Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Мотуридий фиқҳда Имом Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганидек, эътиқодий қарашлари ҳам у зотнинг ақидага оид асарлари асосида шаклланган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталган. Масалан, Ҳасан ибн Абдул Муҳсин Абу Азба “Равзатул баҳия фийма байнал Ашаироти вал Мотуридия” (Ашъарийлар ва Мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор” асарида мотуридийларни ҳанафийлар деб атаган.
Шу ўринда модомики Абу Мансур Мотуридий ақидада Имом Абу Ҳанифага эргашган бўлса, нега ақидада ҳам ҳанафия мазҳабидамиз дейилмасдан, мотуридия мазҳабидамиз дейилади? деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Бу саволга Доктор Али Абдулфаттоҳ Мағрибий “Имому Аҳлис сунна вал жамоа Абу Мансур Мотуридий ва арооуҳул каламия” (Аҳли сунна вал жамоа имоми Абу Мансур Мотуридий ва унинг калом илмидаги қарашлари) асарида батафсил жавоб берган бўлиб, жавобнинг хулосаси қуйидагилардир:
“Абу Ҳанифадан кейин у зотнинг даврларида бўлмаган карромия ва ботиния сингари янги фирқалар пайдо бўлган. Бундан ташқари Абу Мансур Мотуридийдан илгари маърифатуллоҳ сингари айрим масалалар эҳтиёж бўлмагани сабабли ҳали таҳқиқ қилинмаган эди.
Шунингдек, Абу Ҳанифа даврида Аллоҳ таолонинг сифатлари тўғрисидаги ҳамда тавҳидни исбот қилиш ва унда ақлнинг тутган ўрни қай даражада экани ҳақидаги масалалар батафсил баён қилинмаган эди. Бир сўз билан айтганда калом илми тўлиқ шаклланиб улгурмаган эди. Қолаверса калом илми Абу Мансур Мотуридийдан илгари Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздларида мақбул илм саналмас, балки ман қилинган илм ҳисобланар эди. Абу Мансур Мотуридийнинг таҳқиқлари туфайли бу илм мақбул илмга айланди.
Демак, Абу Мансур Мотуридий ақидада Имом Абу Ҳанифанинг тутган йўлларини фақатгина шарҳлаб бериш билан кифояланган эмас, балки алоҳида ўзига хос янги йўлга асос солган олимдир. Шунга кўра ҳанафия мазҳабида фиқҳда Абу Ҳанифага, ақидада Мотуридийга мурожаат қилинади”.
Ғайратжон АСАБОЕВ,
Янгиқўрғон тумани “Эскиобод” жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Тавоф қилиш асносида зиёратчилар бир-бирлари билан ёки телефон орқали гаплашишлари мумкинми? Айрим одамлар бемалол гаплашиб кетаётганларига кўзимиз тушиб қолади.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавоф асносида зарур гапларни гаплашиш, билмаганини илмли инсонлардан сўраши каби ишлар мубоҳ ҳисобланади. Ҳожати йўқ, бекорчи гапларни гаплашиш тақиқланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Байтуллоҳ атрофида тавоф қилиш худди намоз кабидир. Фақатгина унда гапиришингиз мумкин. Кимки унда гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” (Имом Термизий ривояти).
“Гапирса, фақат яхшиликни гапирсин” ибораси уламолар томонидан Аллоҳ таолони зикр қилиш, фойдали илм ўрганиш ва ўргатиш каби савоб бериладиган амаллар деб, шарҳланган.
Тавоф – савоби улуғ амал ҳисобланади, қолаверса, хорижий ўлкалардан борувчилар учун бошқа жойда топа олмайдиган амал ҳамдир. Шу сабабли бундай муқаддас маконларда, ғанимат вақтларда дуо-ю илтижолар, тавба-ю истиғфорлар билан машғул бўлмоқ лозим. Бундай фурсатни олди-қочди гаплар билан ўтказиб юбориш мўл-кўл савоблардан бебаҳра қолишга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.