Ислом мутаассибликка мутлақо алоқаси бўлмаган диндир. У ўзига эътиқод қилувчиларни торликка чақирмайди. Ислом манбалари – Қуръон ва суннатда мутаассибликка ундовчи бирор нарса йўқ. Аксинча, кишиларни исломга ундаш Қуръони карим кўрсатиб берганидек, ҳикмат, гўзал мавъиза ва чиройли баҳс ила амалга оширилади. Бу эса мутаассиблик, бирор масалани тор олишга буткул тескари бўлган услубдир.
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, хушхабар беринг нафратлантирманг", - дея марҳамат қилинади. Ушбу чақириқ мутаассибликни инкор этади. Зеро, мутаассибликдан нафрат, бағрикенгликдан эса хушхабар юзага келади. Демак, ислом мутаассибликни инкор этар экан, у террорни, тинч аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришни ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишни ҳам қоралайди. Исломнинг наздида бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг жонига қасд қилиш билан баробардир.
Қуръони каримда бу ҳақда: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди", - дейилади. (Моида сураси, 32-оят) Шундай экан, исломни мутаассиблик билан боғлаш янглишишдир. Дин номидан қўпорувчиликлар қилишнинг муқаддас ислом таълимотига мутлақо алоқаси йўқ.
Абдуваҳоб Яқуббоев,
Наманган тумани "Мирзабой Холтўрабой" масжиди имом-хатиби
@SOFTALIMOTLAR
Самарқанд вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Институт томонидан ташкил этилган ўқув курслари ўз якунига етди.
2026 йил 25 апрель куни бўлиб ўтган машғулотларда асосий эътибор ислом қадриятлари, диний геосиёсат таҳлили, аёлларга хос фиқҳий масалалар ҳамда радикаллашувнинг олдини олиш механизмларига қаратилди.
Институт ўқитувчилари ва Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари томонидан олиб борилган тренинглар очиқ мулоқот шаклида ўтди.
Тингловчилар нафақат назарий билимларини мустаҳкамладилар, балки ҳудудлардаги ижтимоий-диний муаммолар юзасидан мутахассислардан ечимлар олдилар.
Ўқувлар якунида иштирокчилар билан якуний суҳбатлар ўтказилди.
Sammuslim.uz