Қадим замонда бир овчи бўлган экан. У бир куни айиқ боласин топиб олибди ва парваришлай бошлабди. Айиқ кундан-кунга ўсиб, унга ўргана бошлабди. Овчи қаерга борса, уни ўзи билан олиб юрар экан. Одамлар унга эҳтиёт бўлишни тайинлаб, бу қилаётган иши хато эканини айтишибди. Лекин овчи уларга: "Бу айиқ менга одамдан ҳам яхши дўст, у мени ҳар жойда қўриқлайди", деб жавоб берибди. Бир куни улар бирга ов қилиб юришганда овчи чарчабди ва бир дарахт соясида бироз мизғиб дам олмоқчи бўлибди. Айиқ эса ҳар доимгидек уни қўриқлай бошлабди. Шу пайт бир пашша учиб келиб овчига қўнибди. Айиқ уни ҳайдабди. Пашша айланиб яна қўнибди. Айиқ яна ҳайдабди. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланиб, айиқнинг жаҳли чиқибди. Катта бир тошни олиб, овчига қўниб турган пашшага отибди. Пашша учиб кетибди, овчи эса тил тортмай ўлибди.
Дўст танлашда ўйлаб иш қилинг. Ота-боболаримиз "Аҳмоқ дўстдан ақлли душман яхши", деб бежиз айтишмаган.
Акбаршоҳ Расулов
Аввал хабар берганимиздек, Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форум доирасида ялпи мажлислар ва шўба йиғилишлари қизғин руҳда ўтказилди.
Хусусан, "Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар: Учинчи Ренессанснинг инновацион ғоялари ва стратегик йўналишлари" мавзусидаги III ялпи мажлис доирасида Дин ишлари бўйича вазирлар шўбаси йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан алоқалар қўмитаси раиси Рамин Мамедов, Малайзия Дин ишлари вазири Зулкифли Ҳасан, Қозоғистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси раиси Анвар Хатиев ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги директори Талантбек Ташибеков каби соҳа раҳбарлари ва халқаро спикерлар иштирок этдилар.
Шўба йиғилиши давомида маҳаллий ва халқаро спикерлар томонидан Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган инновацион ғоялар ҳамда стратегик йўналишлар ҳақида маърузалар қилинди.
Мулоқотлар чоғида хорижлик вазирлар ва қўмита раҳбарлари юртимизда аждодлар меросини асраб-авайлаш, виждон эркинлигини таъминлаш ҳамда динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо бердилар.
Шунингдек, мазкур ўзгаришлар халқаро ҳамкорликни
янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа
бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати