имом Шофеъийнинг дарс ҳалқасида ўтириб, 195/811-йилгача фиқҳ, усулул-фиқҳдан таълим олган. Имом Аҳмад умрининг аксар қисмини ҳадис тўплашга бағишлади. Машҳур муҳаддислар, жумладан, Ҳушайм, Суфён ибн Уяйна, Иброҳим ибн Саъд, Жарир ибн Абдулҳамид, Яҳё ал-Қаттон, Вакиъ, Абдураҳмон ибн ал-Ҳудо ва бошқа устозлардан сабоқ олди.
Имом Аҳмад илк марта фиқҳ илмини ҳам ривоят, ҳам дироят асосида ўрганиш учун Абу Ҳанифанинг шогирди ва суҳбатдоши, Аббосийлар буюк давлатининг қозил-қузоти Имом Абу Юсуфдан таълим олди. Лекин ундан кўпроқ фиқҳни эмас, балки ҳадисни ўрганишга қизиқарди. Унинг ўзи “мен ҳадис ёзиб олган биринчи киши Абу Юсуф эди”, деган.
У хулафои рошидин фиқҳи, саҳобалар ва тобеин фиқҳи, шунингдек, Имом Шофеъийнинг фиқҳий услубини ўзлаштирди. Аҳмад ибн Ҳанбал ўз даврида "имомул-муҳаддисин” (муҳаддислар имоми) сифатида тан олиниб, унинг “Ал-Муснад” китобини тасниф қилиш орқали ниҳоятда катта ишга қўл урганлиги ўз даврида юксак баҳоланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал мўътазила ақидасига қарши бўлиб, Қуръонни яратилган деб эмас, балки қадим деб эътиқод қилди. Шу сабабли у халифа томонидан таъқиб остига олиниб, икки йил-у тўрт ой ҳибсда сақланди, таҳқирга учради ва 220/835- йили саройда қамчи билан саваланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадисшунослик бўйича катта шуҳрат қозонди. Бир гуруҳ машҳур муҳаддислар, жумладан, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож ундан илм олиб, ҳадис ривоят қилганлар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос фиқҳий қарашлари билан бошқа мазҳаб тарафдорларидан ажралиб турарди. Унинг эътиқодий қарашига биноан имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва бадан аъзолари билан амал қилишдир. Амал имоннинг жузъи бўлгани учун у кўпайиб-озаяди.
Гуноҳи кабираларга қўл урган киши ҳақидаги мўътазила қарашларига қарши туриб, бундай гуноҳни қилган киши мўмин эмас, деган фикрни рад қилади.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос услубга таянган ҳолда Ҳанбалий мазҳабига асос солди ва уни ривожлантиришда Маккада Ибн Аббос туфайли юзага келган илк ҳуқуқий мактабдан фойдаланди. У ўз мазҳабида Қуръон, Суннат, саҳобаларнинг сўзлари ва ижмосига асосий эътиборни қаратиб, қатъий зарурат сезмаган ҳолатлардан ташқари қиёсдан фойдаланмайди. Барча ҳадисларни, ҳатто хабари воҳид ва саҳобалар қавлини қиёсдан устун қўяди.
Ҳанбалий мазҳаби тарқалган минтақаларда раъй ва қиёсга катта эътибор қаратилмагани сабабли, одамларнинг манфаатини назарда тутган ҳолда барча ҳуқуқий муаммоларга ечим топа олмади ва бошқа мазҳаблар каби оммалашмади.
Имом Аҳмад ўзидан олдинги мазҳаблар ҳақида шундай фикр билдиради:
“Кимки динда тақлид йўқ деса, у Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.) наздида фосиқ бўлибди. Аҳли суннадаги мазҳаб эгалари биз фойдаланаётган илмни бизга етказишган. Бу улардан ҳадисларни олиб, суннатни ўргандик. Улар ишончли, эргашишга арзийдиган одамларнинг имомларидир. Улар сизлардан олдин бўлишган, шундай экан, уларнинг йўлидан юриб ўрганинглар ва ўргатинглар ".
18 аср ўрталарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1115/1703- 1201/1787) мазкур мазҳабнинг қаттиққўллик тамойилларидан фойдаланиб, ваҳҳобийлик экстремистик оқимига асос солди.
Мазкур тўрт мазҳабдан ташқари, мужтаҳид уламолардан бир қанчаси мустақил мазҳаб таъсис этиш ҳаракатида бўлганлар, лекин уларнинг асарлари тўлиқ таҳрирдан чиқмаганлиги ва барча ижтиҳодий фатволари мукаммал топланмаганлиги боис мустақил мазҳаб муассислари сифатида эътироф этилмай қолганлар. Лекин уларнинг айрим фиқҳий масалалар бўйича билдирган фикр-мулоҳаза ва фатволари айрим ислом манбаларида келтирилган. Шундай мужтаҳидлардан Ҳасан Басрий, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаий, Имом Бухорий, Омир аш-Шаъбий, Авзоий, Абу Сулаймон аз-Зоҳирий, Абу Жафар ат-Табарий ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Манбалар асосида тайёрланди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Абдурашидов Муҳаммаднур
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари