Мусулмон киши ҳар кунги кундалик ишидан ёки бирор сафардан қайтар экан уйга кириш одобларига риоя қиладиган бўлса ўзи билган ва билмаган кўплаб яхшиликларга эришади. Шунинг учун бошқа одоблар сингари уйга кириш одобларини ҳам яхши ўрганиб уларни ўзининг одатига айлантириб олишга уриниш лозим. Уйга кириш кириш одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб: дарвозани тақиллатиш ё қўнғироқ чалишда қўполлик қилмаслик
Мусулмон киши уйига киришда дарвозасини оҳиста тақиллатиши, ёки эшик қўнғироғини қисқа чалиши лозим. Эшикни қаттиқ тақиллатиш, ё эшик қўнғироғини кетма-кет чалиш уй аҳлига нисбатан беодоблик ҳисобланади. Бундай беодоблик уй аҳлларининг қалбларига ҳадик ва қўрқув олиб келиб ўртадаги меҳр-муҳаббат ришталари дарз кетишига сабаб бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳнинг дарвозаларини биров қўполлик билан тақиллатиб турганида у зот эшикни очиб: “бу миршабларнинг тақиллатиши-ку”, деб танбеҳ берган эканлар.
Иккинчи одоб: Уй аҳлига келганини билдириб қўйиш
Уйига қайтган киши уйидагилар унинг келганини сезишмай қолса томоқ қирибми, ё қаттиқроқ қадам босибми келганини уларга билдириб қўйиши керак. Ушбу одобга риоя қилиш турли тушунмовчиликларнинг олдини олади. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ: “уйига кирган киши томоғини қириши ёки оёқ кийимларини тақиллатиши мустаҳаб бўлади”, деган.
Учинчи одоб: Ўнг оёқ билан кириш
Уйга кираётган киши ўнг оёғи билан кириши мустаҳаб саналади.
Тўртинчи одоб: Уйга кириш пайтида Аллоҳ таолони зикр қилиш
Уйига кираётган киши Аллоҳ таолони зикр қилса қандай яхшиликларга эришишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ لاَ مَبِيتَ لَكُمْ وَلاَ عَشَاءَ. وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ. وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ ». رَوَاهُ مُسْلِم
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитган экан: агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида ва таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой ҳам йўқ, кечки овқат ҳам йўқ, дейди. Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой топилди, дейди. Агар таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, у: сизларга тунайдиган жой ҳам, кечки овқат ҳам топилди, дейди. Муслим ривояти.
Шунинг учун уйга киришда ҳам, овқатланиш олдидан ҳам Аллоҳни зикр қилиш мусулмон кишининг муҳим одоби бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилганган шайтоннинг шерикларига “сизларга кечки овқат йўқ” дейди, деган гап ҳақида уламоларнинг икки хил машҳур қарашлари бор:
1. Аҳли ҳадислар ва фақиҳлар: шайтонлар ҳақиқатан инсонларнинг овқатларига шерик бўладилар. Яъни, улар ўша овқатнинг ҳидиданми ё намлигиданми озуқаланишлари мумкин.
2. Баъзи уламолар: бу истиъора ва мажоз йўлига кўра айтилган. Яъни, “бисмиллаҳ”сиз овқатланадиган кимсанинг озуқасида барака бўлмайди, маъносида айтилган. Чунки унинг бу иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мухолиф, шайтоннинг ишига мувофиқ бўлиб қолган бўлади.
Бошқа бир ҳадисда эса уйига кираётган киши қандай дуо ўқиши кераклиги шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشَعَرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا وَلَجَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَلْيَقُلْ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا ثُمَّ لِيُسَلِّمْ عَلَى أَهْلِهِ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Абу Молик Ашъарийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: агар бир киши уйига кирса: “эй Аллоҳим, мен Сендан кириладиган жойнинг яхшисини ва чиқиладиган жойнинг яхшисини сўрайман, Аллоҳнинг номи билан кирдик ва Аллоҳнинг номи билан чиқдик ҳамда Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик”, десин. Сўнгра аҳлига салом берсин. Абу Давуд ривояти.
Ушбу дуо уйга кундузи киришда ҳам, кечаси киришда ҳам ўқиладиган умумий дуо ҳисобланади.
Бешинчи одоб: Уй аҳлига салом бериб кириш
Юқоридаги ҳадисдан ҳам маълум бўлдики уйига кирувчининг аҳлига салом бериб кириши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш ҳисобланади. Бошқа суннатларда бўлганидек бу суннатга амал қилганлар ҳам тинчлик-хотиржамлик, ўзаро меҳр-муҳаббат сингари кўплаб яхшиликларга эришади.
Олтинчи одоб: Мисвок ишлатиш
Уйга киргандан сўнг дастлаб мисвок ишлатиши ё тиш чўткаларидан фойдаланиш ҳам уйга киришнинг одобларидан саналади. Зеро бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажариш ҳисобланади. Бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз шундай хабар берганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا دَخَلَ بَيْتَهُ بَدَأَ بِالسِّوَاكِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйга кирсалар дастлаб мисвок ишлатардилар. Муслим ривояти.
Ушбу одобга риоя қилган киши аёлига ҳам эҳтиром кўрсатган ва у учун зийнатланган ҳам бўлади.
Еттинчи одоб: Икки ракаат намоз ўқиш
Уйдан чиқишда икки ракаат намоз ўқиб чиқиш мандуб бўлганидек, уйга қайтиб киргандан сўнг яна икки ракаат намоз ўқиб олиш ҳам мандуб амал ҳисобланади. Яъни, қилмаслик ҳам жоизу аммо қилиш афзал амал ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ عَنِ النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا دَخَلْتَ إِلَى مَنْزِلِكَ فَصَلِّ رَكْعَتَيْنِ يَمْنَعَانِكَ مِنْ مَدْخَلِ السُّوءِ رَواهُ البَزَّارُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: агар манзилингга кирсанг икки ракаат намоз ўқигин улар сени ичкаридаги ёмонликдан тўсади. Баззор ривояти.
Уламолар ушбу ҳадисдаги намоз ўқишга амр فَصَلِّ шаклида فَ ҳарфи билан бўлган, шунинг учун уйга кириш билан бошқа ишга машғул бўлмасдан дастлаб икки ракаат намоз ўқиб олишга уриниш суннат бўлади, деганлар.
Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечириб уларнинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Инсонлар учун энг муҳим нарса бўлган илмнинг давом этишида устоз ва китобнинг ўрни ниҳоятда катта. Илму маърифат шамчироғи инсоният тарихи давомида шу икки машъала билангина ёниб, нур таратиб келмоқда. Аммо китоб ҳам устознинг жойини босавермаслиги, балки унинг ичидаги сир-асрорларни таълим беришда устоз асосий ўринни эгаллаши айни ҳақиқат. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръонни нозил қилар экан, унинг учун энг улуғ устоз бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олгани ҳам бежиз эмас. Умуман олганда эса, барча пайғамбарлар мураббийлик вазифаси билан юборилиб, инсонлар таълим-тарбияси билан шуғулланишга масъул этилганлар.
Аждодларимиз кишининг илму фазилатини устозлари сони ва сифатига қараб ҳам ўлчашган. Абул Фазл Заранжарий (427-512/1036-1118) “Имом Абу Ҳанифа маноқиби” номли асарида ибратли бир нуқта қайд этилади. Бухоронинг машҳур олими Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳафс Сағирнинг ҳикоя қилишича, унинг замонида Имом Аъзам ва Имом Шофеъийнинг қай бирлари илмда етукликлари тўғрисида баҳс очилади. Шунда табиийки шофеъийлар Имом Шофеъийни устун санашга майл кўрсатишади. Шунда Абу Ҳанифа тарафдорлари: “Шофеъийнинг устозларини санангизлар-чи, қанча чиқади?” дейишади. Санашса, саксонта экан. Сўнг Абу Ҳанифа асҳоблари у зотнинг олимлар ва тобеинлардан иборат устозларини санашганида тўрт мингтага етган экан.
Айрим олимлар, жумладан, Солиҳий “Уқуд ал-жумон” китобида Абу Ҳанифа ҳазратларининг устозларини бир жойга йиғишга ҳаракат қилганда ҳам уларнинг сони 331 нафарга етган. Заранжарий мисол тарзида уларнинг 133 нафарини келтиради. Демак, Имом Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабларининг пишиқ-пухталиги, мазҳаблар орасида энг кенг тарқалиши ушбу омилга ҳам боғлиқдир.
Ҳанафий мазҳабининг етуклигини бошқа мазҳаб олимлари ҳам тан олишган. Жумладан, моликий мазҳаби вакили Али Тантовий (1909-1999) шундай дейди: “Бугунги кунда ҳанафий мазҳаби энг кенг тарқалган мазҳабдир, шунингдек, у фуруъси (масалалари) ва қавли (сўз ва фатволари) энг кенг, янги қонун-қоидаларни жорий қилиш, янги ҳукмларни ишлаб чиқишда энг фойдалиси ҳамдир. Масалалар қамрови жиҳатидан ундан кейин турадигани моликий мазҳабидир. Мен буни шахсга тегишли турли ҳолатлар қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш жараёнидаги узоқ йиллик меҳнатим жараёнида тушуниб етганман. Бунинг сабаби эса шуки, ҳанафий мазҳаби ислом тарихидаги аббосийлар ва усмонийлар давридан иборат узун муддатда давлатнинг расмий мазҳаби бўлиб келди, бу эса ислом тарихининг тўртдан уч қисми демакдир!”
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳанафий мазҳаби бошқа мазҳабларнинг келиб чиқишида ҳам улкан ўрин тутди, уларга илмий-амалий таъсир ўтказди, энг аввал пайдо бўлиб, шаклланган мазҳаб сифатида устозлик қилди. Бунинг тафсилотлари эса қуйидагича.
Ҳанафий ва моликий мазҳаблари ўртасидаги устоз-шогирдлик:
Абу Ҳанифа ҳазратларининг ўзлари Имом Моликдан ривоят қилди ва Имом Молик ҳам у зотдан баҳраманд бўлди. Бу икки улуғ олим Мадинада учрашганлари ва ўзаро сўзлашиб, бир-бирлари ҳақида яхши сўзлар айтишгани манбаларда қайд этилади. Жумладан, Имом Моликнинг Абу Ҳанифа ҳақида шундай дегани келтирилади: “Агар мана бу тошдан бўлган устунга қараб, уни олтиндан эканлигини айтса, бу сўзига ҳужжат-далил топадиган кишини кўрдим”.
Қози Иёз (476-544/1083-1149) “Тартиб ал-мадорик” асарида шундай келтиради: “(Мисрнинг машҳур олими) Лайс ибн Саъд дейди: “Мадинада Молик билан учрашдим ва дедим: “Пешанангизнинг терини артаётганингизни кўраяпман?” У: “Абу Ҳанифа билан (сўзлашиб) терладим. Албатта, у етук фақиҳдир, эй Мисрий” деди. Сўнг Абу Ҳанифа билан учрашдим ва Имом Моликни назарда тутиб: “Бу кишининг сиз ҳақингиздаги фикри бунча яхши” дедим. Абу Ҳанифа деди: “Аллоҳ ҳаққи, ундан ҳам кўра ҳозиржавоб ва зуҳди (баҳси) тугал кишини кўрмадим”.
Манбалардан маълум бўладики, Имом Аъзам шогирди Имом Муҳаммад Имом Молик ҳузурида ҳам уч йил таълим олган.
Ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари ўртасидаги устоз-шогирдлик:
Имом Шофеъий Имом Моликдан ва Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасандан таълим олган.
Имом Шофеъий устози Имом Муҳаммаднинг юксак даражасини эътироф этар, ҳатто шундай дерди: “Имом Муҳаммад бизнинг ақлимизга мослаб гапирар эди, агар у ўзини ақли билан гапирганида биз унинг сўзларини тушуниб ололмас эдик”.
Имом Шофеъийдан Имом Муҳаммад фазилатига оид кўплаб хабарлар ривоят қилинган. “Тарихи Бағдод” ва “ал-Ансоб” китобларида келган баъзилари қуйидагича: “Муҳаммад ибн Ҳасандан ақллироқ кишини кўрмадим”. Бир киши Шофеъийга: “Сизга фақиҳлар хилоф қилишаяпти” деди. Шунда у деди: “Сен ўзи фақиҳни кўрганмисан? Фақат Муҳаммад ибн Ҳасанни кўрганингда, фақиҳни кўрган бўлардинг. У кўзни ҳам, қалбни ҳам тўлдирарди. Мен Муҳаммад ибн Ҳасандан ҳам заковатлироқ кишини кўрмаганман”. “Мен учун фиқҳда Муҳаммад ибн Ҳасандан ҳам ишончлироқ киши йўқдир”. “Агар уларнинг тилини билмаслигимиз бўлмаганида мана бу кишиларни фаришталар эканлигига ҳукм қилган бўлардик: Имом Муҳаммад фиқҳ илмида, Кисоий наҳв илмида, Асмаъий шеър илмида”.
Имом Заҳабий (673-748/1274-1348) “Сийару аълом ан-нубало” асарида Имом Муҳаммад таржимаи ҳолида дейди: “Ундан Шофеъий ҳам таълим олди ва бу бу олишни жуда кўпайтирди”, яъни Имом Шофеъий Имом Муҳаммаддан жуда кўп илм олган. Ҳатто ундан икки туяга юк бўладиган нарсани ёзиб олганини қайд этган. Баъзи ривоятларда бир эркак туяга юк бўладиган нарсалар ҳақида гап кетади, чунки эркак туя урғочисига қараганда кўпроқ юк кўтаришга қодир бўлар экан.
Саймарийнинг (351-436/) келтиришича, Имом Шофеъий дейди: “Мен ўзимга Моликнинг, сўнг Муҳаммад ибн Моликнинг устозлигини эътироф этаман”. Шунингдек, бу китобда келган хабарларга кўра, у Имом Муҳаммадни Қуръон, фасоҳат, ҳалол-ҳаром, фиқҳий иллатлар, носих-мансухлар борасида унингдек билимдон кишини кўрмаганини айтган. У Имом Муҳаммадга хат ёзиб, унга китобларини нусха кўчириш учун бериб туришини сўраган. Бу иш кечиккач, шеърий мактуб юбориб мана бундай қилиб эслатган:
Кўзлари уни кўрган унингдек кишини кўрмаганга айт
Уни кўрган ундан олдингиларни ҳам кўргандек бўлувчига айт:
Илм ўз аҳлини уни аҳлидан ман этишдан қайтарур
Лозимки, уни аҳли учун камайтирмай сарф этар шояд.
Буни ўқигач, Имом Муҳаммад китобларни ўз вақтида чиқариб юборган экан. Эътиборлиси, кўплаб манбаларда келтирилган ушбу шеър Имом Шофеъийнинг “Девон”ида ҳам мавжуд.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, Имом Шофеъий ўз “Муснад”ида Имом Муҳаммаддан ривоят қилган, демакки, у ҳадис соҳасида ҳам унинг шайх-устозларидан саналади. Ушбу “Муснад”да Имом Шофеъий ундан Имом Абу Юсуф, Имом Молик ва бошқа олимларнинг ҳадисларини нақл қилган. Бир ўринда эса Имом Шофеъий уни ҳадисда ишончли ровий санаб, шундай дейди: “Бизга Муҳаммад ибн Ҳасан ва бошқа ҳадис ривоятида сидқ аҳлидан бўлган кишилар ривоят қилишдики…”.
Имом Заҳабий “Тарих ал-ислом” асарида келтиришича, Имом Шофеъий дейди: “Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларига олтмиш динор сарфладим. Сўнг улардаги нарсаларни тадаббур қилиб кўрдим ва ҳар бир масаланинг ёнига ҳадис қўйиб чиқдим”.
Имом Шофеъий ундан нафақат илм, балки одоб ҳам ўрганган. Бунга унинг қуйидаги сўзи далолат қилади: “Ким билан баҳс қилган бўлсам, юзи ўзгарган, бундан фақат Муҳаммад ибн Ҳасан мустаснодир”.
Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаблари ўртасидаги устоз-шогирдлик:
Имом Аҳмад эса ўз навбатида Имом Шофеъийнинг шогирди саналади. Шунингдек, Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг пешқадам шогирди Имом Абу Юсуфдан бевосита таълим олган ва Имом Муҳаммад китобларидан фиқҳни ўрганган. Имом Заҳабий “Тарих ал-ислом” асарида шундай келтиради: “Ҳадис ёза бошлаган давримнинг бошида Абу Юсуфга қатнар ва ундан ёзиб олардим. Шундан сўнг бошқалардан таълим олдим”.
Хатиб Бағдодий (392-463/1002-1072) “Тарих”ида, Имом Заҳабий “Сийару аълом ан-нубало” асарида Иброҳим Ҳарбийдан шундай ривоят қилади: “Имом Аҳмадга дедим: “Бу дақиқ ва нозик масалаларни қаердан олгансиз?” У: “Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларидан” деди.
Машҳур олим Ибн Ражаб Ҳанбалий (736-795/1335-1393) дейди: “Имом Аҳмад аввало Абу Ҳанифа асҳобларининг китобларини ёзиб, ўрганди, уларнинг фиқҳдаги усулларини тушуниб олди”.
Юқорида Имом Шофеъий ҳаётида Имом Муҳаммад қанчалик катта ўрин тутганлигини ўргандик. Ўз навбатида Имом Аҳмаддан шундай ривоят қилинади: “Агар Шофеъий бўлмаганида ҳадис фиқҳини танимаган бўлардик”. Демак, Имом Аҳмад ҳанафий олимлардан ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсирланган.
Самъоний (506-562/1113-1167) “ал-Ансоб” китобида шундай келтирилади: “Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, у зот шундай деди: “Агар бир масалада уч кишининг сўзи мавжуд бўлса, уларга қарши бориб бўлмайди”. “Мен: “Улар ким?” деди. У деди: “Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан. Абу Ҳанифа қиёсда, Абу Юсуф осор (ҳадис ва ривоятлар)да, Муҳаммад эса араб тилида одамларнинг энг билимдонидир”.
Дарҳақиқат, хулоса қилиш мумкинки, ҳанафий мазҳаби олимлари фиқҳнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлишган. Буни Саймарий келтирган Имом Шофеъийнинг етук шогирди Музанийнинг ҳанафий олимлар ҳақидаги қуйидаги сўзи ҳам тасдиқлайди: “Худо ҳаққи, улар гапиришганда қулоқларни (илмга) тўлдиришарди ва фақиҳларга улар ғафлатда қолишса ёпилиб қоладиган нарсаларни очиб беришарди”. Шунда унинг асҳоблари унга ажабланиб қарашди. У эса деди: “Худо ҳаққи, мен буни ўзимча айтаётганим йўқ, ҳатто Шофеъийнинг бундан ҳам кўпроқ нарсани айтганини эшитганман”. Ҳа, Имом Шофеъийнинг ҳам шундай дегани ривоят қилинади: “Муҳаммад ибн Ҳасандан бир эркак туяга юк бўладиган нарса ёзиб олганман. Агар у бўлмаганда илмда менга кашф бўлган нарсалар очилмас эди”.
Бунинг сабаби сифатида эса Абу Ҳанифанинг устозлар силсиласи фақиҳлардан ташкил топгани айтилади. Жумладан, Имом Муҳаммад ибн Мансур Шерозий (ваф. 381/991) ўзининг “Тақдиму мазҳаб Имом Аби Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифа мазҳабининг пешқадамлиги) асарида буни таъкидлаб дейди: “Кўрамизки, бошқа фақиҳлар силсиласи уларда бўлгани каби эмас”.
Умуман олганда, ушбудек устоз-шогирдлик анъаналари бутун бошли ислом фиқҳининг шаклланиши, оёққа туриши ва тарқалишига сабаб бўлди. Сўнг бу илм айнан устоз-шогирдлик анъаналари орқали давом этиб, бугунги кунимизгача етиб келди ва унинг бундан кейинги тириклиги ҳам айнан муҳтарам устозлар туфайлидир. Умуман олганда эса, барча илмлар устозлар ва уларнинг шогирдлари орқали яшайди ва давом этади.
Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий. ал-Муснад. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1400/1980.
Шамсулаимма Абулфазл Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Жобирий Ансорий Заранжарий Бухорий. Маноқиб ал-Имом Аби Ҳанифа. – Истанбул: Дор ас-саммон, 1442/2021.
Имом Муҳаммад ибн Мансур ибн Маймун Шерозий Ҳанафий. Тақдиму мазҳаб ал-Имом Аби Ҳанифа ан-Нўъмон фил-жумлати ъала саири фуқаҳоил-амсор. – Қоҳира: Дор ас-солиҳ, 1442/2021.
Абулфазл Қози Иёз ибн Мусо ибн Иёз ибн Амр Яҳсубий Сибтий. Тартиб ул-мадорик ва тақриб ул-масолик. VIII. – Марокаш: Визарот ул-авқоф ва-ш-шуъун ул-исломийя, 1403/1983.
Ҳусайн ибн Али Саймарий. Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳабуҳу. – Туркия: Дор ас-сирож, 1444/2023.
Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод ав мадинатис-салом. XIV. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1417/1997.
Абу Саъид Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий Самъоний. ал-Ансоб. XII. – Қоҳира: Мактабату Ибн Таймийя, 1400-1404/1980-1984.
Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тарих ал-ислом ва вафаят ал-машоҳир ал-аълом. LII. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1407/1987.
Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сийару аълам ан-нубало. XXIII.– Байрут: Муассасатур-рисола, 1993.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий. ал-Муснад. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1400/1980.