Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июл, 2026   |   16 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:33
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
30 Июл, 2026, 16 Сафар, 1448

Ҳаким ат-Термизий ривоят қилган ҳадислардан

07.02.2017   36115   5 min.
Ҳаким ат-Термизий ривоят қилган ҳадислардан

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳнинг одамларни фаросат орқали биладиган (ёки танийдиган) бандалари бордир (Ҳаким Термизий ривояти).

*   *   *

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: Албатта ризқ эшиги етти осмоннинг устидан очиқдир. У Аршгача етиб борган. Ўша эшик туну кун ёпилмайди. Аллоҳ ҳар бир бандага нияти, сарф(-ҳаражат)и, садақа ва инфоқ қилишига қараб ўша ризқдан (Ерга) туширади. Бас, ким (садақани) кўпайтирса, унга ҳам (ризқи) кўпайтирилади. Ким камайтирса, унга ҳам камайтирилади. Ким (бермасдан, бахиллик қилиб) ушлаб қолса, ундан ҳам (барака ва кенг ризқ) ушлаб қолинади, дейилган (Ҳаким Термизий ривояти).

*   *   *

  Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Қачон Аллоҳнинг “Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган киши борми?” ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдоҳ ал-Ансорий: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими?” деди. У зот: “Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ”, дедилар. У: “Менга қўлингизни беринг, эй Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўлларини берган эдилар, у: “Мен ушбу боғимни Раббимга қарз қилиб бердим. Унда олти юзта хурмо дарахти бордир”, деди. Ўша пайтда (унинг аёли) Умму Даҳдоҳ ва оила аъзолари боғда эдилар. Абу Даҳдоҳ келиб: “Эй Умму Даҳдоҳ”, деб чақирган эди, аёли: “Лаббай”, деб жавоб берди. “Боғдан чиқ. Мен уни Раббим азза ва жаллага қарз қилиб бердим”, деди Абу Даҳдоҳ(Ҳаким Термизий ривояти).

*   *   *

 Ал-Ҳаким ат-Термизий “ал-Амсал минал Китаб вас Сунна” асарида қуйидаги ҳадисни келтиради: «Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Ибн Умарга Маккадан Мадинага қадар ҳамроҳлик қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан фақат шу ҳадиснигина ривоят қилганини эшитдим: “Мўминнинг мисоли асалари кабидир. Агар у билан ҳамнишин бўлсанг, нафи тегади, у билан шерик бўлсанг, нафи тегади, маслаҳат олсанг, нафи тегади, ҳамроҳ бўлсанг, нафи тегади. Унинг ҳар бир нарсасидан манфаат етади. Асалари ҳам шундай, унинг ҳар нарсаси фойдали”» (Ҳаким Термизий ривояти).

*   *   *

Аллоҳ таоло шундай деб буюрмиш:
"Эй Мусо! Сен Мени кўрмассан, зеро, Мени кўрган дарҳол ўлади. Жонсиз нарсалар кўрса емирилади, яшнаб турган нарса кўрса хазон бўлади. Мени фақат кўзлари ўлимни билмайдиган, жасадлари чиримайдиган жаннат аҳли кўргай".
(Ҳаким Термизий Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳазратларидан ривоят этган).

*   *   *

"Қулларимдан бирининг танини, молини ва ёки боласини бир мусибатга солганимда у қулим буни яхши бир сабр ила қаршиласа, қиёмат кунида у кимса учун тарозу қурмоқдан ёхуд номаи аъмол очмоқдан уялгайман".
(Ҳаким Термизий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят этганлар).

*   *   *

Мусо алайҳиссалом жаноби Ҳаққа хитобан:
Ё Раббий! Мен қулларингдан кимни севишингни билмоқ ва мен ҳам уни севмоқни истайман,— деди. Жаноби Ҳақ;
Мени кўп зикр этган қулимни кўрганинг замон билки, Мен уни севгайман. Мени зикр этмаганларни кўрганингда эса англаки, Мен уларни хуш кўрмагайман, -  деди.
(Ҳаким Термизий Ҳасан Басрийдан ривоят этганлар, ҳадис ҳасан, мурсалдир).

*   *   *

Анас разияллоҳу анҳунинг Расули Акрамдан қилган ривоятига кўра Аллоҳ таоло:
"Қўлларини Менга чўзиб дуо қилган қулимнинг қўлларини бўш қайтармакдан ҳаё қилгайман",— деди. Малаклар:
Эй, бизнинг Раббимиз! У ярлақамоққа лойиқ эмасдир,-— дедилар. Аллоҳ таоло:
Лекин Мен тақвога (жазо ва азобимдан қўрқишларига, иймон ва ибодат келтиришларига) ҳам, мағфиратга ҳам лойиқман. Сизни шоҳид қиламанки, Мен уни мағфират этдим!— деган жавобини берди.
(Ҳаким Термизий) "Наводирул-усул"да ривоят этган).

*   *   *

Муоз ибн Жабалдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Энг яхши касб тижоратчиларнинг касби бўлиб, улар ёлғон гапирмайди, омонатга хиёнат қилишмайди, ваъдага вафо этишади, сотиб олсалар ёмонлашмайди, сотсалар қимматга сотишмайди, бировнинг ҳақини беришни чўзишмайди, ўзларининг ҳақларини олишда қийинлаштиришмайдилар” (Имом Ҳаким ат-Термизий ривояти).

*   *   *

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Улуғлик, улуғворлик, фахр меникидир. Тақдир менинг сиримдир. Ким мен билан шуларнинг бирида тортишса, уни дўзахга улоқтираман (Ҳаким Термизий ривояти).

 

  Саййид Муҳйиддин махдум мадрасаси

 

 

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масжидларда "яшил энергия": 1 900 дан ортиқ жомеда қуёш панеллари ўрнатилди

29.07.2026   4232   1 min.
Масжидларда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу эзгу ташаббус доирасида юртимиздаги масжидларда ҳам қуёш панеллари ва гелеоколлекторларни ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

2026 йил 29 июль ҳолатига кўра асосий кўрсаткичлар:

Республика бўйича фаолият юритаётган 2 161 та масжиддан:

1 910 таси (88,4%) қуёш панеллари билан таъминланди (умумий қуввати — 14,3 МВт / 14 315,5 кВт);

1 020 таси (47,2%) иссиқ сув таъминоти учун гелеоколлекторлар билан жиҳозланди (умумий сиғими — 206 470 литр).

Ҳудудлар кесимида етакчилар:

Тўлиқ қамров: Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги деярли барча масжидларга қуёш панеллари ўрнатиб бўлинди.

Энг юқори қувват: Тошкент шаҳри (2 559 кВт), Тошкент вилояти (1 706 кВт) ва Самарқанд вилояти (1 436,5 кВт) етакчилик қилмоқда.

Гелеоколлекторлар бўйича: Андижон (182 та), Наманган (181 та) ва Тошкент вилояти (172 та) масжидларида энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Қайта тикланувчи энергия тизимларининг жорий этилиши электр энергияси ва табиий газ сарфини сезиларли даражада камайтириб, масжидларнинг коммунал харажатларини қисқартириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда.

Келгусида қолган 251 та масжидга қуёш панеллари ва 1 141 та масжидга гелеоколлекторларни босқичма-босқич ўрнатиш ва республикадаги сиғимларни тўлиқ «яшил энергия»га ўтказиш режалаштирилган.

Нодирбек Қодиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси

Ўзбекистон янгиликлари