Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шариатда ҳалол ва ҳаром нозик, мураккаб масала ҳисобланади. Қилни қирқ ёрган фақиҳлар ушбу масалани ҳам энг нозик нуқталаригача ўргандилар. Улар бу масалага бағишланган машҳур фиқҳий қоида:الضرورات تبيح المحظورات – “Заруратлар ман этилганларни ҳам жоиз қилади”ни ишлаб чиқдилар.
“Заруратлар ман этилганларни ҳам жоиз қилади” – ҳожат, эҳтиёж ва машаққатларни қамраб олиб, одамларга енгиллик ва осонлик туғдирилиши учун шариатга киритилган аҳамиятли фиқҳий қоидалардан биридир. Ушбу қоида бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотган эмас. Чунки ҳозир ҳожатлар ҳар қачонгидан кўра кўпайган, табиий эҳтиёжлар ортган даврдир. Ана шу қоиданинг моҳиятини тўлиқ англамасдан, уни нотўғри талқин қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Масалан, замонавий фотосуратлар ва видеолавҳалар оммалашиб кетди. Лекин аксарият инсонлар улардан тўғри фойдаланиш ўрнига, фаҳш ишларни тарқатиш билан овора.
Беҳуда суратга тушиб, тарқатишнинг оқибатлари ҳақида тўхталмоқчимиз.
Назарланиш. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилади: «Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар» (Қалам сураси, 51-оят). Оятдаги “Кўз билан тойдириш”нинг икки хил маъноси бор. Бири – адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Иккинчиси, назар орқали жисмоний зарар етказиш, йиқитиш, ҳалок қилиш.
Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда мушриклар Қурайш қабиласидан “кўзи” бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёмон назар билан қаратиб, зарар етказмоқчи бўлишгани айтилади.
“Кўзли” одамлар Бани Асад қабиласида кўп бўлар экан. Агар улардан бири семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб: “Ҳой қиз, идишни олиб бориб, манавининг гўштидан олиб кел” деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан.
Демак, тармоқларга жойлаштирилган суратдаги шахсларга кўз тегиши, сеҳр қилиниши, ундан баъзи кишилар зарарланиб, хаста бўлиши мумкин.
Мақтанчоқлик. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мақтанчоқ ва мутакаббир кимсани ёқтирмаслигини бундай баён қилади: «Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят). Кибр – улкан гуноҳ. Мўмин-мусулмон кибрланишга мутлақо йўл қўймаслиги, ўзини ҳамиша хокисор, камтар тутиши лозим. Ҳаётни Аллоҳга чин бандалик қилиш билан безаши керак. Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир-бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса, эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак, унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса, албатта, мақтанчоқ бўлади.
Кўнгил синдириш. Халқимизда “Беш қўл баробар эмас” деган ибора бор. Синовли дунёда Аллоҳ таоло кимнидир мол-дунё, кимнидир фақирлик, кимнидир фарзандсизлик ва яна кимнидир бетоблик билан синайди. Умри қийинчиликда ўтаётганлар ҳам йўқ эмас.
Аллоҳ таоло барчамизга фаросат, инсофи тавфиқ берсин!
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
"Ҳидоят" журнали 2022 йил 1-сонидан
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби