Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Қадр кечасининг 1 сонияси 23 соатдан афзал
1 дақиқаси 58 кундан афзал
1 соати 9 йилу 8 ойдан афзал
1 кечаси 83 йилу 3 ойдан афзал
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кириб келса белбоғларини маҳкам боғлардилар, кечаларини тирилтирар ва аҳлларини уйғотардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бу йилги рамазон ойининг охирги тоқ кечалари:
21 кеча: 20 март (пайшанба)дан — 21 март (жума)га ўтар кечаси;
23 кеча: 22 март (шанба)дан — 23 март (якшанба)га ўтар кечаси;
25 кеча: 24 март (душанба)дан — 25 март (сешанба)га ўтар кечаси;
27 кеча: 26 март (чоршанба)дан — 27 март (пайшанба)га ўтар кечаси;
29 кеча: 28 март (жума)дан — 29 март (шанба)га ўтар кечаси.
Шундай экан, рамазон ойининг охирги 10 кунлигида кўпроқ
- зикр ва дуо қилинг;
- Қуръон тиловат қилинг;
- нафл намозларни кўпайтиринг;
- закотингизни беринг.
- Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматини сўранг.
- ҳар куни хайр-эҳсон ва садақа қилинг;
- фитр садақасини беринг!
Аллоҳим барча мўминларга Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Сени рози қиладиган амалларни қилишга муваффақ айла ва солиҳ амалларимизни қабул эт!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ота-онам мени мажбурлаб эрга бермоқчи, бола билан кўришдим ва кўнглим ғаш бўлиб қолди. Кейин истихора ўқишни бошладим ва барибир кўнглим юмшамади. Уйдагиларга тушунтирдим, лекин мени эшитишмаяпти. Мен қандай йўл тутсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хотин-қизларни мажбурлаб эрга беришдан ман қилинган. Зеро, никоҳ икки томоннинг розилиги билан тузилади. Жувон бўлса, у билан очиқча гаплашилади, бокира бўлса, ундан изн сўралади. Бокира (розилик аломатлари билан) сукут қилса, бу унинг никоҳга изн бергани бўлади.
Барча фиқҳий манбаларимизда келин ва куёв ўз розилигини билдириши (ийжоб ва қабул) никоҳнинг асосий рукни экани баён қилинган. Келин-куёвдан бири никоҳга рози бўлмаса, никоҳ дуруст бўлмайди.
Ота-онанинг вазифаси эса фарзандини бойлик, мансаб ёки бошқа ғаразлар сабабли кўр-кўрона уйланиш ёки эрга тегишга мажбурлаш эмас. Балки фарзандига жуфт бўлаётган йигит ё қизнинг диёнати, хулқ-одобига ва касб-ҳунарига эътибор қилишдир.
Ўз ўрнида турмуш қураётган фарзанд ҳам ота-онасининг тавсиялари ўринли бўлса, қабул қилиши, қайсарлик қилмай уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиши керак.
Хотин-қизларни мажбурлаб эрга бериш ҳолатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёлга никоҳ ё ажралишни танлаш ихтиёрини берганлари маълум. Ҳатто бир ҳолатда қиз камбағал йигитни, ота-она эса бой йигитни танлаганида, у зот қизнинг ихтиёрини устун қўйиб:
لم ير للمتحابين مثل النكاح
«Бир-бирини яхши кўрганлар учун никоҳдан яхшиси йўқдир", дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Валлоҳу аълам"
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.