Шу йил 24 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида "Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси мутасадди вакиллари, Фатво маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Юртимиз вакиллари билан бир қаторда Туркия, Миср, Россия, Ҳиндистон каби давлатлардан 60 дан ортиқ етакчи олимлар, профессорлар, тадқиқотчилар ва илмий ходимлар ушбу конференцияда қатнашди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирни Тошкент ислом институти Матбуот котиби Абдуқаййум Исмоил олиб борди.
Дастлаб Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров тадбирни табрик сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқовлар юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни сўзлаш баробарида мавзу юзасидан маъруза қилиб, айни масаланинг ечимлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Анжуман “Қуръоншуносликнинг долзарб масалалари”, “Глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни” деб номланган икки шўъба ўз фаолиятини давом эттирди. Унда юртимиз ва хориж олим ва тадқиқотчилар мавзу борасида чиқишлар қилишди.
Халқаро илмий-амалий анжуман якунида бугунги кундаги динимизнинг асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувларларга оид масалаларни таҳлил этиш баробарида уларнинг ечими бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.
Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ