Мадинаи мунаввара сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Pullman Zamzam” меҳмонхоналар тармоғи Бош директори Шайх Али Аҳмад ал-Байтий билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқот давомида Ўзбекистон томони юртимиз зиёратчилари учун Мадинаи шаҳрида беш юлдузли ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар хизмати кўрсатиш савиясини сақлаган ҳолда яқинлашаётган Ҳаж мавсумида ҳам нархни оширмаслик масаласига алоҳида урғу қаратдилар.
Шунингдек, учрашув давомида томонлар ўзларининг шарт ва талабларини баён этдилар.
Шайх Али Аҳмад ал-Байтий меҳмонхоналардаги қулайлик ва шароитлар ҳақида сўзлаб, Имом Бухорий заминидан келган зиёратчиларга хизмат кўрсатиш катта бахт ва юксак шараф эканини изҳор этди.
Эслатимиз ўтамиз, Ҳаж делегацияси Мадина шаҳридаги ҳаж зиёратчиларига хизмат қилиши мумкин бўлган энг замонавий меҳмонхонларни кўздан кечиргани ва Расул алайҳиссалом шаҳрида ўз ибодатларини адо этаётган ўзбекистонлик умрачилар билан ибодату зиёратлар ва яратилган шароитлар борасида яқиндан мулоқот қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Сафар жараёнлари ва эришилган натижаларини сайт ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди