Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Апрел, 2026   |   21 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:30
Қуёш
05:52
Пешин
12:29
Аср
17:02
Шом
19:01
Хуфтон
20:17
Bismillah
10 Апрел, 2026, 21 Шаввол, 1447

Фазодаги ибодат

15.05.2017   7548   8 min.
Фазодаги ибодат

Фазога биринчи одам учиб борганига 56 йил тўлди. Эсингиздадир, бу воқеа 1961 йилнинг 12 апрелида содир бўлган эди. Ўшандан бошлаб бугунга қадар 500 дан ортиқ одам космосга чиқди.  

Шўроларнинг даҳриёна ташвиқотчилари фазогирлар қўлга киритган оламшумул  ютуқни ҳам динга қарши қўйиб, динни тараққиётга йўл қўймайдиган догма сифатида талқин қилди. Бироқ, мусулмонларнинг фазонинг ўзлаштирилиши билан ёлғиз Аллоҳга бўлган ишончи ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

Фазонинг ўзлаштирилиши инсониятга Аллоҳ таоло яратган оламнинг сирларини  ва бунда инсоннинг қандай ўрни бор эканини аниқлашга ёрдам беради.

Инсониятнинг ана шу буюк кашфиёти асрлар давомида равнақ топиб борган  илм-фан ва унинг ёрдамида яратилган янги  технологияларсиз амалга ошмас эди. Қуръони каримда эса илмий билимлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган, шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўплаб ҳадиси шарифларида ҳам инсонлар илм ўрганишга тарғиб этилган.

Фазони телескоп воситасида кузатган киши беҳад улуғвор космик бўшлиқлар, сайёрлар, юлдузлар ва галактиканинг ҳайратланарли даражада тартиб билан ҳаракатланишини кузатаркан, бу қадар хилма-хиллик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига иймон келтиради. 

Агар одам дунё муаммоларидан халос бўлиб тунги осмонга боқса-да фазодаги биздан миллионлаб ёруғлик йили масофасидаги юлдузлар ҳаракати жараёнини кузатса,  унинг кўрган-кузатганлари ва заковати уни иймонга чорлайди.

Мусулмон киши ҳар қаерда бўлса ҳам намоз ўқиши шарт, бундан фазо ҳам мустасно эмас.

Биринчи марта мусулмон-фазогирлар учун 2007 йилда “Халқаро космик станцияларда мусулмон анъаналарига риоя қилиш қўлланмаси” деган баённома ишлаб чиқилди. Рисола малайзиялик 35 ёшли ортопед-врач Шайх Музаффар Шокирнинг орбитага парвоз қилишидан олдин нашр этилди. У фазога муқаддас Рамазон ойида кўтарилган биринчи мусулмон-фазогир эди.

Рисолада орбитада экан вақтида диний урф-одатларни қандай бажариш, хусусан, таҳорат олиш, ибодат учун қиблани аниқлаш, шунингдек, Рамазон ойида рўза тутиш қонун-қоидалари кўрсатилган.

Ер сайёраси орбитасида учиб бораётган одам Макка – қиблани қандай аниқлаб олиши мумкин? деган савол туғилади. Чунки ҳаво кемаси соат ўқи бўйлаб ҳаракатланаркан, Ер юзини бир ярим соат ичида тўлиқ айланиб ўтади.

Бундан ташқари, мусулмон киши намоздан олдин таҳорат олиши керак. Сув эса фазода олтиндан қиммат ва жуда қатъий меъёр асосида истеъмол қилинади. Боз устига, вазнсизлик муаммоси ҳам бор. Ернинг тортиш кучи бўлмагани боис сув танадан оқиб кетмайди. Шунинг учун ҳам таҳорат олишнинг имкони йўқ. Айни сабабга кўра ғусл қилишнинг ҳам сира иложи йўқ. Мусулмонларнинг егуликлари ҳам ҳалол маҳсулотлар бўлмоғи керак.

Мусулмонларнинг орбитада ўзини тутиш қоидалари Малайзия миллий космик агентлиги ва Ислом тараққиёти департаменти ҳамкорлигида ўтказилган икки кунлик анжуманнинг якуний хулосалари натижаси ўлароқ қабул қилинди.  Анжуманда 150 нафар диний ва астронавт олимлар иштирок этди. 

Ҳаммаси жуда осонлик билан ечимини топди. Чунки Ислом – инсонларнинг ҳаётини оғир шароитларда ҳам енгиллаштирувчи диндир. Масалан, йўлда бораётган вақтда намоз қисқартириб, қаср қилиб ўқилади, бемор кишилар эса ҳолига қараб ўтириб ёки ётиб ўқиши мумкин. Умуман, исломий амалларнинг ҳаммаси турли-туман ҳаёт шароитларига  ажойиб тарзда мос ҳолда жорий бўлган.

Фазода мусулмонлар қулай исломий шароитда яшаши мумкин. Ислом олимлари қарорига мувофиқ малайзиялик дастурчилар фазогирларни навбатдаги намоз вақти кирганидан хабардор қилиб турадиган дастур яратишди. Шунинг билан бирга махсус навигация қурилмаси Макканинг йўналишини кўрсатиб туради.

“Кун ва тун” тушунчаси  бўлмаган фазода намознинг вақти қуёшнинг чиқиши ва ботишга қараб ҳаракатланиши бўйича аниқланмайди, балки 24 соатлик ҳаёт меъёрига қараб аниқланади.  Бунда соат стрелкаси учиш бошланган минтақа вақти билан ҳисобланади. Масалан, Байконурдан кўтарилган сунъий йўлдош Байконурда учиш чоғида соат неча бўлганидан бошлаб ҳисобланиб кетаверади.

Бундан ташқари, мусулмонлар космосда чоғида намозларини қаср қилиб ва бирлаштириб ўқиши мумкин.

Вазнсизлик шароитида намоз ўқиётганда, агар саждага бориш чоғида юзи билан йиқилиб тушиш эҳтимоли бўлса, намоз бемор кишининг намозига ўхшатиб ўтирган ҳолда ёки ишора билан ўқилади.

Ҳар бир кишининг ювиниб-тараниб олиши учун бор-йўғи 4 литр сув олингани боис ундан таҳоратга орттиришнинг иложи йўқ. Шу боисдан таҳоратнинг муқобил варианти – таяммумдан фойдаланилади.

Чўчқа гўшти ва чириган озуқларни ейиш мусулмонларга тақиқланган. Шунинг учун мусулмон-фазогирлар учун ҳалол маҳсулотлар ерда ҳозирланади. 

Фазода Рамазон ойида рўза тутиш жуда ҳам осон иш. Мусулмонлар тонгдан шомгача рўза тутадиган вақтда айтиб ўтилганидан учиш нуқтасидан мўлжал олинади. Малайзиялик фазогир Музаффар рўзани шу тартибда тутган эди.

  Мусулмон-фазогир тасодифан космосда вафот этиб қолса, унинг майити Ерга олиб келиниб дафн этилади. Агар олиб келишнинг имкони бўлмаса, имконият даражасида ювишга ҳаракат қилинади. Унинг ҳам илож бўлмаса таяммум қилдирилади ва космосдаги бўшлиқлар қаърига ташлаб юборилади. Ерда эса мусулмонлар унинг учун жаноза намозини ўқийдилар.

Юнус алайҳиссалом балиқнинг ошқозонида Аллоҳга абодат қилган эди. Мусулмон-фазогирлар эса фазода ибодат қилмоқдалар.

Ҳозирга қадар 500дан ортиқ киши фазогир ёки сайёҳ сифатида фазога чиқди, улардан 60 нафари аёллардир. 

Фазогирлар рўйхатида мусулмонлар ҳам бор.

Саудия шаҳзодаси Султон ибн Салмон – 1985 йил фазога учган биринчи мусулмон. Discovery.

Фарис Муҳаммад Аҳмад – «Союз ТМ-3» («Союз ТМ-2») ва “Мир” орбитал илмий-тадқиқот комплексининг фазогир-тадқиқотчиси, подполковник, суриялик биринчи фазогир.  1987 йилнинг 22 июлида фазога учган.

Манаров Мусо Хиромонович – Доғистон. 1987 йилнинг 21 декабридан 1988 йилнинг 21 декабрига қадар  «Мир» орбитал комплексининг «Союз ТМ-4» космик кемасида борт инженери вазифасида учиб келди. Учиш муддати 365 кун-у 23 соат бўлиб, бу – космосда кўп юриш бўйича жаҳон рекорди эди. 1990 йилнинг 2 декабрида яна фазога йўл олади. Бу сафаргир учиш вақти 175 кун-у 2 соат эди.

Моманд Абдул Аҳад Афғонистон. «Союз ТМ-6» ва «Мир» орбитал илмий-тадқиқот комплексининг фазогир-тадқиқотчиси. Афғонистон республикасидан чиққан биринчи ва ҳозирча ягона бўлиб турган фазогир. Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари капитани. Учган санаси 1988.08.29.

Айбакиров Токтар Онгарбаевич – Қозоқ миллатидан чиққан биринчи фазогир. Учган санаси 1991.10.02.

Мусабоев Талгат Омонкелдиевич – Россия. Учган санаси 1994.07.01. Россия фазогирларининг 79-, дунё фазогирларининг 309-си. Техника фанлар доктори. РФ қаҳрамони. Шарипов Солижан Шокирович – Қирғизистоннинг Узган вилоятида ўзбек оиласида туғилиб вояга етган. Учган санаси 1998.01.22.

Ансари Ануша – келиб чиқиши эронлик бўлган америкалик аёл. Учган санаси 2006.09.18.

Шокир Шайх Музаффар – Малайзия, Учган санаси 2007.10.10.

Аллоҳ таоло бу оламни инсоннинг эҳтиёжи учун яратди. Шунингдек, У инсон ўз тақдирини ўргансин, руҳоний ва жисмоний қувватини амалга жорий эта олсин  дея турли жисмларни, ҳаракатларни яратди. Бизнинг бурчимиз эса дунёни англаб унда Роббимиз истаганидек яшамоғимиздир.

Манбалар асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси

09.04.2026   3118   3 min.
Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Автобусда кетар эканман, ёш йигит ва кекса киши ўртасидаги жанжал диққатимни тортди. Афтидан мўйсафид йигитчанинг ўзини беадабларча тутишига эътироз билдирган ва бу тортишувга сабаб бўлган эди. Ўсмир чолга қараб: “Мен билан ишингиз бўлмасин, насиҳатингизни уйга бориб невараларингизга қилинг”, деб гап қайтарар, қария: “Болам, одобни ўрган, жамоат жойида юриш-туришингга, оғзингдан чиқаётган гап-сўзга эътиборли бўл”, дерди. Баҳсга атрофдагилар ҳам аралашиб, йигитчани инсофга чақиришди, аммо у гапдан қолай демасди. Автобус бекатга тўхтагач, чол: “Ҳайф сенга шунча гап”, деганча қўл силтаб тушиб кетди ва ўсмир ҳам ортидан бир нималар деди.

Ўйланиб қоласан: бу йигитча ўз ота-онасига ҳам шундай муомала қилармикан? Бунга шубҳа йўқ. Чунки бегоналарни ҳурмат қилмайдиган киши ўз яқинларига ҳам шундай муносабатда бўлади. Бу унга ёшликдан тўғри тарбия берилмагани, одоб ўргатилмаганининг оқибатидир. Энди эса ушбу хатони тўғрилаш анча мушкулот туғдиради.

Тан олиш керак, бугунги кунда айрим ёшлар орасида бетгачопарлик, гап қайтариш, катталарга ҳурматсизлик каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат оила, балки бутун жамият Бетгачопарлик – кибрнинг нишонаси маънавияти учун хавф туғдиради.

Бетгачопарлик фақат қўполлик эмас, балки қалбдаги кибрнинг нишонасидир. Катта киши сўзлаётганда гап қайтариш, овозни баланд қилиш, юзни буриш, телефондан бош кўтармаслик, масхараомуз кулиш – ўзига бино қўйишнинг энг юқори кўриниши. Унутмаслик лозим, аввалига “оддий ҳолат”дек туюлган бу ҳаракатлар аста-секин хулқ-атворга айланади.

Тасаввур қилинг: ота ўғлига мулойимлик билан насиҳат қилмоқда. Фарзанд эса қўлида телефон, кўзи экранда. Панд-насиҳатни эшитгиси келмай, “Ҳа, бўлди-да!” деб жеркийди. Отанинг қалби оғрийди. Энг оғир ҳолат – ота-онага нисбатан қаттиқ сўз ишлатиш. Бу нафақат одобсизлик, балки оғир гуноҳдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичикларимизга меҳрибон бўлмаганлар, катталаримиз ҳақини билмаганлар биздан эмас”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, катталарни ҳурмат қилиш – оддий ахлоқий талаб эмас, балки иймон белгисидир.

Бугунги кунда ачинарли бир ҳолатга гувоҳ бўляпмиз. Яъни ижтимоий тармоқларда айрим “вайн”чилар катта ёшли инсонларни масхаралаш, уларга қўпол ҳазиллар қилиш орқали обуначиларини кўпайтириш пайида. Бу эса ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда айрим йигит-қизлар бегоналар тугул, ўз ота-онасининг ҳам юзига тик қараш, уларни муҳокама қилишгача боришяпти.

Кўпинча ёшларнинг бундай қилмишига арзимас камчиликдек қараймиз. Аммо унинг оқибатлари жиддийдир. Яъни бундай одобсизлик ота-она розилигидан маҳрум бўлиш, одамлар орасида ҳурматни йўқотиш, яқинлар билан муносабатларнинг совиши, бу қилмишнинг келажакда фарзандлардан қайтишига олиб келиши мумкин. Оилада яхши ахлоқий муҳитни кучайтирмас, фарзандларга кичиклигидан катталарга ҳурмат кўрсатишни ўргатмас, бу борада уларга намуна бўлмас, телефон ва интернетдан фойдаланишларини назорат қилмас эканмиз, бундай аянчли оқибатларнинг олди олинмайди.

Эсдан чиқармайлик, ёшлик – фақат фахр ё ғурур эмас, камтарлик давридир. Кимки ўз камолотига интилса, ҳусни хулқ, одобни маҳкам тутади. Камолотга пойдевор эса навқиронлик фаслида қўйилади.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Мақолалар