— Таҳорат устига таҳорат олса, 10 та савоб ёзиладими?
— Таҳорати йўқ киши намоз ўқишдан олдин таҳорат олиши фарз. Агар таҳорати бўлса, таҳоратини янгилаши мустаҳабдир.
Абу Ғутайф ал-Ҳузалий ривоят қилади: “Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдида эдим. Пешинга азон айтилганда, таҳорат қилиб намоз ўқиди. Асрга азон айтилганда ҳам таҳорат қилди. Мен ундан бунинг сабабини сўраганимда, у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта ҳасана (савоб, яхшилик) ёзади”, деганлар”, деб жавоб берди” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Кимнинг таҳорати бўла туриб, яна таҳорат қилса, Аллоҳ таоло унга ўнта яхшилик ёзади. Буни уламолар турлича талқин қилишган. Баъзилар: “Унга ўн марта таҳорат қилганлик савоби ёзилади”, деса, бошқалар бу ишни қилганларга ўнта савоб ёзилишини айтишган. Нима бўлганда ҳам, таҳорат устига таҳорат қилиш билан банда мақоми кўтарилиши ва ажр-савоби кўпайиши шубҳасиз.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.