Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Тўра бува" жоме масжиди имом ноиби Элёр домла Асқаровнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум домлани Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум домланинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Элёр домланинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича кўчма семинар бугун республикамизнинг Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида ташкил этилди. Қораўзак туманидаги марказий "Идрис эшон" жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг 5 та масжиди ва 19 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 101 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳолидан хабар олди, яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари тингланди. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 101 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бориш, иш юритиш, жамоани бошқариш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга, "Тинчлик бахти. Шукроналик. Илм олиш фазилати. Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш. Миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари" каби долзарб мавзуларда маърузалар қилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари имом-хатибларининг маънавий-маърифий, масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида қозиёт қозиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак туманидаги "Идрис эшон" масжидининг янгидан қурилаётган биносининг қурилиш ишлари билан танишди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими