Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳаж сафарига оид асоссиз эълонлар кўпаймоқда. Афсуски, ўтган йили юзлаб ўзбекистонликлар ноқонуний йўллар билан ҳажга бориб, ибодатларини тўлиқ адо эта олишмади. Баъзилари депортация қилинди, қамалди, ҳатто вафот этганлар ҳам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳажни ташкил этиш Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юклатилган. Улар Саудия Арабистони билан расмий шартномалар асосида зиёратчиларга хизмат кўрсатади.
Саудия Арабистони қонунларига кўра, ҳаж фақат ваколатли ташкилотлар орқали амалга оширилади. Ноқонуний йўллар билан ҳажга бориш ибодат қилиш имкониятини бермайди ва қонунбузарлик ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар депортация ва катта миқдорда жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Зиёратингиз хавфсиз бўлиши учун фирибгарларга алданманг ва давлат кўмагида ташкил этилаётган расмий ҳаж сафарини танланг.
Огоҳ бўлинг, фирибгарларга алданманг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Маккаи мукаррамага етиб келган навбатдаги зиёратчиларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ишчи гуруҳи аъзолари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда масъул мутасаддилар томонидан алоҳида эҳтиром ва самимият билан кутиб олинди.
Юртдошларимиз замонавий ва янги қурилган меҳмонхоналарга киришлари биланоқ, уларга зам-зам суви, хурмо, турли ширинликлар, гулдасталар ҳамда эсдалик туҳфалари тақдим этилди.
Кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибордан мамнун бўлган зиёратчилар Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, бу каби меҳр ва эҳтиромни муқаддас Маккаи мукаррамада ҳам чуқур ҳис қилаётганларини изҳор этдилар.
Шу тариқа, юртимизда устувор аҳамият касб этаётган инсон қадри ва инсонга эътибор тамойили нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ юртларда ҳам амалий ифодасини топаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати