Оталарни бекорга “давлатим” демаймиз. Улар бор экан, ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. Оталар биз яхши ўқишимиз учун қўлларидан нима келса, қилади. Ўз оёқ кийимлари йиртилиб қолса ямаб кияр, лекин бизга янгисини олиб беради. Ишлари юришмай сал пул топишлари камайиб қолса, сиқилади, лекин буни бизга билдирмайди.
Болалигимизда-чи! Биз ёш бола бўлиб, “уни олиб беринг, буни олиб беринг”, десак, кўнглимизга қарашади. Тирноқларимиз, сочларимизни олиб қўядилар.
Ҳалқимизда “Ота рози – Худо рози”, деган мақол бор. Ҳаёт бўлган оталаримизни қадрлайлик, ўтиб кетган бўлсалар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Бир гап – улар ҳатто ўтган бўлсалар ҳам бизнинг давлатларимиз экан.
Эй умрим жавҳари, давлатим отам,
Диллари қуёшдир, меҳрибон отам,
Сизга издошдирман то умрим қадар,
Бошимда доимий соябон отам.
Бу дунё синовли ёлғончи гўё,
Ўтгайдур умрлар мисоли дарё,
Дўст деган улфатим бўлса-да аммо,
Бўлолмас сиз каби қадрдон, отам.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Ҳаж амалларини ниҳоясига етказиб, бирин-кетин она Ватанга қайтиш тадоригини кўраётган Макка шаҳридаги юртдошларимиз учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассислари, таниқли имом-хатиблар ва элликбошилар томонидан ҳар куни маърифий суҳбатлар ташкил этилмоқда.
Ушбу учрашувларда зиёратчиларга ҳожиликнинг мазмун-моҳияти, ушбу улуғ мақомнинг фазилатлари ҳамда ҳожининг одоб-ахлоқи ҳақида атрофлича тушунчалар берилмоқда. Айниқса, ҳаждан кейин шарафли мақомга муносиб ҳаёт кечириш, тақво, ҳалоллик ва эзгу амалларни кундалик ҳаёт мезонига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, халқимиз орасида учраб турадиган айрим ноўрин урф-одатлар, хусусан, ортиқча исрофгарчиликка олиб келувчи «ҳожи тўйи» каби маросимлардан сақланиш лозимлиги, ҳажнинг асл руҳи камтарлик, шукроналик ва хайр-саховат эканлиги таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, ҳожиларнинг жамиятда эзгулик ва маърифат тарғиботчилари бўлишлари, маҳаллаларда аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёшлар таълим-тарбиясига ҳисса қўшиш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш ва юрт тараққиётига хизмат қилиш каби муҳим вазифалари хусусида ҳам зарур тавсиялар бериб ўтиляпти.
Маърифий суҳбатлар якунида Қуръони карим хатмлари бахшида қилиниб, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ҳамда Давлатимиз Раҳбари ҳаққига хайрли дуолар қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмат