Яхши келдинг, эй шарофатли азиз меҳмонимиз,
Интизор эрди йўлингда дийдаи гирёнимиз,
Эй кўнгиллар истаги, маҳбубимиз, жононимиз,
Ўртанур шавқинг била бу сийнаи сўзонимиз,
Тийра кулбамиз ёрутдинг, эй маҳи тобонимиз.
Жилвалар айлаб саодат буржида, эй навниҳол,
Юз очиб, қилдинг намоён нозанинлардек жамол,
Барқарор ўлғил камолот авжида кўрмай завол,
Хуш келибсан, кетмағил, то умримиз борича қол,
Кечсин эмди сен била қолган ҳаёти фонимиз.
Дилҳазинларни қудуминг шоду хандон айлади,
Кечамизни партави моҳинг чароғон айлади,
Ҳар саҳар субҳинг насими анжумафшон[i] айлади,
Сен туфайли Тангри неъматлар фаровон айлади,
Ҳайри баркат келганинг моҳи шариф рамадонимиз.
Қайси бир мадҳинг рақам қилгай сенинг, эй яхши зот,
Улки мўмин баҳравар сендин ҳаёту ҳам мамот,
Эй карамбахшу сахолик, боиси хайру закот,
Топғуси бечоралар сен бирла тангликдин нажот,
Хайри мақдам, эй фазилатли маҳи ғуфронимиз.
Таърихи ҳижратга ўтгач икки йил ул биру бор,
Бандаларга рўза тутмоқ амрин этди ошкор,
Эҳтиром ила тутинг одобини, эй рўзадор,
Кони хислат, хосиятбахшу маҳи раҳматнисор,
Бир улуғ неъматки, бизга туҳфаи раҳмонимиз.
Ассалом, эй моҳи олий, хуш келибсан, марҳабо,
Эй ғубори хоки пойинг дийдаларга тўтиё,
Қилмадик шойиста амринг, тутмадик шартинг бажо,
Бўлғумиз афв этмасанг, шармандаи явмил-жазо,
Ул куни сўрганда биздин адл ила султонимиз.
Ҳақ таоло бизга кўп лутфу иноят айлади,
Сен каби бир моҳи раҳматни каромат айлади,
Холисанлиллоҳ агар ким сенга хизмат айлади,
Они Тангрим лойиқи дийдору жаннат айлади,
Иллати журму гунаҳлар дардига дармонимиз.
Жумла ойлардин фазилатли, муборак номсан,
Бенаволарга саховатли улуғ айёмсан,
Соим[ii] аҳлини зиёфат қилғучи ҳар шом сан,
Раҳматидин Жабраилдек қосиди пайғомсан,
Хайрхоҳу журмпўшу[iii] пардаи нуқсонимиз.
Мушкбўйи файзи субҳингдин муаттардур димоғ,
Рўшнойи лайлатил-қадрингда юлдузлар чироғ,
Ғафлат аҳли уйқуда бебаҳра, кундуз кун синоғ,
Яхшилар бедор ўлиб, тунлар фароғатдин йироғ,
Айлашиб хатму тиловат ҳофизи қуръонимиз.
Эй маҳи ашраф[iv], фазилат сенда беҳад бордур,
Ҳам савобинг беҳисобу ҳикматинг бисёрдур,
Сусти ҳозим[v], заъфи меъда бирла ким бемордур,
Ҳикматинг бу дарду иллатга шифо изҳордур,
Ҳар маризу[vi] ҳар тани бемора сен Луқмонимиз.
Бизни, ё Раб, яхшиларнинг зумрасига қил вусул,
Журмимизни мағфират қил, айла раҳматга духул,
Айбу нуқсон бирла тутган рўзамизни қил қабул,
Бу Суҳайлий осийнинг сендин мудом уммиди шул,
Вақти риҳлатда саломат айлагил иймонимиз.
[i] анжумафшон — юлдуз сочувчи, нур сочувчи
[ii] соим – рўзадор
[iii] журмпўш – айбларни ёпгувчи
[iv] ашраф – энг улуғ
[v] сусти ҳозим – ҳазм тизимининг бузилиши
[vi] мариз – касал
Дадахон қори Суҳайлий
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин Билол розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнига бориб, шундай деди:
– Эй Аллоҳнинг Расулининг халифаси, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Мўминларнинг энг афзал амалларидан бири – Аллоҳ йўлида қилган жиҳоддир", деганларини эшитган эдим.
– Нима қилмоқчисиз, Билол? – сўради Абу Бакр.
– Вафот этгунимга қадар ўзимни Аллоҳ йўлига бахшида этмоқчиман.
– Сиз кетсангиз, бизга ким азон айтади?
Билол розияллоҳу анҳу кўзлари тўла жиққа ёш билан:
– Расулуллоҳдан кейин азон айта олмайман...
– Билол, қолинг, бизга азон айтиб туринг...
– Агар мени ўзингиз учун озод қилган бўлсангиз, айтганингизча бўла қолсин. Лекин Аллоҳ учун озод этган бўлсангиз, мени қўйиб юборинг.
– Сизни Аллоҳ учун озод қилганман, кетаверинг Билол.
Билол розияллоҳу анҳу "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин энди Мадинада қола олмайман" деб, Шом диёрига отландилар.
Билол азон айтмоқчи бўлсалар, «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ»га етганларида нафас ололмай, тўхтаб қолар, йиғлаб юборар эдилар.
Орадан икки йил ўтгач, Билол розияллоҳу анҳу тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдилар. Тушларида у зот Билолга "Бу қандай жафо, эй Билол? Бизни зиёрат қиладиган вақтингиз келмадимикан?" дедилар.
Билол розияллоҳу анҳу уйғониб кетдилар, зудлик Мадинага отландилар. Етиб келиб, Расулуллоҳнинг қабрлари ёнига бориб, ерга ётиб олиб йиғладилар. Шу пайт Ҳасан ва Ҳусайнларни кўриб, уларни маҳкам бағрига босиб, ўпдилар.
Ҳасан ва Ҳусайн Билолга:
– Бомдодда азонни ўзингиз айтиб беринг, – дедилар.
Тонг саҳар Билол масжид сатҳида туриб, "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!" дея азон айта бошладилар. Бутун Мадинани титроқ босди.
"Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ" деганларида ҳамма ларзага келди. "Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ" деганларида эса аёллар ҳам уйларидан отилиб чиқа бошладилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларини кўрган саҳобалар Билолнинг азонидан таърифлаб бўлмас изтиробга тушдилар.
Мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳу Шомга жўнаб кетаётганларида мусулмонлар Билолни олиб келинг, бир марта бўлса ҳам намозга азон айтиб берсин деб ўтиндилар. Мўминларнинг амири Умар Билолни чақирганларида намоз вақти кирган эди. Умар Билолдан намозга азон айтиб беришни илтимос қилдилар.
Билол розияллоҳу анҳу юқорига кўтарилиб, азон айта бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниган барча саҳобалар йиғлашга тушдилар. Улар авваллари ҳеч қачон бунчалик йиғламаган эдилар. Ҳамма тўйиб-тўйиб йиғлади. Энг қаттиқ йиғлаган Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бўлди.
Билол розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ёнларида ўтирган завжалари йиғладилар. Шунда Билол бундай дедилар:
– Йиғлама! Ахир эртага ҳабибим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг асҳобларига етишаман!
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси