Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалом алайкум! Агар банда куфр сўзни айтса кофир ёки муртад бўладими? Диндан чиққан бўладими? Кейин тавба қилса, қабул бўлмайдими? Уларнинг тавбалари қабул қилинмайди деб эшитганман. Ширк кечирилмайди деб эшитганман. Фақат Аллоҳ кечиришини умид қилиш керак дейишади. Юқоридаги гуноҳ ҳам шу қатордами. Қуръонда аниқ кечирилмайди дейилганку. Ширкдан ташқари қолган ҳамма гуноҳлар ғар-ғара келмагунича кечирилади дейилганку. Нега Аллоҳ аниқ кечирмайман деганда умид қилиш керак дейсизлар. Умрининг oхиригача тавба қилиб, ибодатда, яхши амаллар билан ўтқазсаю, қабул бўлмасачи. Гапларим учун узр сўрайман. Менда умид қолмади. Лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ҳадисларида «Қалбида заррача иймони бор киши Жаннатга киради» деб марҳамат қилганларку. Қилган гуноҳи учун дўзаҳда жазоланиб кейин кечирилади дейилганку. Бу ҳадис юқоридаги гуноҳларни қилган бандаларга тегишли эмасми. Домлалар маърузаларда жуда қаттиқ гапиришади. Бундай гуноҳларни қилган бандалар энди нима қилса қилаверсин. Раҳмат
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар тавба қилса Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилгувчи зот, албатта қабул бўлади. Ширкдан бошқа гуноҳлар тавбасиз ҳам кечирилади. Ширк гуноҳи эса тавбасиз кечирилмайди. Сиз ҳаргиз ноумид бўлманг.
Савол: Ассалому алайкум устозлар Намоз ўқийдиган жойда катта ойна турган бўлса одамни ўзини акси кўриниб турган ҳолатда намоз ўқийверса бўладими?
Жавоб: Ва алайум ассалом. Бошқа жойда ўқиш керак.
Савол: Ассаламу алайкум! Ота-она қиз фарзандини турмушга узатганидан кейин ундан молиявий ёрдам ёки ҳадялар кутиши жоизми ва қиз фарзанднинг ота олдидаги бурчлари ва фарзларини айтиб берсангиз илтимос?!!!
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Қизини турмушга узатгач, агар ота-она камбағал, муҳтож бўлиб, қиз ўзининг шахсий (эриники бўлмаган) мулки бўлса ва ота-онанинг бошқа ўғил фарзанди бўлмаса ёки ўғил фарзанди ҳам фақир бўлса, албатта, қиз ота-онасига моддий ёрдам бериб, таъминлаши керак. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади. Агар ота-она муҳтож бўлмаса, қизидан ҳеч қандай моддий ёрдам кутмаслиги керак. Ҳадя бу ихтиёрий нарса, кутадими, кутмайдими, қиз хоҳласа қилади, бўлмаса йўқ. Лекин имкони бор ўғил-қизлар ота-она ва яқинларига ҳадя улашиб туришлари катта савобли ишдир. Моддий ёрдамга муҳтож бўлмаган ота-онани қиз фарзандлари ҳам турмуш ўртоғи рухсати билан кўп куттирмаган ҳолда бир ҳафта-икки ҳафтада бир зиёрат қилиб туриши керак. Албатта, бу эрини уйи билан ота-онасининг уйи оралиқ масофаси яқин кишиларга оид гап. Узоқ бўлса, шароитга қараб, телефон орқали тез-тез ҳол сўраб, имкон топиши билан келиб зиёрат қилиб туриши керак. Сизга бу мавзуда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Яхшилик ва силаи раҳм” номли китобини ўқиб олишни тавсия қиламиз.
Барча жавобларга ўтиш тугмаси.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади?
“Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.
Зулҳижжа ойи қандай ой?
Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.
Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга?
Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ойда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп айтардилар: “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр” (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД