Шу йил 18 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувдан кўзланган асосий мақсад — буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг бой маънавий меросини, тасаввуф таълимотининг асл инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш ва кенг тарғиб этишдир.
Учрашувда Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров юртимиз алломаларининг илмий мероси бутун ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа домла Иноятов ҳам мазкур ҳамкорликдан мамнун эканини билдириб, Тошкент ислом институтини диний таълим муассасалари орасида етакчи даргоҳлардан бири сифатида эътироф этди.
Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар биргаликда китоблар нашр этиш, илмий семинар ва конференциялар ташкил этиш, долзарб илмий мақолалар тайёрлаш ҳамда талабаларнинг битирув ишлари ва магистрлик диссертацияларига устозлик қилиш каби муҳим йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Бу шериклик тасаввуфнинг соф илмий асосларини кенг ёйиш ва сохта тариқатчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Қурбон ҳайитига кўриладиган тайёргарлик масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
ZOOM платформаси орқали онлайн шаклда ташкил этилган мазкур видеоселектор йиғилишида Диний идора тизимидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларининг бош имом-хатиблари ва мутахассислар иштирок этди.
Муҳокамалар марказида улуғ айём — Қурбон ҳайити намозларини юртимизда уюшқоқлик, юқори тартиб-интизом ва кўтаринки руҳда ўтказиш масалалари турди. Хусусан, ҳайит намози вақтларини белгилаш, жойлардаги масжидларнинг байрам тадбирларига шайлик ҳолатини кўздан кечириш, намозхонлар учун хавфсизлик ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда барча қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Муқаддас динимизнинг эзгу тамойилларига мувофиқ, айём арафасида меҳр-мурувват ва саховат тадбирларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ҳудудлардаги эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан далда бўлиш юзасидан имом-хатибларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, юртимиздаги қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, тозалик ишларини кучайтириш ҳамда атроф-муҳитни тартибга келтириш бўйича уюшқоқлик билан ҳашарлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида барча ҳудудий вакилликларга ҳайит тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва фуқароларимизнинг ибодатларини эмин-эркин адо этишларини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати