Кийим инсонни табиатнинг турли ҳодисаларидан ва танага зарар берадиган ташқи таъсирлардан асрашга хизмат қилади. Кийим инсоннинг характерини, унинг ички ва ташқи дунёсини, ахлоқий сифатларини, ақлий салоҳиятини, эстетик дидини намоён қиладиган омиллардан.
Биз инсонннинг кийимига қараб, унинг оиласидаги муҳитни ва қандай инсонлигини билиб олишимиз мумкин. Замон тезлашиб, ёшлар орасида ҳаё мезонига жавоб бермайдиган турли кийимларнинг кўпайиши ва ёшлар тили билан айтганда «мода»ларнинг кун сайин ортиб бориши кийиниш одоби ва маънавий ахлоқнинг бузулишига олиб келяпти.
Афсуски, бу модаларнинг ортиши ёшларнинг кийинишига жуда катта таъсир ўтказяпти. Айрим йигит ва қизларнинг кийинишида деярли фарқ қолмади. Қизларнинг шим кийиши эса ҳозир кўтарилаётган масала эмас. Тор шим кийиб олиб, шаталоқ отиб кўчаларда ҳаё пардасини юлиб ташлаган қизлардан ёки Европанинг турли кинофильмларидан «ўрнак» олаётганлар сони ортиб боряпти. Бундай ёшларнинг маънавий ахлоқи аллақачон бузулиб бўлган. Бир савол қийнайди: наҳотки уйдан шундай расво тарзда кийиниб чиқаётган қизнинг ота ёки акаси «Ҳей, ўзингни йиғиштириб ол», демайди. Бундай кийиниш ва бундай яшаш тарзини тарғиб қилаётганларнинг асл мақсадлари бор.
Сўнгги икки йил давомидаги жаҳон модаларини томоша қилсангиз, у ердаги илгари сурилаётган фикрларни кўрасиз. Эркаклар кийимлари модасида қарасангиз, уларнинг кийимларида турли гул безакларидан фойдаланилган, ипак матолар ва шунга ўхшаш бир қараганда аёллар кийимини эсга солувчи унсурлардан фойдаланилган. Аёллар кийимлари эса аксинча – жиддий тусда бўлиб, бир қараганда, эркаклар кийимларини эслатиб юборади. Бу эса инсоннинг жинсини ўзгартиришга ҳаракат қилишнинг руҳий биринчи зарбаси ҳисобланади. Бундай ўзи жуда содда бўлиб кўринадиган тузоқларнинг оммалашишига ёшларимиз билиб-билмай ўз ҳисса қўшишяпти.
Дунё мусулмонлари бундай жинсни ўзгартириш каби тубан ишга қарши ғояларни олиб бораётган бир пайтда биз унинг ривожланишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Кўчаларда қизларнинг турли йиртиқ шимлар кийишига гувоҳ бўляпмиз. Қиз бола учун бундай шимлар кийиш ҳаром. Худди шундай эркак кишилар учун ҳам аёллар кийимига ўхшаш кийимларни кийиш ҳаром.
Кийим нафақат кишининг юзи, балки унинг оиласи, агар четга чиқадиган бўлса, миллатнинг юзидир. Ривожланган технологиялар замонида яшарканмиз, қайси бир ёшнинг қўлига қараманг, сўнгги русумдаги телефонлари бор. Турли ғояларни инсон онггига сингдириш учун ўргимчак тўри деб аталмиш интернетнинг ўзи етарли.
Бундай замонда яшаётган ҳар бир ота-она учун ўз боласининг қўл телефонини текшириш вожибдир. Чунки улар бутун маълумотнинг 90 фоизини китобдан эмас, турли интернет сайтларидан олишяпти. Кийинишда ҳам интернет сайтларида кўриб қолган қандайдир шахсларга тақлид қилишяпти. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, аёлларнинг кийими кун сайин беҳаёлашиб боряпти. Агар чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, бу иш ҳам айни бир мақсаднинг амалга ошаётганидан далолат беради. Ҳозирда аёлларимиз орасида бурқа (ниқоб) тақиш урфга айланмоқда. Юз ва қўлларни ёпиб оладиган даражада кийиниш юртимизда фитнага сабаб бўляпти. Шундай кийиниш керакки, бу фитнага сабабчи бўлмасин.
Бизнинг мазҳабимизда ва жумҳур уламолар мазҳабида ҳам аёл кишининг юз ва кафт қисми аврат ҳисобланмайди. Бу тўғрисида турли ҳадислар ривоят қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Асмо, аёл киши вояга етганида ундан мана бу ва мана бу (юз ва қўлларини кўрсатиб) жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас» деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ислом мўътадилликни ёқтиради ва ёқлайди. Кийиниш тарзимизда ҳам бунга амал қилишимиз энг гўзал ишлардан биридир. Кийим билан фаҳшни тарғиб ҳам қилмайлик, кийим билан фитнага ҳам сабабчи бўлиб қолмайлик. Динимиз белгилаган мезонларда, кийиниш маданиятига амал қилиб либос кийсак, бунинг ажр ва мукофотини Аллоҳ таоло, албатта, беради.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига қадам қўйганини барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар яққол намоён этмоқда. Ички ва ташқи сиёсат, иқтисодий-ижтимоий ҳаёт, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар халқимиз турмуш тарзида ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ҳамда халқимизнинг бирдамлиги асосида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиздаги янгиланишлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтириш, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида улкан натижаларга замин яратмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборлиси, 2017 йили 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида
2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Мазкур резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида
2022 йилда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда
2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мақсадларига эришиш мақсадида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми ўтказилган эди.
Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган эди. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳиссаси бўлди.
Муҳим жиҳати шундаки мазкур мулоқот анъанавий тус олиб, жорий йилнинг 10-13-сентабрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёни ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлигни халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2373 та диний ташкилот бўлиб, шундан 2174 таси исломий ва 199 таси ноисломий диний ташкилот ҳисобланади.
Сўнгги саккиз йилда республика бўйича жами 130 та диний ташкилот, шу жумладан 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 105 та масжид ҳамда 25 та турли конфессияга тааллуқли ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Албатта, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2025 йил 25 февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”ни алоҳида эътироф этиш зарур.
Мазкур концепция виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқни ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ва устувор йўналишларини белгилайди.
Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилганини таъкидлаш лозим.
Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, 2017 йилга қадар 3 та олий (1 та исломий 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кундаги ҳолатга кўра, республика бўйича жами 16 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан
6 таси олий таълим беришга мўлжалланган.
Мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш борасида “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон имзоланди.
Ушбу Фармоннинг имзоланиши нафақат диний-маърифий соҳа вакиллари томонидан, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам катта хурсандчилик ва мамнуният билан қабул қилинди.
Яна бир эътиборли жиҳат: сўнгги йилларда нисломий конфессияларнинг тадбирлари юқори савияда ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 145 йиллиги (2017 йил ноябрь) ва 150 йиллиги (2021 йил ноябрь), Арман апостоллик черковининг 120 йиллиги (2023 йил сентябрь), Ўзбекистон Библия жамиятининг 25 йиллиги (2018 йил ноябрь) ва 30 йиллиги (2023 йил сентябрь), Баҳоийлар диний жамоаси асосчиси Баҳоулла таваллудининг 200 йиллиги (2017 йил ноябрь), Боб таваллудининг 200 йиллиги (2019 йил ноябрь) ва Абдул Баҳо вафотининг 100 йиллиги (2022 йил январь) каби тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани – юртимиздаги тинчлик ва бағрикенгликнинг яққол намунаси десак, муболаға бўлмайди.
Шу билан бирга, турли дин вакилларининг хориждаги муқаддас масканларни зиёрат қилишига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, 500 мингга яқин фуқаро Ҳаж ва Умра сафарига, 10 000 дан ортиқ фуқаролар Исроил, Россия, Грузия, Туркия каби давлатларда зиёратларни амалга оширди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг ажралмас ва муҳим қисми сифатида дунё цивилизацияси тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келган. Бу заминда савдо-сотиқ, илм-фан ва маданият марказлари ҳамиша ривожланиб, халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик ҳамда турли маданият вакилларига ҳурмат туйғулари тараққиётнинг асосий омили бўлган.
Шу боис, бугунги кунда ҳам юртимизда турли миллат ва халқларнинг урф-одат ҳамда анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган изчил сиёсат нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани шубҳасиз.
Юртимизда бўлиб ўтадиган “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форумида дунёнинг турли ҳудудларидан кенг доирадаги вакиллар иштирок этиши ҳам Ўзбекистон Республикасининг эътиқод эркинлигини, конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасидаги давлат сиёсати самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаёганидан далолат.
Давронбек МАХСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг
биринчи ўринбосари