2017 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тўлдирилган қайта нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маърупов ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Мазкур тақдимотни ўтказишда ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш ва уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида профессор-ўқитувчиларга услубий ёрдам бериш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бинобарин, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ҳар жиҳатдан инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилганлиги билан характерлидир. Айниқса, глобал тармоқ ҳисобланган интернет орқали бўлаётган таҳдидларнинг хавфи ва таҳдиди ортиб бормоқда. Бу таҳдидлардан ёшларни ҳимоялашда миллий мафкурани сингдириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Ўтказилган тақдимот тадбири ҳам шу жиҳатга қаратилганлиги билан муҳим ва долзарбдир.
Тақдимот тадбирида сўз олганлар “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган қайта нашри юзасидан фикр-мулоҳаза билдирар экан, асарнинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги глобаллашув жараёнларида турли информацион таҳдидлардан ҳимояланишдаги ўрни ва аҳамияти ҳамда ёш авлод онгу шуурини ёт ғоя ва қарашлардан асраш, ҳимоялашда муҳим қўлланма эканилигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир сўнгида мазкур китобдан тадбир иштирокчиларига ҳамда университет Ахборот-ресурс марказига тақдим этилди. Ўтказилган тақдимот тадбири диний-маърифий, шу билан бирга илмий қиймати юқори эканлиги билан аҳамиятлидир.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Савол: Лавҳул маҳфуз ва қалам нима? Улар ҳақида тушунча берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Лавҳ” - Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини ёздирган нарсадир.
“Маҳфуз” сақланган маъносида бўлиб, у бошқаларнинг назари тушиши ва ўзгариш ёки бузилишлардан муҳофаза қилинган деганидир.
“Қалам” мазкур лавҳга Аллоҳ таолонинг амри билан бандаларнинг қадарларини ёзган воситадир.
Мўмин-мусулмон одам лавҳ ва қаламга иймон келтирмоғи вожиб. Бу икки нарса ҳам ғайбиёт туркумига киради. Бу ҳақда Садриддин Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ бундай зикр қилганлар: "Лавҳ, қалам ва у билан лавҳга ёзилган нарсаларга иймон келтириш вожибдир.
Аллоҳ таоло бундай хитоб қилган: “Балки У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир” (Буруж сураси, 21–22-оятлар).
Бошқа бир оятда бундай хитоб қилади: “Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам” (Қалам сураси, 1-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ лавҳул маҳфузни оқ дурдан яратгандир. Унинг саҳифалари қизил ёқутдандир. Унинг Қалами нурдир. Китоби нурдир. Унда ҳар куни Аллоҳ учун уч юз олтмиш лаҳза бор. Унинг кенглиги осмон билан ернинг орасича. Ҳар куни унга уч юз олтмиш марта назар солади. Халқ қилади (яратади), ризқ беради, ўлдиради, тирилтиради, азиз қилади, хор қилади. Хоҳлаган нарсасини қилади” (Имом Табароний “Мўъжамул кабир”да ривоят қилган).
Қалам ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, унга: “Ёз!” деди. У: “Эй Роббим, нимани ёзай?” деди. У Зот таборака ва таоло: “Қиёматгача бўладиган ҳар бир нарсанинг тақдирини ёз”, деди.
(Имом Абу Довуд Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. "Шарҳи ақийдатут-таҳовийя" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.