Воҳамизга келган меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида дастлаб Ҳаким Термизий мажмуасига ташриф буюриб, унинг мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Ҳаким Термизий зиёратгоҳида олиб борилаётган улкан ободончилик ишлари у зотнинг меросини ўрганиш билан ҳамоҳанг суратда кетаётгани, охирги йилларда Ўзбекистонда Ҳаким Термизий меросини ўрганиш жуда жадаллашгани эътироф этилди. Айниқса, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилиши бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидлаб ўтилди. Зеро, Марказда аллома қаламига мансуб 10 дан ортиқ асар араб тилидан ўзбек тилига ўгирилди ва араб тилидаги халқаро нашрларни амалга ошириш ҳам йўлга қўйилди.
— Ўзбекистоннинг дунё ҳадис илмига тақдим этган энг катта туҳфаси – Имом Бухорий ва у зотнинг бой меросидир. Бухорий мақбараси нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки бутун ислом цивилизациясининг бебаҳо маънавий ва маданий меросидир. Бу маскан ҳар бир ўзбек учун қанчалик азиз бўлса, бутун мусулмон олами учун ҳам шунчалик қадрлидир.
Собиқ шўро тузуми даврида вайрон қилинган ушбу муқаддас қадамжонинг қайта тикланишида ёшлигимда иштирок этганман. Ўша йилларда бу масканнинг яна ўзининг муносиб улуғвор қиёфасига қайтиши учун устозларимиз билан қилган дуоларимиз бугун ижобат бўлганини кўриб, қалбим чексиз қувончга тўлмоқда.
Самарқанднинг шуҳратини янада юксалтирган, Имом Бухорий мақбарасини унинг муқаддаслигига муносиб муҳташам мажмуага айлантирган, Ислом цивилизацияси марказини барпо этган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу ишлар Ўзбекистоннинг ўз тарихи, дини ва маънавий қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашаётганининг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган фундаментал ишлар бугун халқаро миқёсда муносиб баҳоланмоқда. Ислом мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида намоён бўлмоқда. Бу эзгу ишларга ҳисса қўшаётган Ислом цивилизацияси маркази, ИCEСCО ҳамда ушбу соҳада меҳнат қилаётган барча олимлар ва мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ таоло Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини доимо ўз паноҳида асрасин.
Шайхулислом Оллошукур Пошозода,
Кавказ мусулмонлари идораси раиси