Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.
Очиқ чеҳрали, босиқ, вазмин одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.
Асаб толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.
Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.
Парда ЖЎРАев,
кардиолог
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
﴿اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ﴾
«Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир. (Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир» (Нур сураси, 35-оят).
Зайтун инсон организми учун жуда фойдали ҳисобланади. Ундаги Е моддаси инсоннинг тез қаришини олдини олади. Зайтун дарахтининг баргларидан қон босимини олдини олувчи дорилар тайёрланади. Шунингдек, зайтунни ошқозон шиллиқ пардаларининг яллиғланишига қарши, организмни тозалаш, барча ичак дардларини, соч тўкилиши, буйрак, ўт, қовуқ тошларини тушиширишда ва бошқа кўплаб касалликларни даволашда самарали фойда беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ёғ (Зайтун) истеъмол қилинглар ва уни ўзингизга суртинглар. Чунки у муборак дарахтдан (олинган)дир” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Зайтуннинг кўк мевалисидан олинган ёғ энг яхшиси бўлиб, табиати совуқ ва қуруқдир. Пишмаган мевасидан олингани ҳам шундай. Аммо сал буриштирувчироқдир. Қора мевасидан олингани қуруқ ва иссиқ ҳисобланади. Қизилининг мевасидан олинган ёғ совуқ ва қуруқ бўлиб, мўътадилга яқинроқдир.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли