Шу йил 12 декабрь куни Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган ой, Мавлуди шариф муносабати билан “Биз учун Расулуллоҳ (с.а.в.)да буюк ўрнак бор” мавзуидаги тадбир ўтказилди. Тадбир билим юрти мудири Д.Абдуқодиров бошчилигида ташкил қилиниб, унда ЎМИ Хоразм вилоят вакили Х.Абдуллаев, Тошкент ислом институти мударрислари Соатмурот Примов, Абдурасул Тошполатовлар иштирок этишди.
Тадбирни билим юрти мударриси Д.Эсонов олиб борди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни билим юрти мудири Д.Абдуқодиров очиб бериб, “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётларини ўрганиш ва унинг аҳамияти” мавзуида гапириб ўтди. Тадбир давомида талабалари орасида Ҳадис айтиш бўйича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётларидаги муҳим воқеа ҳодисаларни ҳамда саҳобалар исмларини санаб бериш каби беллашувлар ташкил қилинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари орасида ҳам сийрат бўйича викторина саволлари ўйналди.
Беллашувлардан сўнг, талабалар томонидан Имом Барзанжий (р.а.) қаламига мансуб “Мавлуд” асари ўқилиб, дуолар қилинди. Шу билан бирга тадбир давомида Х.Абдуллаев, С.Примов, А.Тошполатовлар Мавлуди шариф ва унинг аҳамияти, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг биз учун гўзал ўрнак эканлари тўғрисида маърузалар қилишди.
Тадбир сўнггида беллашувда ғолиб бўлган ҳамда тадбирда фаол қатнашган талабаларга эсдалик совғалари берилди.
Олимжон АДИЛОВ,
билим юрти мудири ўринбосари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси