Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир инсонга нисбатан муҳаббатли бўлишнинг иккинчи сабаби – унинг ҳусну жамолидир. Инсон зоти хушсурат кишини, чиройли нарсани ёки чиройли манзарани кўрганда кўнгли беихтиёр унга мойил бўлади. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шу даражада ҳусну жамол ато этганки, буни баён қилиб бериш мушкул бир ишдир.
1. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: »إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ «رواه مسلم.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ гўзалдир, У Зот гўзалликни яхши кўради», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Агар Аллоҳ таоло чиройни севса, Ўз маҳбуби деб, Ўзи яратган зотга қанчалик ҳусн ато этган бўлади?
2. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло қайсики набийни жўнатмасин, уни ниҳоятда хушовоз ва хушсурат қилиб яратган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларнинг барчаларидан гўзал ва хушовоз эдилар» (Шамоили Термизий).
3. Аллома Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: «Набиййи акрамнинг тўлиқ жамоллари зоҳир қилинмаган, йўқса у зотга қарашга инсон зотининг тоқати етмас эди», деб ёзганлар.
4. Муфтий Илоҳий Бахш Кондеҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ «Шиймул Ҳабиб» китобларида бундай ёзадилар: «Бунча ҳусну жамоллари билан одамларнинг у зотга Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлгандек ошиқ бўлиб қолмаганининг сабаби – Аллоҳ таолонинг рашки туфайлидир. Аллоҳ таоло одамларга у зотнинг жамолларини тўлиғича кўрсатмаган».
5. У зот алайҳиссалом бир ҳадиси шарифда «Биродарим Юсуф сабиҳдир, мен эса малиҳман (дилкашман)», деганлар.
6. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Мусо алайҳиссаломга хитобан бундай марҳамат қилади:
﴿وَأَلْقَيْتُ عَلَيْكَ مَحَبَّةً مِّنِّي﴾
«Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим» (Тоҳа сураси, 32-оят).
Муфассирлар бу оятнинг баёнида бундай шарҳ ёзганлар: «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг кўзига шу даражада малоҳат бердики, кимки у зотга қараса, маҳлиё бўлиб қолар эди. Агар у зотнинг кўзларига қараб, Фиръавннинг қалби юмшаган бўлса, бошдан-оёқ малоҳатга лиммо лим бўлган Набийи акрамга боққан кишининг ҳоли қандай бўлган экан?».
9. Саййида Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набийи акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келиндан ҳам ҳаёли эдилар. Агар Зулайҳонинг дугоналари Юсуф алайҳиссаломни кўриб, қўлларини кесган бўлсалар, Расулуллоҳни кўрганларида қўлларини эмас, юракларини кесиб, пора-пора қилган бўлардилар” (Шарҳи Шамоил).
Саййида Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бундай назм битганлар:
لنا شمسٌ وللآفاق شمسٌ
وشمسی خیرُ من شمسِ السماءِ
Таржима:
Бизда ҳам қуёш бор, уфқларда ҳам қуёш бор,
Аммо менинг қуёшим осмондаги қуёшдан афзалдир.
10. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум айтадилар: «Қачон Расулуллоҳга қарасак, у зотнинг чеҳралари бамисоли Қуръони каримнинг варағи каби эди».
11. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг набираси Робиъ бинти Масъуд розияллоҳу анҳодан «Расулуллоҳнинг кўринишларини сўзлаб беринг», деб сўрадилар. Шунда у зот: «У зотни кўрсанг, гўёки саҳар пайти чиқаётган қуёшга қараётгандек бўласан», дедилар.
12. Бир киши ҳазрат Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари шамширнинг жилоланиши каби ялтирар эдими?» деб сўраган эди, у зот шу заҳоти: «Йўқ! Йўқ! У зотнинг юзлари қуёш ва ой каби порлар эди», деб жавоб бердилар.
13. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бундай ҳикоя қиладилар: «Мен у зотни диққат билан кузатдим, доимо у зот билан бирга бўлдим ва юзларини кўриб, ёлғончи эмасликларига ишонч ҳосил қилдим. Сўнгра яқинлашиб бориб, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир», деб гувоҳлик бердим».
14. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг ҳидларидан хушбўйроқ мушк-анбар ёки бошқа нарсанинг ифорини ҳидламаганман», деганлар.
Хушо чашмики дид он рўйи зебо,
Хушо дилки дорад хаёли Муҳаммад.
Таржима:
Не бахт кўзгаки, кўрди ул гўзал юзни,
Не бахт дилгаки, кўтарди Муҳаммаднинг муҳаббатини.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризқ инсонлар дунё ишларидан излаган, қидирган ва сўраган нарсаларининг барчаси эмас, балки бир бўлагидир. Кимдир дунёда аёл излайди ва бу эса инсонни дунёдан излайдиган нарсаларининг энг муҳимидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё бир матоъ (ҳузурланиш)дир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”[1], деганлар.
Шунингдек, дунёда кимдир кўзининг қорачиғи ва ундан кейин унинг меросхўри бўладиган зурриётни сўрайди. Зеро, бу пайғамбарлар ва солиҳ кишилар даъват қилган ишдир.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога: “Роббим, менга солиҳлардан ато эт"[2], дедилар.
Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога: "Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан"[3], дедилар.
Шунингдек, дунёда кимдир тинчликни сўрайди. Бу эса, инсонлар ўзлари учун сўрайдиган муҳим нарсаларнинг биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кечиришини ва тинчликни сўранглар. Бас албатта бирор-бир кишига иймондан кейин тинчликданда яхшироқ нарса берилмади”[4], деганлар.
Қунут дуосида: “Офиятда қилган кишиларинг қаторида мени ҳам офиятда қил”, дейилган.[5]
Буларнинг барчаси дунёвий истаклар, сўровлар ҳамда Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг боғловчиларидир.
Мўмин банда солиҳа аёл ва солиҳ фарзанд билан ризқлантиришига Роббига таваккул қилади. Аллоҳнинг солиҳ бандалари дуо қилганларидек: Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт»[6].
Мусулмон киши Роббиси унга офият ва нусрат бергунича У Зотга таваккул қилаверади.
Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси
[1] Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий Ибн Умардан ривоят. қилганлар. Шунингдек, Саҳиҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр китобида ҳам ривоят. қилинган (3413).
[2] Соффат сураси, 100-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 38-оят.
[4] Имом Термизий ривоят қилган (464). Шунингдек, Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можа Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[5] Имом Аҳмад ва Имом Термизий Абу Бакрадан ривоят. қилинган (Саҳийҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр: 3632).
[6] Фурқон сураси, 74-оят.