Зарафшон воҳаси тарихида тариқатдан сабоқ беришни даъво қилувчилар, сохта тариқатчилар ҳам учрайди. Сохта тариқатчилар деганда, тасаввуфнинг фақат ташқи жиҳатларига, маросим ва турли зикр мажлисларига асосий эътиборни қаратиб, унинг фалсафий-ирфоний хусусиятларидан бехабар фаолият юритаётган, муайян бир кишини пир санаб, унинг этагидан тутувчи, жамиятнинг бошқа аъзоларидан четлашиб, пир хизматини ҳаётдаги энг асосий мақсад, деб билувчи жоҳил кишилар ёки жамоалар, гуруҳлар тушунилади. Улар фаолиятида тасаввуф таълимотида, шариат аҳкомларидан келиб чиқиб, қабул қилинган тартиб-қоидалардан четга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунинг сабабларидан бири, улардаги мутаассиблик ғояларигина эмас, тасаввуф тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида илмий асосланган, мисол ва фактлар билан исботланган тушунтириш ишлари етарли эмаслигидадир. Баъзи замонавий тариқат вакиллари ўз тариқатларидаги айрим ҳаракатлари билан кишилар эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар минг йиллар олдин шаклланиб, муқаддас деб улуғланган диний аҳкомларнинг илдизларини тўла-тўкис тушунмайдиган кишилар онгини заҳарламоқда.
Тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги тўғрисидаги масала ҳам, айни пайтда, долзарб.
Сохта шайхлар жоҳил, илмсиз суфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Илм талаб қилишни рад этувчи “тариқатчилар” қуйидагиларни далил қилиб келтиради: “Аввало, илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики, инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ” [12]. Тариқатчилар фаолиятида ҳам исломга мутаносиб келмайдиган баъзи бидъат ва хурофотлар борки, уларни илмий асосда бартараф этиш зарур.
ХВИИ асрда Аҳмад Сирҳиндий айнан шундай масалаларни ислоҳ қилиш мақсадида “Мактубот” [5] асарини ёзган. Асарда тасаввуфнинг моҳиятини содда иборалар билан шарҳлаб, ёт қарашларга ишончли ҳужжат ва далиллар билан раддия берган. Унинг мактублари ўз давридан кўра кўпроқ келажакка хитоб [4] қилган. Улар ўз давридан кўра келажакка аталган мактублардир.
Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул ожизин” асари ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, тарих, сийрат ва адаб илмларини ўзида жамлаган мўътабар манбадир. Унда ислом асосларини ўргатувчи энг муҳим фан бўлган ақидага оид масалалар туркий тилда шарҳланган. Асарда Аллоҳ таолонинг маърифати, тавҳиди, сифатлари, имон, фаришталар, қабр азоби, қиёмат, умрнинг фонийлиги ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, авлиёлар каромати, пири комиллар, ризо ва сабр, тама, дунё ҳийлаларидан қочиш, кибр, таваккул, дарвешлик, мулойимлик, эзгулик, ҳақирлик, садоқат каби инсон камолотини белгиловчи фазилатлар ва ҳолатлар содда тил ва таъсирчан руҳда баён этилган. Шунингдек, ўша даврдаги ўн тўртта бидъат таълимот жиддий танқид қилиниб, уларнинг муддаолари ўринсиз экани очиб берилган.
Сўфи Оллоҳёр – равшания, аббосия, ҳуббия, малоҳид, авлиёия, ҳулулия, ҳурия, воқифия, мутакосила, илҳомия ва иддаоия каби “сохта тариқат”лар ва уларнинг нотўғри “иддао”ларига муносиб раддия берган.
Жумладан, ҳуруфийлар икки гуруҳга бўлинган: авбошийлар ва равшанийлар. Равшания – ҳуруфийлардан ажралиб чиққан бўлиб, жаҳрий зикр билан шуғулланган. “Жазба аҳлимиз” деб, девона қаландар бўлиб, шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юрган. Оқшомлари жам бўлиб, турли мусиқа асбоблари – най, қўбиз кабиларни чалиб, ҳикматлар айтган. Йиғилган хотинлар ва ёш йигитлар жўр бўлиб ашула айтган [7]. Албатта, бу шариат ва тариқат қоидаларига мутлақ тўғри келмайди. Бу даврда авбошийлар кўпайиб кетгани таъкидланган.
Аббосия – фаҳш ва гиёҳвандликка мубтало бўлган. Ҳуббиялар эса Аллоҳни қаттиқ севса, шариат аҳкоми соқит бўлишини айтишган.
Сўфи Оллоҳёр бундай дейди:
“Яқин билгилки, баъзи номусулмон,
Демиш: “Вақтики қурбат топса инсон,
Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин”,
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид,
Шариатга эрур ул фирқа жоҳид”.
Буларни танқид қилиб юзи қаро бўлгани, бу ботил сўз эканини таъкидлаб, малоҳидларнинг бу иддаолари шариатга зидлигини тушунтириб, кескин раддия беради. Асрлар давомида шаклланган исломий дунёқарашнинг бузилиши ва носоғлом муҳитнинг вужудга келишига сабаб бўладиган бу таълимотларга эргашмасликка чақиради. Такаббур бўлмаслик, қиёматда насабдан сўралмаслиги, “қорача” “хожа”дан ёки “муаллим” “саййид”дан юқори туриши мумкинлиги тушунтирилган. Бу иллатларга биргаликда курашиш [7] зарурлиги таъкидланган.
Жалолиддин Румий бундай дейди:
Нист дунё нуқраҳу фарзанди зан,
Чист дунё? Аз Худо ғофил будан.
Яъни сен бойликни ҳам, аёл ва фарзандни ҳам дунё деб билма, улардан юз ҳам бурма! Сени нима ғафлатда тутса, нима ҳақиқатдан узоқлаштирса ана шуни дунё деб билгил. Инсоннинг оиласи ва яқинларига доимо меҳр-оқибат билан муносабатда бўлиши чин инсонийлик намунасидир.
Юқорида номлари зикр қилинган бир қанча ботил тариқатлар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кескин танқид остига олинди. Нотўғри бўлганлиги боис уларнинг аксарияти тарих саҳнасидан тушиб қолди.
Муайян тариқат пири шариатдан бехабар бўлса, унинг ортидан эргашганлар ундан-да саводсиз бўлса, бу ҳолат нима билан якун топишини тасаввур қилиш мумкин. Улар атрофга жаҳолат тарқалади ва халқ маънавиятига салбий таъсир кўрсатади. Мана шу каби “сохта тариқат”чиларнинг “сохта” даъволари жамият орасида гоҳ-гоҳида тўлқинланиб туради. Жумладан, “Пирга қўл берган кишининг қазо намозлари соқит бўлиши”, “Пухта илм олишлик шарт эмаслиги”, “Чап қўл билан синдирилган нонни емаслик”, “Пир таҳорат қилган сув муқаддаслиги” каби бир қатор ношаръий иддаолари аҳолининг турли тушунмовчиликларига сабаб бўлмоқда.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламмуборак ҳадисларидан бирида бундай дейдилар: “Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло роҳиблик, яъни таркидунёчилик йўқ эканлиги хабарини қуйидаги оятда марҳамат қилган: “Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқдурлар” (Ҳадид сураси, 27-оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: “Исломда роҳиб (таркидунёчи)лик йўқ” [8:11].
Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.
Тасаввуф асоси – Қуръони карим ва суннати мутаҳҳаро устида бунёд этилган. Тасаввуф қоидаси: “Ҳар бир диний фикрий ёндашув илмийдир”. Тасаввуф ҳар томонлама қалбни софлаш, тозалаш, тафтиш қилиш, тушуниш ва мулоқот қилишни талаб қилади. Унинг ички қоидалари шариат фиқҳига асосланган бўлиб, шариат каби ислоҳот ва тадриж жараёнини ҳам қабул қилади.
Яссавия тариқати пешволари “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваз-зориёт сураси, 56) оятидан маърифатни тушунишади. Маърифатдан таъбир эса ибодатга ишора бўлиб, маърифат ибодатсиз ҳосил бўлмаслиги [6] айтилган.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини ҳар бир ишда мўътадил бўлган, адолатли уммат эканлигини таърифлаб:
“Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” [10] дейди.
Яъни бу уммат ўз ақидасида, амал ва ҳукмларида мўътадил бўлган умматдир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўз каломи шарифида алоҳида улуғлаб, уларни ҳақ йўл сари ҳидоят қилди ва амалларида мўътадил уммат қилдик, деб таърифлади. Чунки динда чуқур кетиш ҳамда диннинг қатъий бўлмаган аҳкомларида мутаассибона амалда бўлиш тўғри йўлдан адашиш ва ҳалокатнинг омилидир. Уларга шайтон амалларини чиройли кўрсатиб қўйганлиги сабабли турли бидъат, хурофот ва ҳатто ширк амаллар содир бўлади.
Шубҳа йўқки, тариқат пешволари сабабли бу дин аҳкомлари, шариат одобларини алоҳида эътироф этиш лозим. Бироқ ўзини тариқат соҳиби, ёхуд диннинг асл жонкуяри сифатида кўрсатиб, шариат илмидан бехабар ҳолда тариқатда пешволикни даъво қилаётган, Аллоҳ ва пайғамбарининг буйруғи бир четда қолиб, динда бўлмаган, тоқатдан ташқари амалларни тарғиб қилаётган кимсаларнинг “тариқат” номи билан иш юритаётгани ҳам кўз юмиб бўлмас ҳолатдир.
Аслида шариат аҳкомларини жорий қилиш ёки бирор ибодатни фарз қилиш Аллоҳ таолога ва Унинг изни билан пайғамбарларига хосдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда, эътиқодда қай даражада бўлиш лозимлигини кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, дедилар. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турганларида, ўзига тўғри йўлни кўрсатишни сўраб келган муридга тоқатидан ташқари вазифаларни юклаш, таркидунёчиликни тарғиб қилиб, ибодатларга муккасидан кетишга буюриш суннати мутаҳҳарога зид йўлдир. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир” [2], деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини белгилаб берганларидан кейин ҳам таркидунёчиликка тарғиб қилиб, “пирсиз яшашни динсизлик” деб даъво қилаётганлар шариатнинг қайси далилига суянмоқда?
Дарҳақиқат, ислом дини навқирон, бағрикенг диндир. Аллоҳнинг даргоҳида шоҳ ҳам, гадо ҳам, фақиру дунёдор ҳам, гуноҳсизу гуноҳкор ҳам, олиму жоҳил ҳам, соғлому бемор ҳам нажот излаб, ўз эҳтиёжини топиш илинжида ибодатга юзланади. Ислом эса уларнинг барчасининг тоқатидаги диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динни бошқаларга енгил қилиб тушунтиринглар, оғирлаштирманглар. Ҳамда диндаги яхшилик башоратларини етказинглар, уларни нафратлантириб қўйманглар” [1], деб марҳамат қилганлар ва бу динни барча билан баробар баҳам кўриш лозимлигини уқтирадилар.
Баъзан айрим масжидларда жамоадаги тариқат даъвосидаги айрим одамларнинг ўз имомлари устидан шикоят қилишларини эшитиб ҳайрон қоламиз ёки айрим намозхон биродарларнинг бошқаларга “бош кийиминг йўқ, бўйнингда галстук бор экан, сенинг ибодатинг унақа экан, масжидга келма”, “мени ёнимда намоз ўқима”, “сенинг ибодатинг ибодат эмас”, деган сўзларни айтиб, дил оғритганларини ёхуд тасаввуф даъвосидаги айрим кимсаларнинг бошқалар қўлидан, ҳатто онаси, хотини қўлидан таом емаслиги-ю ўз тариқатида бўлмаганларни “кофир” деб айтишлари кишининг ҳайратини янада оширади.
Ўзларини тариқатга мансублигини даъво қилаётган айрим кимсалар мутаассибликнинг шу қадар чуқур нуқтасига етганки, ҳатто бош кийимсиз намоз ўқийдиганларни, тариқатда бўлмаганларни кофир дейиш даражасига бориб етган [9].
Динда мутаассибона йўл тутиб, фақат мусулмон биродарини айблайдиган, ўзига маъқул бўлмаган иши сабаб уни кофирга чиқарадиган бундай кимсаларнинг масжидга келишидан, ислом арконларини бажариш, ибодат қилишдан мақсади нима? Жамоада бир-бирига нисбатан нафрат уйғотишми? Ёки ўзини дин соҳасида билимдон, тақводор қилиб кўрсатишми? Ёки кимнидир айблаб, жамоада фисқу фасод қўзғашми? Аввало, ибодатдан мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, охират саодатига эришиш экан, демак, бундай кимсалар, биринчи навбатда, ўз ниятларини, мақсадларини тўғрилаб олиши керак.
Инсон маърифатли бўлиши, ўзини англаш, ўрганиш учун аввало нафсини бошқара олиши, бор куч-қувватини илоҳий ишқ йўлида сарфлаши, бутун вужудини идора этиб, уни руҳий камолот учун сафарбар қилиши кераклиги таъкидланади. Ердан яхши ҳосил олиш учун уни барча бегона ўтлардан тозалаб, кейин уруғ сепилгани каби ботинни поклаб, сўнг зикр уруғини сепиш кераклиги тушунтирилади. Шунингдек, инсон маърифатли бўлишда нафсга қарши сабр фазилатини ўзига сингдириши керак. Бу жараёнда ҳалол луқма ва ҳушёрликка алоҳида эътибор бериб, қўл меҳнати билан ҳаёт кечиришни кундалик одатга айлантириш лозимлиги уқтирилган.
Аввало тариқатларда мурид-муршидлик муайян тартиб-қоидалар асосида юзага келиб, қатъий шариатга таянган ва тариқат одобларини ўзида мужассам этган ҳамда муршиднинг кўрсатмаларига риоя этиш шарти билан тариқатга муршидлик қилиш ҳуқуқи пир-муршидлар томонидан берилган. Тариқат муршиди шариат қонун-қоидаларини яхши билиши ва тариқат силсиласи саҳиҳ бўлган устозлар занжирига уланиши асосий шартлардан саналади. Тарихда тариқат маснадига ўтирган муршидларга ўз устозлари томонидан тасдиқланган ижозатномалар берилган. Ушбу ҳужжат муршид, қози ёки замона уламолари муҳри билан тасдиқланган.
Тариқат, юқорида таъкидлаб ўтилгандек, аҳди қатъий, тақвоси мустаҳкам улуғлар йўли. Юқоридаги танқидлар эса соф тариқатнинг асл соҳибларига эмас, ёш йигит-қизларни илм-маърифатдан тўсиб, фарз ва суннат ибодатлардан ташқари яна бир қанча вазифаларни юклаб ташлайдиган, қўштирноқ ичидаги тариқатнинг сохта “пирлари”га тегишли. Соф тариқат ва унинг асл моҳияти ҳамда мақсади алоҳида бир улкан мавзу. Бу мавзуда сўзни мухтасар қилсак, чунки киши имоннинг нималигини таърифлаш учун аввало имонга кирмоғи лозим бўлганидек, тариқат ҳақида холис сўз юритиш учун тасаввуфдан етарли даражада бохабар бўлиш лозим. Бу борадаги тавсиялар, тариқат истаганлар шариат илмини мукаммал эгаллаган, устозлик мақомидаги улуғларга мурожаат қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2008. 1-жуз. – Б. 23, 2-жуз. – Б 392.
Али ибн Ҳисомиддин ал-Ҳиндий. “Канзу-л-аъмол”. – Байрут: “Муассасатур рисола” нашриёти, 1989. 3-жуз. – Б. 428.
Ал-Кутубу ас-ситта. Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Риёз: Дорус салом, 2000. –Б. 8. 69-ҳадис.
Гöрмез, “Аçıлış Конуşмаларı И”, Улусларарасı İмâм-ı Раббâнî Семпозюму Теблиğлери, – Истанбул: Ҳüдâйî Вакфı, 2018. – С. 10.
Муҳаммад Масрур Аҳмад, Жовид Иқбол Мазҳарий, Иқбол Аҳмад Ахтар Қодирий. Жаҳони Имом Раббоний мужаддиди алфи соний шайх Аҳмад Сирҳиндий // Соҳибзода Сожид ар-Раҳмон. Имоми Раббоний ки таълимоти тасаввуф. Т. 2. – Карачи: Имоми Раббоний фонди, 2005. – Б. 501.
Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. – Б. 245.
Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоҳёр илоҳиёти (И қисм). – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси нашриёти, 2001. – Б. 19.
Шамсиддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий. Мабсут. – Байрут: Дорул фикр, 2000. 4-жилд. – Б. 353.
Эҳсон Илҳо Заҳир. Ал-Барилавийяту – ақоид ва тарих Лоҳур – Покистон: “Идорату таржимони ал-сунна”, 2008. – Б. 55, 69, 135.
Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ, 2004. Бақара surasi.143-оят.
Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий. Шарҳус суннат. – Байрут: Мактабатул исломия, 1983. 2-жилд. – Б. 371.
Юлдашходжаев Х. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Тошкент: ТИУ, 2010. – Б. 17.
МEХРОЖИДДИН АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)
Манба: https://www.bukhari.uz/?p=44486&ланг=оз
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан: «Бу сенга ким бўлади?» - деб сўрадилар. У: «Отам», - деб жавоб берди. Шунда у зот: «Унинг исмини айтиб чақирма, олдида юрма ва ундан аввал ўтирмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
***
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Ким отасига кўз қири билан (менсимай) қараса, унга оқ бўлибди».
Изоҳ: «Оқ бўлиш» ибораси араб тилида «кесиш», «узиш» деган маънони билдиради, шаръий истилоҳда эса ота-онага азият бериш, маъсият бўлмаган ишларда уларга итоатсизлик қилиш, уларни ғазаблантириш, норози қилиш, улардан алоқани узишга айтилади. Бинобарин, уни қандайдир қарғишга қолиш, бирор касалликка гирифтор бўлиш маъносида тушунмаслик керак.
***
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Отам вафот этганда бир йил давомида Аллоҳдан фақатгина отамни афв этишини сўрадим».
***
Умар ибн Абдулазиз Ибн Меҳронга шундай деган: «Ота-онасига оқ бўлган кимса билан дўстлашмагин. Чунки уларга оқ бўлган кимса сени ҳам ҳаргиз рози қилмайди».
***
Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтади: «Отанг яқин бўлган кишилар билан боғлангин».
***
Имом Мужоҳид айтади: «Кимни отаси урса, унинг қўлини қайтариши мумкин эмас. Ким ота-онасига тик қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким ота-онасини хафа қилса, уларга оқ бўлибди».
***
Аввом айтади: «Мужоҳиддан: «Агар намозга азон айтилса, шу пайт отам ҳам мени биров орқали чақириб қолса, қайси бирига жавоб қиламан» деб сўраган эдим. У: «Отанг (чақириғи)га жавоб бер», - деди...
***
Мужоҳид айтади: «Отанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».
***
Собит ибн Аслам Буноний айтади: «Биров отасини бир жойда ураётган эди. «Бу нимаси?» - деб сўралди. Шунда отаси: «Қўяверинглар, худди шу жойда мен ҳам отамни урардим. Болам билан шундай балоланиб, ўзим ҳам айни шу жойда уриляпман», деди».
***
Ибн Муҳайриз айтади: «Ким отасини исми ёки лақабини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди».
***
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Ота-онага термилиб боқиш ҳам ибодатдир».
***
Умар ибн Зирр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли вафот этганда: «Аллоҳим, унинг менинг ҳаққимда йўл қўйган камчиликларини кечирдим. Сен ҳам вожиб ҳақларинг борасида камчиликларини мағфират қилгин», - деб дуо қилди. Шунда ундан: «Ўғлинг сенга қандай яхшилик қиларди?» - деб сўралди. У: «Кундузи фақат ортимда, тунда эса олдимда юрарди. Мен турган уйнинг тепасига чиқмас эди», - деди...
***
Муалло ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Маъмуннинг шундай деганини эшитганман: «Фазл ибн Яҳё Бармакийдан кўра отасига яхшилик қилувчироқ кишини кўрмаганман. Айтилишича, унинг отаси Яҳё фақат иссиқ сувда таҳорат қиларди. Улар иккаласи зиндонга тушиб қолганда зиндонбон уларга ҳаво совуқ бўлган куни кечаси ўтин қирқишни тақиқлаб қўйди. Шунда Фазл зиндондаги кичкина хушбўйлик солинадиган идишчага сув тўлдириб, иситиш учун шамчироққа яқин олиб борди ва эрталабгача унга тутиб турди».
Ушбу воқеани Маъмундан бошқалар ҳам келтиради: «Эртаси куни зиндонбон Фазлга шамчироқда сув иситишни ҳам ман қилди. Шунда у идишни тўлдириб, тўшагига ўради ва уни бағрига босиб илитди».
***
Муовия ибн Қуррадан, «Ўғлинг сенга қандай муомала қилади?» деб сўралган эди. У: «У жуда хам яхши фарзанддир. Менинг дунё ишларимни зиммасига олиб, охират ишларим учун фориғ қилиб қўйган».
***
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ким отасининг олдига тушиб юрса, унга оқ бўлибди. Агар унинг йўлидан азиятни кетказиш учун (олдига ўтса) ундай эмас. Ким отасининг исмини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди. «Эй отажон» деса, ундай эмас».
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди