Саудия Арабистони ҳукумати 100 нафар юқори малакали уламони Макканинг Ал-Ҳаром масжидидаги зиёратчиларга маслаҳат бериш учун жўнатди.
Ал-Ҳаром масжидига навбатчилик қилган юзлаб олимлар орасида таниқли шариат қозилари ва Саудия университетларининг ўқитувчилари бор, дея хабар беради ArabNews.
Ислом уламолари масжид ҳудудидаги махсус жойларда ўтириб, қавм ва зиёратчиларнинг саволларига жонли равишда ва телефон орқали жавоб берадилар. Уламолар навбат алмашиб ишлашади ва куну тун режимида маслаҳат беришади.
Юзлаб олимлардан ташқари мўмин мусулмонлар Ал-Ҳаром масжиди ҳудудида ишлайдиган роботларга ҳам ўз саволларини бериши мумкин. Роботлар араб, инглиз, рус, форс, турк, малай, хитой, бенгал ва хаус каби 11 тилларда сўзлай олишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан жорий йилнинг 14 ноябрь куни бир гуруҳ диний соҳа ходимлари "Диний бағрикенглик" кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга катта муваффақиятлар тилади ва юксак мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимда самарали фаолият юритаётган ходимлардан Исломиддин Зуҳриддинов, Салоҳиддин Шерхонов, Музаффар Камолов, Иброҳимжон Иномов, Дилфуза Эгамова, Эргашали Рустамов, Жаҳонгир Неъматов, Эргашвой Ҳамидов, Санобар Муҳаммадходжаева, Шоира Умарова, меҳнат фахрийлари Жалолиддин Нуриддинов, Маҳмуджон Ибодуллаев, хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ана шундай эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлишди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилгани диний соҳага бўлган юксак эътиборнинг яққол намунаси экани таъкидланди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25-сентабрдаги "Диний бағрикенглик" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати