Жаҳон фани учун Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар қаторида фақиҳларнинг меросини ўрганиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда ислом ҳуқуқи тарихий-маънавий мерос сифатида баҳоланиб, уни илмий ўрганиш жараёни бошланган. Мазкур жараёнда мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг жаҳон ҳуқуқий тафаккури тараққиётига қўшган ҳиссасини нечоғлик аҳамиятли эканини атрофлича чуқур тадқиқ қилиш давр талабига айланди. Бу борада Марказий Осиёдаги фақиҳлар фаолияти, ҳанафий мазҳабининг юртимизда ривожланиш тарихи ҳамда уни ўрганишга бағишланган айрим комплекс ишларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, фақиҳларнинг ҳуқуқий қарашлари фақат улар яшаб ижод этган давр учунгина хос бўлиб қолмасдан, ҳозирги даврда ҳам ўз илмий қийматини йўқотган эмас. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар ислом оламининг бошқа минтақаларида ҳам эътироф этилган бўлиб, улар томонидан таълиф этилган фиқҳий асарлар ҳозирги кунда ислом оламининг нуфузли илм даргоҳларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма вазифасини ўтамоқда. Бу эса ўз навбатида Мовароуннаҳр фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашув лозимлигини кўрсатади.
Юртимизда фиқҳ илми ривожланган марказларни минтақавий жиҳатдан тадқиқ этиш ўзига хос бир йўналиш бўлса, йирик фақиҳлар ҳаёти ва илмий меросларини махсус ўрганиш яна бир бошқа сермаҳсул ёндашув ҳисобланади. Мовароуннаҳрлик йирик фақиҳлардан бири Маждуддин ал-Уструшаний (577-637/1180-1240 йилдан кейин)нинг ҳаёти, ижоди ва аллома яшаган даврни илмий ўрганиш долзарб масалалардан биридир.
Мовароуннаҳр минтақасида фиқҳ илми тарихи ва фақиҳлар фаолияти бўйича Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди. Минтақанинг нуфузли марказларидан бири бўлган Самарқанддаги мазкур илм ривожини ёритишда асосан унинг кўзга кўринган вакили Бурҳонуддин ал-Марғиноний ҳаёти ва ижодига эътибор қаратилади. Унинг шогирди Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний фаолияти ва илмий мероси ҳам тадқиқотчилар эътиборидан четда қолмади. Бир қатор олимлар фақиҳнинг таржимаи ҳолини тарихий-биографик асарлар маълумотларига таянган ҳолда бир оз ўрганганлар. Аммо Маждуддин ал-Уструшанийнинг ўз асарларида берилган қимматли автобиографик маълумотлар эса тадқиқотчилар диққат эътиборидан четда қолди.
Алломанинг кўп сонли асарларидан биргина «Жомиъ аҳком ас-сиғор» чоп этилган бўлса-да, у ҳозиргача етарлича тадқиқ қилинмаган. Шуни ҳам айтиш лозимки, ушбу нашрларни амалга оширишда маълум текстологик хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бир гуруҳ саудиялик тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-фусул» асаридан муайян бўлакларни илмий жиҳатдан чегараланган, фақат замонавий шариат илмлари доирасида таҳлил этиб, тадқиқот олиб бордилар. Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихига бағишланган умумий хусусиятдаги тадқиқотларда Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва баъзи асарларигина зикр этиб ўтилади. Аммо юқорида кўрсатилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ҳаёти, илмий мероси ва алломанинг Мовароуннаҳр маданияти тарихида тутган ўрни масалалари комплекс равишда махсус тадқиқ этилмаган.
Алломанинг тўлиқ номи Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний бўлиб, у XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. Олим Уструшанада туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Маждуддин ал-Уструшанийнинг ҳаётлик даври Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади. Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий меросини ўрганиш орқали мўғуллар истилосидан кейинги дастлабки йиллар жамиятда фақиҳларнинг ўрнини белгилашга тааллуқли масалаларга ойдинлик киритишга имкон яратилади.
Шарқ мусулмон мамлакатларида яратилган табақот туркумидаги манбаларда Муҳаммад ибн Маҳмуд Маждуддин ал-Уструшаний илмий-маънавий мероси ҳақида умумий маълумот бериб ўтилган. Жумладан, Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (ваф. 775/1373 й.), Ҳожий Халифа (ваф. 1067/1657 й.), Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий (ваф. 1304/1886 й.) ва Хайруддин аз-Зириклий каби биографларнинг асарларида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг таржимаи ҳоли ва унинг икки асари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Туркиялик Аҳмед Узел ўз тадқиқотида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний илмий мероси тўғрисидаги қисқа маълумотларни баён этган. Яна бир туркиялик олим Холит Унал эса Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг қисқача таржимаи ҳоли ва унинг «ал-Фатово» асари бўйича дастлабки маълумотларни келтирган.
Хорижий Шарқ мусулмон мамлакатлари замонавий тадқиқотчилари Абдулҳамид Абдулхолиқ ал-Байзалий, Абу Мусаб ал-Бадрий ҳамда Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмуним кабилар Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарини янгидан нашр қилганлар. Саудиялик Фаҳд ибн Носир ибн Фаррож ал-Фаридий, Абдурраҳмон ибн Усмон ал-Муршид, Сулаймон ал-Хамис каби тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-Фусул» асари асосида тадқиқот иши олиб борганлар.
Тадқиқотчи А.Мўминов ўзининг номзодлик диссертациясида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий меросига қисқача тўхталиб ўтган. Ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлардан М.Комилов, О.Қориев, А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж.Юсупова кабилар ўз тадқиқотларида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг отаси ҳақида қисқа маълумот берганлар.
Аммо юқорида зикр этилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг ҳаёти ва унинг илмий мероси комплекс равишда тадқиқ қилинмаган. Уларнинг изланишларида алломанинг исмигина таъкидлаб ўтилган бўлиб, уларнинг бош илмий мақсади Маждуддин ал-Уструшанийнинг асари матнини нашр этишдан иборат бўлган.
Европалик шарқшунослар томонидан Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлар амалга оширилмаган. Фақат биргина Карл Броккельман (Германия) Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий мероси ҳақида умумий тарздаги мухтасар маълумотларни келтириш билан кифояланган, холос.
Кўриниб турибдики, Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва мероси ҳақидаги маълумот етарли эмас. Аммо тадқиқот жараёнида олимнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалардан бирида унинг замона илмий жамоатчилиги эътиборидан четда қолиб келаётган «ал-Асъила ва-л-ажвиба» («Саволлар ва жавоблар») асари мавжудлиги аниқланди. Бу асар ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган. Асар бизга аллома ҳаёти ҳақида тамомила янги маълумотларни берди. Натижада аллома ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар бир томондан ойдинлашса, иккинчи томондан, янада чигаллашди. Гап шундаки, мавжуд манба ва тадқиқотларда Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган эди. Аммо олимнинг ўзи «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарининг хотима қисмида шундай ёзган: «...Лекин кунлар 60 ёшли оқсоқ кампир сингари ўз ёпинчиғига ўралиб, мендан юз ўгириб кетди. ...Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг зу-л-қаъда ойининг олтинчи куни пешиндан олдинроқ ёришди».
Агар мазкур ахборот инобатга олинса, олим ҳижрий 637/1240 йилда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Демак, Маждуддин ал-Уструшанийнинг бошқа мавжуд манбаларда кўрсатилган 632/1234-35 йилдаги вафоти нотўғри бўлиб чиқади. Агарда олим ушбу асарини 637/1240 йил 28 майда 60 ёшида тугатган бўлса, демак, унинг туғилган санасини 577/1180 йил атрофида деб фараз қилиш мумкин. Яъни асар ёзиб тугатилган санадан 60 ёшни чегириб ташланса, олимнинг туғилган йили ойдинлашади. Аммо олимнинг вафот санаси номаълумлигича қолмоқда. Биз юқоридаги маълумотларга таяниб, Маждуддин ал-Уструшаний тахминан 637/1240 йилдан сўнг вафот этган дейишимиз мумкин.
Аллома ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: «Ўзимни мураккаб масалаларни мутолаа қилишга ва дақиқ (нозик) далилларни мушоҳада этишга ўргатиб, тасниф этилган ажойиб китоблардан баҳраманд бўлишга ва аҳком соҳасида таълиф этилган ҳалол ва ҳаром нималиги баён қилинган асарлардан тўғри йўл излаб топишга ҳимматимни жалб қилдим».
Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн Маждуддин ал-Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини «Китоб ал-фусул», «Жомиъ аҳком ас-сиғор», «ал-Фатово», «ал-Қуруд ва-д-дуюн» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» каби асарлари ташкил этади.
Маждуддин ал-Уструшанийнинг илмий дунёқараши шаклланишида оилавий муҳитнинг аҳамияти салмоқли бўлган. Олим бир неча авлод фақиҳлар сулоласининг давомчиси бўлган, дейиш мумкин.
Зеро, манбалар унинг бобоси Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ўқимишли ва зиёли оилада тарбия топганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Аллома XII асрда Уструшанада яшаб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Отаси Маҳмуд ўз замонасида «Жалолуддин» («Дин улуғлиги») деган шарафли унвонга сазовор бўлади. Амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ҳам фақиҳ бўлиб, «Китоб ал-фатово» номли фиқҳий асар таълиф этган. Аллома ўзининг амакиси ҳақида «Китоб ал-фусул» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарларида маълумотлар келтиради. Муаллиф ўз асарларида амакисининг фикрларидан кенг фойдаланган.
Онасининг бобоси «Шамс ал-аимма» («Имомлар қуёши») шарафли унвонга ва тоғаси Муҳаммад ибн Аҳмад эса «Шамсуддин» («Дин қуёши») лақабига эга бўлганлари ҳақидаги маълумотлар манбалар асосида аниқланди. Шунингдек, Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг ўзи муфтий бўлган ва ўз замонасининг мужтаҳид олимларидан ҳисобланган.
Олимнинг илк устози – ўз отаси фақиҳ Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний бўлган. Мавжуд манбаларда унинг исми «Соҳиб ал-фусул»нинг отаси ёки Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг шогирди сифатида зикр этилиши, унинг шаънига қисқача мадҳ битиш талабга айлангани унинг илм аҳли орасида катта обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлганидан дарак беради. Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшанийнинг «ал-Фавоид» номли фиқҳий асар ёзганлиги маълум.
Тадқиқотчи Одил Қориев «Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос» рисоласида алломага қуйидагича таъриф беради: «Жалолуддин Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Фарғона вилоятида таваллуд топган. Фиқҳ илмида Бурҳонуддин ал-Марғинонийдан таълим олган. Кейинчалик ўзи ҳам Шайхулислом, Жалолуддин ва Бурҳонуддин каби шарафли номларга эга бўлган». Тўғри, Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний фиқҳ илмида Бурҳонуддин ал-Марғинонийдан таълим олган. Лекин Одил Қориев таъкидлаганидек, Фарғонада эмас, балки Уструшанада таваллуд топган.
Аллома ҳақида А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж. Юсупова «Бурҳониддин Марғиноний: ҳаёти ва илмий мероси» рисоласида Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг авлодларидан бўлган, деб таъриф берилган. Аммо манбаларда Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг фақат шогирди сифатида тилга олинади, холос.
Музаффар Комилов ўзининг «Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи ва фақиҳ Алоуддин ас-Самарқандий» тадқиқотида «Мовароуннаҳр фақиҳи Бурҳонуддин Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний вафоти тахминан XII аср» деб таъриф беради.
Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний ҳақида аниқ маълумотни унинг ўғли қаламига мансуб «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг хотимасидан олиш мумкин: «Отам Шайх ал-имом ал-муттақий Жалол ал-милла ва-д-дин муфтий ал-умма Маҳмуд ибн шайх ал-имом ал-ажал ал-кабир мажид ал-милла ва-д-дин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад, отамнинг умрини узоқ қилсин ва отасини раҳмат қилсин...».
Юқоридаги маълумотга таяниб, Маждуддин ал-Уструшанийнинг бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний олим ўз китобини ёзиб тугатганида вафот этган, отаси Маҳмуд ибн Ҳусайн эса ҳаёт бўлган, деб хулосалаш мумкин.
Муаллиф «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг тугалланган санасини асарнинг хотима қисми сўнгида ёзиб қўйган: «Ушбу китоб таълиф ва таҳриридан 625 ҳижрий йил шаъбон ойининг 24-кунида фориғ бўлдим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билувчироқдир ва Унинг ҳузурига қайтишлик ҳақдир».
Демак, Маждуддин ал-Уструшаний ўзининг бу асарини 625/1228 йил 28 июлда тугатган вақтида бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний вафот этган ва отаси Маҳмуд эса ҳаёт бўлган. Юқоридаги маълумотларга таяниб, биз Маҳмуд ибн Ҳусайн 625/1228 йилдан кейин Самарқандда вафот этган, деб хулоса қилишимиз мумкин.
Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг оиласи Самарқандга қачон кўчиб келгани тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолиб келган. Ушбу масала ҳақидаги муҳим маълумотни Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида қуйидагича келтиради: «аш-Шайх ал-имом аз-зоҳид Жалолуддин «Фусул» ва «Жомиъ аҳком ас-сиғор» муаллифининг отаси Маҳмуд ибн шайх Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳусайний ас-Самарқандий (ваф. 556/1161 й.)нинг «Мултақат фи ал-фатово» асарини 603/1207 йилда Уструшанада тажнис қилиб (яъни тартибга солиб қисмга ажратмоқ), 616/1219 йилда Самарқандда имло қилди».
Бу маълумотдан шундай хулоса қилиш мумкинки, Маждуддин ал-Уструшанийлар оиласи 603/1207 йилгача Уструшанада яшаган. Самарқандга эса 603/1207 ва 616/1219 йиллар орасида кўчиб келиб, шу ерда муқим яшай бошлаган. Бу вақтда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний 27 ва 39 ёш оралиғида бўлган.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
I.КИРИШ
Давлат даражасидаги ҳар қандай расмий нутқ икки қатламли интеллектуал архитектурадан иборат. Биринчи қатлам — ташқи мазмун: бунда бунёдкорлик ишлари, эришилган ютуқлар ва навбатдаги марралар баён этилади. Иккинчи қатлам — стратегик нарратив: бу хабарнинг ички қуввати бўлиб, унинг аниқ аудиторияга йўналтирилганини, мафкуравий заминини ва пировард мақсадини белгилайди. Стратегик нарратив кўзга яққол ташланмаса-да, у ташқи мазмунни ҳаракатга келтирувчи, унга ҳаётбахш маъно ва йўналиш берувчи ички драйвер ҳисобланади[1].
Замонавий сиёсий коммуникацияни, айниқса, у кўп қиррали аудиторияга мўлжалланган бўлса, ушбу икки қатлам ўртасидаги нозик мувозанатни англамай туриб таҳлил қилиб бўлмайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси маркази очилишидаги нутқи ана шундай кўп қатламли матннинг намунасидир. Бир қарашда одатий маросимдаги баёнотдек туюлса-да, мазмунан бу нутқ миллий идентификация, халқаро майдондаги позиционаллашув, диний легитимлик ва ички маънавий миссия масалаларини бир вақтда, яхлит риторик тузилмада бирлаштиради.
II.КЎП ҚАТЛАМЛИ НАРРАТИВ: ТЎРТ АУДИТОРИЯ, ТЎРТ ХАБАР
Сиёсий коммуникация назариясида «аудиторияни манзиллаш» (audience targeting) тушунчаси нутқнинг турли тингловчи гуруҳларига бир вақтнинг ўзида, бироқ ҳар бирига ўзига хос тилда мурожаат қилиш қобилиятини англатади[2]. Бу мураккаб санъат бўлиб, ҳар бир аудиторияга тегишли хабарни етказиш билан бирга, умумий матннинг ички изчиллигини сақлашни талаб этади.
Президент нутқи давомида камида тўртта алоҳида аудиторияга мурожаат қилади ва уларнинг ҳар бири учун алоҳида нарратив кодланган. Ушбу хабарлар бир-бирига зид келмай, аксинча, бир-бирини тўлдиради ва яхлит тизимни ҳосил қилади.
2.1. Ички диний аудиторияга нарратив
Нутқнинг диний аудиторияга қаратилган қатлами унинг энг кўп ўйланган ва энг нозик ишланган қисмидир. Чунки диндор қатлам маросимнинг бирламчи тингловчиси ҳисобланади: Муборак Рамазон ойидаги ифторлик кечаси ҳамда Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида сўзланган нутқ ўз-ўзидан диний контекст билан ҳамоҳанглик касб этади.
Давлат раҳбари ўз нутқида марказнинг Мирзо Улуғбек дарвозаси пештоқига ёзилган оятга алоҳида тўхталди:
«Шу боис, Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг «Иқро!» — яъни, «Ўқи!» деган муборак оятини муҳрлаб қўйдик»[3].
«Иқро!»[4] — Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган биринчи ваҳийси. Уни пештоққа ёзиш бинонинг бутун миссиясини белгилайди: марказдаги экспозиция, тадқиқот ва таълим жараёнлари ана шу илоҳий буйруқнинг амалий ифодаси сифатида талқин қилинади. Ислом тарихида илм ва ибодат ҳеч қачон бир-биридан ажратилмагани — «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир[5]» ҳадиси орқали ўз ифодасини топган. Марказ архитектурасида бу анъана визуал тилда намоён бўлмоқда.
Шунингдек, нутқда дунёдаги энг қадимий нусхалардан бири — Усмон мусҳафига алоҳида ўрин берилади:
«Мана шундай ноёб ва муқаддас Усмон Қуръонининг илоҳий шарофати билан юртимиз доимо тинч-осойишта бўлсин, ҳаётимиз қут-баракага тўлсин, деб дуо қиламиз».
Бу ибора тадбирнинг табиатини сиёсий доирадан маънавий мақомга кўчиради. Усмон мусҳафи Марказ учун тарихий артефакт бўлиши билан бирга, ислом уммати учун муқаддас омонатдир. Уни Ўзбекистонда сақлаш ва Марказнинг «қалби» деб аташ мамлакатимизнинг ислом дунёсидаги маънавий масъулиятини рамзий жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Таъкидлаш ўринлики, нутқ оддий маросимда эмас, балки Рамазон ойининг ифторлик кечасида сўзланмоқда. Рамазон — покланиш, сабр ва маънавий юксалиш ойи. Бу ойда эълон қилинган ҳар қандай йирик иш диний аудитория учун қўшимча рамзий оғирлик касб этади. Нутқда бу контекст очиқ тан олинади: «Меҳр-оқибат ва эзгулик рамзи бўлмиш Рамазон ойида ҳаммамиз биргаликда кўплаб савобли ишларни амалга оширмоқдамиз.»
Ушбу нутқда давлат ва дин муносабатларидаги позицион ўзгаришни ҳам сезиш мумкин. Бу — янги даврнинг расмий декларацияси бўлиб, у бевосита айтилмаса-да, контекстни англайдиган тингловчига аниқ кўринади.Ўзбекистон яқин йилларгача дин билан мураккаб ва баъзан зиддиятли муносабатда бўлди. Эндиликда давлат ўз тарихининг мураккаб ва зиддиятли босқичларини ортда қолдириб, бугун динни миллий ўзликнинг узвий қисми сифатида қабул қилиш йўлини танлади. Ўзбек сиёсатшунос олими Камолиддин Раббимов ушбу Марказга танланган ном ҳақида фикр билдираркан, буни глобаллашган дунёда энг кучли ва энг жиддий омил ҳисобланадиган ўзлик муҳофазаси билан боғлади. «Давлат томонидан Ўзбекистондаги энг тарихий, чуқур ва катта ўзлик – исломий ўзликка урғу берилиши тарихий жасоратдир», — дейди сиёсатшунос.[6]
Давлат келгусида ислом цивилизациясининг нафақат ҳимоячиси, балки фаол тикловчиси ва тарғиботчиси сифатида гавдаланмоқда. Хусусан, нутқдаги: «Марказда муқаддас динимизнинг эзгу қадриятларини асраб, диний-маърифий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлди», — деган сўзлар ушбу ҳомийликнинг амалий тасдиғидир. Сўнгги йилларда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши ҳам ушбу стратегик йўналишнинг қисмлари ҳисобланади[7]. Бундай ўзгариш уламолар, диндор зиёлилар ва бутун халқ учун нутқнинг энг умидбахш хабари бўлиб хизмат қилади.
2.2. Миллий-интеллектуал аудиторияга нарратив
Нутқнинг миллий-интеллектуал аудиторияга йўналтирилган қатлами бошқа қисмлардан ўзининг теран тарихий узвийлиги билан ажралиб туради. У деярли минг йиллик даврни яхлит бир тизимга бирлаштириб, ўтмиш ва бугун ўртасида мустаҳкам маънавий кўприк ҳосил қилади.
Ушбу тарихий силсиланинг ҳар бир ҳалқаси буюк бир ном билан боғлиқ: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Фарғоний. Бу сиймоларнинг ҳар бири ўз соҳасининг юксак чўққисини ифодалаш билан бирга, Ўзбекистон заминининг интеллектуал ва маънавий қудратини намоён этади.
Нутқда алломаларни тақдим этишда ўзига хос ёндашув кузатилади: улар бир вақтнинг ўзида уч хил идентификация орқали намоён бўлади.
Биринчидан, ислом цивилизациясининг муносиб фарзандлари. «Аниқ ва табиий фанлар соҳасида ўз кашфиётлари билан жаҳонни ҳайратга солган улуғ олимларимиз асарлари ҳам исломий муҳит бағрида вужудга келган. Дунёга машҳур бу китоблар «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деган илоҳий сўзлар билан бошлангани уларнинг муқаддас динимиздан илҳом ва куч олиб яратилганини билдиради». Ушбу ибора алломаларнинг илмий меросини диний контекстга органик равишда жойлаштиради. Шу билан бирга, илм ва дин ўртасида бор деб иддао қилинадиган сунъий зиддият ҳамда сохта дихотомияга (қарама-қаршиликка) ўрин қолдирмайди.
Иккинчидан, ўзбек миллий меросининг вакиллари. «Бизнинг юртимиз», «аждодларимиз», «халқимизнинг ақл-заковати» каби иборалар алломаларни миллий ўзликнинг ажралмас қисмига айлантиради.
Учинчидан, инсониятнинг умумий интеллектуал хазинаси. «Жаҳонни ҳайратга солган кашфиётлар» урғуси ушбу шахсларни миллий доирадан глобал миқёсга олиб чиқади. Мазкур уч қатламнинг параллел ишлаши тингловчида ўзини бир вақтнинг ўзида мусулмон, ўзбек ва жаҳон цивилизациясининг вориси сифатида ҳис қилиш имконини беради. Муҳими, бу учлик ўртасида ҳеч қандай ички низо туғилмайди.
Миллий-интеллектуал нарративнинг кулминацион нуқтаси — «Учинчи Ренессанс» формуласидир. Бу тушунча Марказ экспозиция залларининг номларида ҳам ўз аксини топган: «Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр», «Биринчи ва Иккинчи Ренессанс», «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори». Демак, Марказнинг бутун ғоявий архитектураси айнан шу консепсия атрофида қурилган.
Ушбу формула тарихий параллелликни юзага келтиради. Бу параллеллик тингловчига ҳам тарихий ғурур («шундай буюк ўтмиш ворисимиз»), ҳам тарихий масъулият («яна шундай буюкликни тиклашга мажбурмиз») ҳиссини юклайди.
Зиё аҳли — тарихчилар, олимлар ва тадқиқотчилар учун бу формула катта резонанс уйғотади. Улар ўтмишдаги Ренессанслар қандай шароитда гуллаб-яшнаганини ва нима сабабдан инқирозга юз тутганини теран англайдилар. Шу боис, Учинчи Ренессанс ҳақидаги ҳар қандай баёнот табиий равишда савол туғдиради: бугунги илмий-ижтимоий муҳит ўша даврдаражасидами?
Саволнинг мавжудлиги формуланинг ҳам кучини, ҳам масъулиятини белгилайди. Унинг кучи — миллий амбицияни уйғотиб, халқни йирик мақсад йўлида бирлаштиришида. Масъулияти эса шундаки, Ренессансни шунчаки фармон билан эълон қилиб бўлмайди — у табиий равишда вужудга келиши керак.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳукмдорлар режаси эмас, балки олимларнинг эркин ва ижодий изланишлари маҳсулидир.
Учинчи Ренессанснинг ҳақиқатга айланиши учун бир неча зарурий шартлар мавжуд: энг аввало, эркин илмий муҳит. Интеллектуал ва методологик эркинлик — тараққиётнинг асл пойдеворидир. Аждодларимиз ғайриоддий саволлар бериш ва янги усуллар кашф этишдан қўрқмаганлар. Сўнг, илм ва маънавият бирлиги: алломалар ўз кашфиётларини Яратганни таниш воситаси деб билганлар. Ибн Синонинг ибодати ва Берунийнинг эътиқоди илм билан зид келмаган, аксинча, уни бойитган. Бу ҳамоҳанглик бугун ҳам ҳаётий заруратдир. Шунингдек, авлодлар узвийлиги — тарихий “устоз-шогирд” анъанасининг тикланиши. Марказ шунчаки экспонатлар сақланадиган музей эмас, балки тирик билим ўчоғига айланиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу шартларни амалга оширишда бевосита масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин ва бунинг учун етарлича имкониятларга ҳам эга. Эркин илмий муҳитни қувватлаш, илм ва амал бирлигини шахсий намуна орқали кўрсатиш, диний таълим тизимида устоз-шогирд анъанасини давом эттириш — буларнинг барчаси бугунги кунда диний идора тизимидаги таълим даргоҳларини қолган таълим муассасаларидан ажратиб турувчи устувор фарқидир.
2.3. Халқаро аудиторияга нарратив
Халқаро аудитория билан мулоқот — сиёсий коммуникациянинг энг нозик қирраси ҳисобланади. Ички аудиторияга мурожаатда нутқ муайян маданий кодларга, умумий тарих ва муштарак қадриятларга таяниши мумкин. Ташқи дунё билан алоқада эса бундай умумий замин кўпинча мавжуд эмас, ҳар бир давлатнинг ўз манфаатлари, ўзига хос идрок филтрлари ва мулоқотдан кутилмалари бор. Шу боис халқаро нарратив универсал тил топишни, умуминсоний қадриятларга таянишни ва турли маданий контекстларда бир хил тушунилишни талаб этади.
Ушбу нутқ халқаро майдон учун мўлжалланган учта параллел йўналишни муваффақиятли бирлаштирган: халқаро эътирофга эришиш, универсал қадриятларни илгари суриш ва глобал ҳамкорлик тизимига интеграциялашув.
Нутқдаги «жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди» деган ибора стратегик аҳамиятга эга. Бу халқаро легитимацияни ички аудиторияга намойиш этиш ҳамда халқаро ҳамжамиятга «сиз аллақачон ушбу жараённинг иштирокчисиз» деган ишорани беришдир.
Сиёсатшуносликда бу механизм «ижтимоий исбот» (social proof[8]) деб аталади. Бошқалар томонидан маъқулланган ташаббусга қўшилиш табиий эҳтиёжга айланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси тилга олиниши лойиҳага глобал миқёсдаги мақом беради. Рўйхатда келтирилган Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, БАА, Россия, Туркия, Германия, Италия каби давлатлар бир нечта йирик геосиёсий блокни бир лойиҳа атрофида бирлаштиради.
Ушбу рўйхатнинг риторик кучи унинг қамровидадир. Одатда манфаатлар тўқнашуви марказида турадиган Россия ва АҚШ, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон ёки Хитой ва Франция каби давлатларнинг бир вақтда тилга олиниши «Ислом цивилизацияси» тушунчасининг очиқ ва бирлаштирувчи майдон эканини исботлайди.
Халқаро аудитория учун энг тушунарли восита — универсал қадриятлар тилидир. Нутқда қўлланилган «илм», «маърифат», «цивилизациялар диалоги», «бағрикенглик» ва «гуманизм» тушунчалари ҳар қандай маданий муҳитда ижобий қабул қилинади.
Айниқса, «цивилизациялар диалоги» ибораси Самуел Ҳунтингтоннинг «цивилизациялар тўқнашуви» назариясига конструктив муқобил сифатида хизмат қилади. Ифторлик маросимида турли миллат ва диний конфессия вакилларининг иштирок этиши ушбу диалогнинг абстракт ғоя эмас, балки тирик ҳаётий тажриба эканини кўрсатади. Ўзбекистон цивилизациялараро мулоқотни эълон қилибгина қўймай, уни амалда жорий этаётган давлат сифатида намоён бўлади.
«Бағрикенглик» ва «гуманизм» тушунчалари ҳам махсус кодланган. Ғарб ҳамкорлари буни демократик принциплар билан боғласа, Ислом дунёси вакиллари динимизнинг асл моҳияти — раҳмат ва адолат эканини англайди. Шундай қилиб, битта ибора икки хил аудиторияда ижобий ассоциацияларни уйғотади.
Марказнинг халқаро интеллектуал тизимга интеграциялашуви келгуси стратегиянинг асоси сифатида кўрсатилган. ICESCO, IRCICA, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва TURKSOY каби ташкилотлар учун офислар ташкил этилиши Марказнинг халқаро мақомини мустаҳкамлайди.
Ушбу интеграциянинг стратегик вазни ниҳоятда катта. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик Ўзбекистонни глобал академик исломшунослик харитасига жойлаштиради. ICESCO орқали Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим ва фан тизимига кириш таъминланади. TURKSOY эса туркий халқлар маданий бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби кўп томонлама ҳамкорлик Ўзбекистонни бир вақтнинг ўзида Ғарб академик доиралари, Ислом ҳамжамияти ва Туркий дунё марказига айлантиради.
Халқаро нарративнинг туб қатламида Ўзбекистон имиджини тубдан қайта шакллантириш жараёни ётибди. Узоқ йиллар давомида мамлакат ташқи дунё учун ёпиқ ва изоляцияга мойил давлат сифатида гавдаланган эди. 2016-йилдан кейинги ислоҳотлар — чегараларнинг очилиши ва иқтисодий либераллашув, халқаро ҳамкорлик ва очиқ дипломатия бу кўринишни парчалай бошлади. Лекин имидж ўзгариши учун фақатгина сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар етарли бўлмайди, у маданий-интеллектуал асосга ҳам эҳтиёж сезади.
Ислом цивилизацияси маркази айнан шу асосни яратади. У халқаро ҳамжамиятга янги бир портретни тақдим этади: Ўзбекистон — минг йиллик интеллектуал анъана эгаси, Беруний ва Ибн Синоларни етиштирган ва бугун ана шу меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштираётган мамлакат. Бу нарратив иқтисодий кўрсаткичлардан кўра кучлироқ таъсир қилади, чунки у инсон ҳиссиётига ва маданий қизиқишига мурожаат этади.
Жосепҳ Най таърифлаган «юмшоқ куч» (soft power) тушунчасига кўра, энг самарали таъсир ўтказиш воситаси пул ёки қурол эмас, балки ўзига жалб қилиш қобилиятидир[9]. 2025-йилнинг ўзида минглаб халқаро меҳмонлар, президентлар ва олимларнинг ташриф буюриши ушбу «юмшоқ куч»нинг самарали ишлаётганидан далолат беради.
Шу маънода халқаро нарративнинг ҳаётийлигини таъминлашда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро фаолияти — хорижий диний муассасалар билан ҳамкорлик, халқаро илмий анжуманларда иштирок, чет тилларида илмий нашрлар — ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Марказ инфратузилма бўлса, уни интеллектуал мазмун билан тўлдириш — уламоларнинг шарафли вазифасидир.
2.4. Ислом дунёсига йўналтирилган нарратив
Ислом дунёси — ўзига хос ранг-барангликка, бой теологик мактаблар ва маданий анъаналарга эга улкан маънавий-геосиёсий макондир. Ушбу ҳудуднинг ҳар бир бўлаги ўз тарихий тажрибаси ва илмий салоҳияти билан ислом цивилизациясининг умумий тараққиётига ҳисса қўшиб келади. Бундай мураккаб майдонда Ўзбекистоннинг ўз ўрнини намоён этиши одатий сиёсий-дипломатик вазифа эмас, балки чуқур теологик ва тарихий пойдеворни талаб қиладиган жараёндир. Мазкур нутқ ислом дунёсига қаратилган нарративда айнан шу асосни мустаҳкамлаш вазифасини бажаради ва учта параллел йўналишда ривожланади: тарихий ворисликни тасдиқлаш, замонавий ислом оламида ўзига хос нишни эгаллаш ҳамда мўътадиллик моделини тақдим этиш.
Ислом оламида маънавий-тарихий ваколат уч асосда шаклланади: илмий мерос, муқаддас масканларга яқинлик ва теологик изчиллик. Ўзбекистон биринчи омил — илмий мерос бўйича ислом дунёсида тенгсиз мавқега эга. Имом Бухорий ҳадис илмининг энг буюк намояндаси сифатида эътироф этилади, у зотнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» тўплами Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба ҳисобланади. Имом Термизий ҳадис илмининг улкан устуни, Имом Мотуридий эса сунний ақида мактабининг асосчиларидан биридир. Бугунги кунда ҳам дунё мусулмонлари орасида «мотуридийлик» таълимоти кенг тарқалган бўлиб, у ўз ҳаётийлигини йўқотмаган. Баҳоуддин Нақшбанд эса бутун ислом оламида, хусусан, Марказий Осиё ва туркий халқлар орасида тасаввуфий тарбияни ёйган буюк муршиддир.
Бу номларнинг зикр этилиши мусулмон оламида кучли резонанс уйғотади. Мазкур алломалар фақат Ўзбекистоннинг тарихий сиймолари эмас, бутун ислом умматининг умумий меросидир. Уларнинг ватанида Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ана шу буюк меросни қайта жонлантириш ва уни жаҳон мусулмонлари учун очиқ, умумий илмий майдонга айлантириш рамзидир. Нутқда келтирилган халқаро меҳмонлар ва диний етакчиларнинг ташрифи ушбу марказнинг умумисломий ҳамжиҳатлик кўпригига айланиб бораётганини амалда тасдиқлайди.
Бугунги кунда ислом дунёсида турли диний-ҳуқуқий ва ижтимоий ёндашувлар ўртасида ўзига хос рақобат мавжуд. Ўзбекистон ушбу ранг-баранглик ичида ўзининг «мўътадил, тарихан асосланган ва интеллектуал» йўналишини илгари суради. Бу ёндашув радикал қарашлардан холи бўлган, бағрикенгликни устувор деб биладиган, минг йиллик анъаналарга таянувчи ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик таълимотини замон талабларига мос тушунтира олади. Бу ерда ислом дини чекланган маросимлар тўплами эмас, инсоният тараққиётига хизмат қилувчи юксак цивилизация сифатида тақдим этилади. Мазкур позиция Ўзбекистонга ислом оламидаги турли қутблар ўртасида мулоқот майдони яратиш ва ўзаро бирдамликка хизмат қилувчи илмий аргументларни таклиф этиш имконини беради.
Ўзбекистон нафақат мўътадиллик ғоясини тарғиб қилади, балки ушбу моделнинг тирик намунаси эканини ҳам намоён этади. Ифторлик маросимида турли миллат ва диний конфессия намояндаларининг иштирок этиши — ушбу бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ислом оламидаги илмий-маданий рақобатда узоқ муддатли истиқболни кўзлайди. Тан олиш керак, Ўзбекистон замонавий тарихимизда ушбу интеллектуал майдонга бироз кеч кириб келди. Саудия Арабистони ўнлаб йиллар давомида улкан молиявий ресурслар эвазига глобал ислом таълимотини шакллантиришга интилди. Туркия Республикасининг Диёнат ишлари бошқармаси ўз таъсирини кўплаб мамлакатга ёйди[10]. Ушбу жараёнда Ўзбекистон моддий ресурслар жиҳатидан ҳозирча уларга тенг кела олмаслиги мумкин.
Бироқ интеллектуал ва тарихий капитал борасида мамлакатимиз мутлақ устунликка эга. Бухорий ва Термизий номлари — ҳеч қандай «петродоллар» билан сотиб олиб бўлмайдиган маънавий хазинадир. Мотуридийлик мактаби эса беш юз йиллик табиий ва тизимли ривожланиш маҳсулидир. Ушбу улкан капиталдан самарали фойдаланиш учун фақатгина маблағ эмас, балки изчиллик, сифат ва стратегик ёндашув талаб этилади.
III.ГЕОМАДАНИЙ НАРРАТИВ: ТАШҚИ СИЁСИЙ ЎЛЧАМ
Геомаданий стратегия — бу маданий меросни ташқи сиёсатнинг фаол ва таъсирчан воситасига айлантириш санъатидир. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб дунё сиёсатида ҳарбий ва иқтисодий қудрат билан бир қаторда маданий таъсир ўтказиш омили ҳам ҳал қилувчи рол ўйнай бошлади. Постсовет даврида «юмшоқ куч» рақобати янги босқичга кўтарилди: эндиликда давлатлар армия ва иқтисодиётдан ташқари, ўзининг маданияти, таълим тизими, тили ва тарихи орқали ҳам халқаро майдонда мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Ўзбекистон ушбу рақобат майдонига бироз кечикиб кирган бўлса-да, ўзига хос ва салмоқли интеллектуал «қуроллар» билан кирди. Ислом цивилизацияси маркази ана шу стратегик ҳаракатнинг энг кўзга кўринадиган ифодасидир. Лойиҳанинг моҳиятини англаш учун аввало унинг тарихий контекстини, сўнгра учта параллел геомаданий нарративни таҳлил қилиш лозим.
Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси 2017-йилда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинди[11]. 2016-йил сентябрида ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги раҳбарият ташқи сиёсатда кескин бурилиш ясади: қўшни давлатлар билан чегаралар очилди, Афғонистон билан муносабатлар янги босқичга чиқди, ғарб инвестициялари ва халқаро ташкилотлар учун эшиклар кенг очилди.
Мазкур ўзгаришлар фақат иқтисодий ёки дипломатик характерга эга эмас, балки чуқур маданий ва идентификацион асосга ҳам эга бўлиши лозим эди. Чунки эндиликда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси, унинг обрўси ва иттифоқчилар билан мулоқот тили янги стратегик аҳамият касб этади. Ислом цивилизацияси маркази ғояси айнан шу қидирувларга жавоб сифатида дунёга келди.
Лойиҳанинг БМТ минбаридан эълон қилиниши ҳам тасодифий эмас. Бу — маданий ташаббусга глобал легитимлик бериш ҳамда уни халқаро платформада муҳрлашнинг энг самарали йўли эди. Шу лаҳзадан бошлаб Марказ миллий лойиҳа доирасидан чиқиб, халқаро миқёсдаги мажбуриятга айланди. Дипломатик амалиётда бу жуда муҳим: глобал даражада эълон қилинган лойиҳа ички сиёсий тебранишларга нисбатан анча чидамли бўлади.
2017-йилдан 2025-йилгача бўлган саккиз йиллик қурилиш даври Ўзбекистон учун кенг кўламли ислоҳотлар — иқтисодий модернизация, ҳуқуқий ўзгаришлар ва туризмнинг жадал ўсиш даврига тўғри келди. Марказ мазкур янгиланишларнинг маданий рамзи сифатида шаклланди, унинг очилиши бир маънода Янги Ўзбекистоннинг ўзини дунёга қайта тақдим этишидир.
Жосепҳ Най 1990-йилда «юмшоқ куч» тушунчасини таклиф этар экан, уни мажбурлашга эмас, балки жалб қилиш орқали таъсир ўтказиш қобилияти деб таърифлаган эди. Ушбу кучнинг учта асосий манбаси мавжуд: маданий мерос, сиёсий қадриятлар ва халқаро институтлар. Найнинг фикрича, ҳарбий куч душманни бўйсундиради, иқтисодий куч манфаат уйғотади, маданий куч эса бошқаларнинг ўз хоҳиши билан сизга хайрихоҳ бўлишини таъминлайди.
Ўзбекистон юмшоқ куч борасида улкан салоҳиятга эга бўлса-да, бу имконият узоқ йиллар давомида етарлича ишга солинмади. Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Беруний каби сиймолар жаҳон миқёсида танилган интеллектуал «брендлар» ҳисобланади. Масалан, бугунги рақамли дунёнинг асоси бўлган «алгоритм» атамаси Ал-Хоразмий номидан келиб чиққан, бу сўзни дунёнинг ҳар бир бурчагида дастурчилар ишлатади. Шунингдек, алгебра фани унинг «Ал-жабр» асари билан боғлиқ. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» эса Европада «Авиценна» номи остида беш аср давомида асосий дарслик бўлиб хизмат қилган.
Ушбу интеллектуал мерос — ҳеч қандай табиий бойлик ёки ҳарбий босимсиз қўлга киритилган глобал эътирофдир. Бироқ эътироф ўз-ўзидан сиёсий таъсирга айланиб қолмайди, уни институционал тарзда «капиталлаштириш» зарур.
Ислом цивилизацияси маркази айнан шу капитализация инструменти вазифасини ўтайди. У Ал-Хоразмий номи билан Ўзбекистон номини глобал онгда бир контекстга боғлайди. Хорижий меҳмон Марказда нафақат тарихий экспонатларни кўради, балки Ўзбекистоннинг интеллектуал анъанаси ҳамда бу анъананинг замонавий давлат томонидан қадрланишини ҳис қилади. Натижада у ўз мамлакатига Ўзбекистон ҳақидаги янги, ижобий тасаввур билан қайтади.
Ушбу механизм таълим ва академик соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун ўта муҳимдир. Оксфорд ислом тадқиқотлари марказининг Тошкентда офис очиши фақатгина дипломатикҳодиса эмас. Бу Ўзбекистон олимларининг глобал академик тизимга киришини осонлаштиради, миллий тадқиқотларимизнинг нуфузли нашрларда кўринишини таъминлайди ва мамлакатимизни жаҳон исломшунослик харитасида мустаҳкам ўринга жойлаштиради.
Юмшоқ кучнинг узоқ муддатли самарадорлиги шундаки, у давлатлараро муносабатларни ҳарбий ёки иқтисодий ўзгаришлардан қатъи назар сақлаб қолиш қувватига эга. Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларда муайян қийинчиликлар юзага келган тақдирда ҳам, ўрнатилган маданий ва интеллектуал ришталар муносабатларнинг буткул узилишига йўл қўймайди. Бу стратегик жиҳатдан ўта муҳим маънавий суғурта ҳисобланади.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга ва минтақанинг барча давлатлари билан бевосита чегарадош мамлакатидир. Шу билан бирга, минтақанинг ўзи Россия, Хитой ва Ғарб каби йирик геосиёсий кучлар ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган мураккаб майдондир. Ушбу рақобат шароитида Ўзбекистоннинг тутган ташқи сиёсий позицияси миллий идентификациянинг ҳаётий заруратидир. Россия билан яқинлашув кўпинча совет меросини ёдга солади, Хитой йўналиши иқтисодий прагматизмни устувор қўяди, Ғарб йўналиши эса либерал-демократик қадриятларни илгари суради.
«Учинчи Ренессанс» ва Ислом цивилизацияси маркази нарративи Ўзбекистонга мутлақо мустақил йўл очиб беради[12]. Ушбу ғоя юқоридаги қутбларнинг ҳеч бирини инкор этмаган ҳолда, уларнинг ҳеч бирига тўлиқ боғланиб қолмаслик имконини яратади. Бу ўзига хос тарихий ва маданий идентификацияга асосланган суверен позициядир. Мазкур ёндашувнинг дипломатик қулайлиги ҳар қандай геосиёсий куч билан ўз тилида мулоқот қилиш имкониятидадир. Россияга: «Биз умумий совет ўтмишига эга бўлсак-да, тарихий илдизларимиз ва цивилизациявий асосларимиз анча қадимий», деб узоқ ўтмишга ишора қилиш мумкин. Хитойга: «Буюк Ипак йўли даврида биз ўзаро маданий ва илмий жиҳатдан бир-биримизни бойитганмиз», деган тарихий ҳамкорлик эслатилади. Ғарбга: «Биз Ренессанс анъанасинингдавомчисимиз», дея цивилизациявий яқинлик кўрсатилади. Ислом оламига: «Биз дунё тан олган буюк мусулмон алломаларнинг ватанимиз», деб маънавий етакчилик тасдиқланади.
Ушбу кўп векторли геомаданий позициянинг амалий натижаси нутқда санаб ўтилган давлатлар рўйхатида яққол намоён бўлади. Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, БАА, Россия, Туркия, Германия, Италия, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон каби давлатларнинг Марказ қурилишига ўз мутахассислари билан ҳисса қўшиши — юмшоқ куч дипломатиясининг ноёб ғалабасидир. Геосиёсий рақибларнинг ягона маданий лойиҳа атрофида бирлашиши Ўзбекистоннинг нейтрал ва конструктив майдон ярата олганидан далолат беради.
Минтақавий миқёсда эса Марказ Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг нафақат иқтисодий, балки маданий ва интеллектуал маркази сифатида позициялайди. Қўшни давлатлар иқтисодий қудрат ёки сиёсий изоляция йўлидан бораётган, айримларининг эса ресурслари чекланган бир пайтда, Ўзбекистон «маданий мерос картаси»ни муваффақиятли ўйнаб, минтақада етакчилик нишини эгалламоқда.
Ҳар қандай халқаро мулоқотда энг муҳим омил — умумий тушунчалар тилини топишдир. Ким мулоқот тилини ва ундаги рамзларни белгиласа, ўша жараён йўналишини ҳам бошқаради. Нутқдаги «илм», «Ренессанс», «цивилизациялар диалоги», «бағрикенглик» ва «гуманизм» каби тушунчалар замонавий халқаро дипломатик лексиканинг универсал элементларидир.
Хусусан, «Ренессанс» сўзи Ғарб аудиторияси учун алоҳида маънога эга. Европада XIV–XVI асрлардаги Уйғониш даври инсон қадри ва илм-фаннинг янги босқичга кўтарилиши сифатида Ғарб цивилизациясининг бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Ўзбекистон ўзини «Учинчи Ренессанс» ватани сифатида тақдим этар экан, у Ғарбнинг маданий хотирасига мурожаат қилади, бу эса тингловчида танишлик ва илиқ хайрихоҳлик туйғусини уйғотади.
Шунингдек, «цивилизациялар диалоги» тушунчаси Самуел Ҳунтингтоннинг «цивилизациялар тўқнашуви»[13] назариясига самарали муқобил бўлиб, Ўзбекистонни глобал мулоқотнинг ижобий иштирокчиси сифатида намоён этади.
Халқаро мулоқот тилини шакллантириш нафақат тушунчалар танлашда, балки нутқнинг умумий архитектурасида ҳам кўринади. Ўзбекистон ҳақидаги хабар қуйидагича шакллантирилган: мамлакат — қадимдан цивилизациялар туташган чорраҳа, халқ — илмни муқаддас биладиган миллат, замин — жаҳонга буюк алломаларни туҳфа этган макон ва бугунги авлод — ана шу улкан меросни замонавий дунёда тиклаётган ворислардир. Ушбу ҳикоя ҳар қандай маданий ва сиёсий контекстда қабул қилинадиган универсал нарративдир.
IV. ХУЛОСА
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси маркази очилишидаги нутқи — Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва геомаданий манифестидир. Ушбу матн тўрт хил аудиторияга йўналтирилган мураккаб нарративлар тизими орқали давлатнинг ички ва ташқи стратегиясини яхлит бир қолипга бирлаштиради.
Таҳлил натижасида қуйидаги стратегик хулосаларга келиш мумкин:
Биринчидан, Ўзбекистон миллий ўзлигини нафақат этник ёки ҳудудий чегаралар, балки улкан цивилизациявий мерос асосида қайта шакллантирмоқда. «Учинчи Ренессанс» ғояси диний қадриятлар ва илм-фанни бир-бирига қарама-қарши қўймайди. Аксинча, уларни умумий тараққиётнинг икки ажралмас қаноти сифатида тақдим этади. Бу модел жамиятдаги турли қатламлар — диндорлар, зиёлилар ва ёшлар учун умумий ғоявий платформа вазифасини ўтайди.
Иккинчидан, ислом дунёсига йўналтирилган нарратив Ўзбекистоннинг маънавий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Мамлакатимиз бошқа диний марказларнинг тайёр моделларини қабул қилувчи пассив субъект эмас, балки ўзининг мотуридийлик ва ҳанафийлик анъаналарига таянган ҳолда «мўтадил ислом» моделини экспорт қилувчи фаол марказга айланмоқда. Бу — радикализм ва ёт ғояларга қарши энг самарали интеллектуал иммунитетдир.
Учинчидан, халқаро майдонда Марказ Ўзбекистоннинг «кўп векторли геомаданий дипломатияси» учун ноёб инструмент бўлиб хизмат қилади. Геосиёсий қутблар (АҚШ, Россия, Хитой, Ислом дунёси) ўртасидаги зиддиятлар шароитида маданий мерос лойиҳаси барча томонларни бирлаштирувчи нейтрал мулоқот майдонини яратади. Бу Ўзбекистоннинг халқаро имиджини «ёпиқ давлат»дан «цивилизациялар чорраҳаси ва илм-фан ўчоғи»га ўзгартириш имконини беради.
Тўртинчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Марказ билан ҳамнафас фаолият юритиши диний муассасаларнинг замонавий илмий ва ижтимоий жараёнлардаги ролини оширади. Марказ берган улкан инфратузилмани жонли илм, халқаро ҳамкорлик ва муносиб ворислар билан тўлдириш — эндиликда нафақат диний идоранинг, балки бутун илмий ҳамжамиятнинг стратегик вазифасидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ушбу нутқ ва унинг ортидаги лойиҳа Ўзбекистоннинг келажакдаги ўрнини белгиловчи узоқ муддатли марафондир. Унда муваффақият қозониш учун фақат тарих билан фахрланиш эмас, балки ўша буюк меросга муносиб замонавий интеллектуал маҳсулот яратиш талаб этилади. Ислом цивилизацияси маркази — бу якун эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг глобал маънавий ва илмий майдонга қайтишининг расмий дебочасидир.
Муҳаммадамин Исмоилов,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси