Кунларнинг бирида она ва бир ўсмир бола автобусда ёнма-ён ўтириб кетаётган эди. Бир вақт ўғил онасига: “Менга гапирманг” дея қўполлик қилди. Она одамлар олдида ҳижолат тортди.
Буни кузатиб турган бир киши болани олдига келиб: “Қани сен билан бир гаплашиб олайлик” дея сўзида давом этди: “Нега онангни ҳурмат қилмаяпсан? Сенга бир гап айтсам. Онанг нима бўлишидан қатъий назар ҳар доим олдингда. Ёшинг 12, 20, 30 ёки 50 бўлишидан қатъий назар, у сенинг меҳрибон онанг бўлиб қолаверади. Бошқа одам сенга бунчалик меҳрибон бўлмайди. Қани эди, менинг онам ҳам ёнимда бўлсалар эди. Унга қанчалик яхши кўришимни, мен учун энг қадрли инсон эканини ва отасиз катта қилгани учун миннатдорчилик билдиришни хоҳлардим. Биргина уни яхши кўришимни айтсам армоним қолмасди. Сени эса ҳали онанг ҳаёт. Қани энди онангни қаттиқ қучоқлаб, у эшитгиси келаётган гапни айт. У сендан қанчалар хурсанд бўлишини кўрасан”, деб кўзлари ёшланиб нари кетди.
Отангиз, онангиз ҳали ҳаётми? Уларни қадрига етинг. Ҳали шундай вақтлар келадики, кийган кийимларидан ҳам ҳидларини топа олмайсиз.
АЛЛОҲ ҳаёт бўлган ота-оналаримизни саломат қилсин. Бу дунёдан ўтганларини АЛЛОҲ раҳматига олсин!
Акбаршоҳ Расулов,
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
عَنْ أَبِي بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مُرْنِي بِكَلِمَاتٍ أَقُولُهُنَّ إِذَا أَصْبَحْتُ وَإِذَا أَمْسَيْتُ قَالَ: قُلِ اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ رَبَّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكَهُ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ قَالَ: قُلْهَا إِذَا أَصْبَحْتَ وَإِذَا أَمْسَيْتَ وَإِذَا أَخَذْتَ مَضْجَعَكَ.
«Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Менга тонг оттирганимда ва кунни кеч қилганимда айтиб юрадиган сўзларимни амр қилинг», деди.
Шунда у зот:
«Аллоҳумма! фотирас самавати вал арзи, ъалимал ғайби ваш-шаҳадати, Робба кулли шайъин ва малийкаҳу. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаа анта. Аъузу бика мин шарри нафсии ва мин шарриш-шайтони ва ширкиҳи», деб айт. Уларни тонг оттирганингда ҳам, кунни кеч қилганингда ҳам ва ётар жойингни олганингда ҳам айт», дедилар».
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Эй осмонлар ва ерни йўқдан бор қилувчи Зот! Ғайбни ва ҳозирни билувчи Зот! Ҳар бир нарсанинг Робби ва эгаси бўлган Зот! Албатта, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига шаҳодат келтираман. Сендан нафсимнинг шарридан ва шайтоннинг шарри ва ширкидан паноҳ тилайман».
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи