Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Октябр, 2025   |   7 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:31
Қуёш
06:51
Пешин
12:12
Аср
15:40
Шом
17:26
Хуфтон
18:39
Bismillah
29 Октябр, 2025, 7 Жумадул аввал, 1447

Зулҳижжа ойи фазилати (3 қисм)

29.06.2022   4044   4 min.
Зулҳижжа ойи фазилати (3 қисм)

Аллоҳ таоло наздида замон ва маконлар фазлда баробар. Бир-биридан ортиқ ё кам жойи йўқ. Лекин Ўзи фазилатли қилган замон ва маконлар бундан мустасно.

“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой )ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят)

“Ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Олимлар ушбу икки оятни далил қилиб, муборак замон ва маконларда қилинган яхшилик ажр-савоби кўпай тириб ёзилганидек, гуноҳлар ҳам зиёда қилиб ёзилади, дейдилар.

“Тонгга қасам. (Зулҳижжа ой ининг аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам” (Фажр сураси, 1–3-оятлар).

Мазкур оятдаги “жуфт”дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Муфассирлар Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни билан қасам ичгани учун ҳам уни фазилатли, дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодат қилинадиган бирор кун зул ҳижжанинг ўн куни-дан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у кунларда қилинган амал ушбу ўн кундаги амалдан афзал бўлмас. Бас, бу кунларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки бу таҳлил, такбир ва Аллоҳнинг зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда бир кунлик рўза бир йилги рўзага баробар бўлади. Бу кунларда қилинган бир амалга етти юз баробар (ажр) кўпайтириб берилади”» (Имом Байҳақий ривояти).

Зулҳижжа ойи зикр мавсумидир. Ҳадиси шарифда ҳам бу муборак ойнинг аввалги ўн кунида зикрни кўпайтириш, айниқса, таҳлил ва такбир каби зикрларга алоҳида урғу бериш лозим.

“Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар” (Ҳаж сураси, 28-оят).

Олимлар бу кунларда зикр қилишни мустаҳаб санайдилар. Жумҳур уламолар наздида оятдаги “Маълум кунлар”дан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

Муҳаддислар Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида бажарилган амаллар Аллоҳ таолога бошқа ойларга қараганда маҳбуброқ бўлгани учун ҳам фазилатли, дейдилар.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилати тўғрисида жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Айни ўринда мавзуимиз билан боғлиқ бир қанча ҳадисларни келтириш билан кифояландик, холос.

Ҳадиси шарифларни теран ўрганиб, тегишли хулосага келган олимлар зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини турли савобли амаллар билан ўтказишни, айниқса, кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни тавсия қиладилар.

Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазон ойининг охирги ўн куни афзалми, деган масала устида олимлар баҳс мунозара юритишган.

Олимлар, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кундузи, рамазон ойининг охирги ўн кунининг кундузидан афзал. Рамазон ойининг охирги ўн кунининг кечаси зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кечасидан афзалдир, дейдилар.

Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида жуда кўп солиҳ амаллар бор. “Латоифул маъориф” китобида қуйидаги нақл келтирилади. Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Олдингилар учта ўнталикни улуғлар эдилар: Рамазоннинг охирги ўн куни, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни ва Муҳаррамнинг аввалги ўн куни”.

Зулҳижжа ойи ўзида жуда кўп яхшилик ва фазилатларни жамлаган. Бу каби ҳолатни бошқа бирорта ойда кўрмаймиз. Зулҳижжа ойида арафа куни, нафл рўза, Қурбон ҳайити, қурбонлик, ҳаж, зикрлар, ташриқ ва шу каби кўплаб солиҳ амаллар бор.

 

Давоми бор...

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

01.01.2021   3936   2 min.
Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".

"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД