Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Умрага боришга тайёрмисиз?

27.01.2022   8541   2 min.
Умрага боришга тайёрмисиз?

 Умра сўзи қандай маънони англатади? “Умра” сўзининг луғавий маъноси “зиёрат”, шаръий маъноси Байтуллоҳнинг махсус зиёратидир.

 

Умра қандай ибодат? Умра динимизда Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва оралиғида етти марта саъй қилишдир. Ҳанафий мазҳабида умр давомида бир марта умра қилиш – суннати муаккададир. Умра улуғ савобларга эриштирадиган ибодатдир.

 

Умрада қандай амаллар бажарилади? Умра амаллари қуйидагилар:

  • Эҳромга кириш.
  • Каъбаи муаззамани тавоф қилиш.
  • Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш.
  • Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Ҳажнинг шартлари умра учун ҳам шартдир.

 

Умра ибодатини бажариш учун қандай ният қилинади? Умранинг нияти:

“Аллоҳумма инний урийдул умрата фаяссирҳа лий ва тоқаббалҳа минний. Навайтул умрата ва аҳрамту биҳа лиллаҳи таола”.

Маъноси: Аллоҳим, мен умра қилмоқни ирода қилмоқдаман. Уни менга осон эт ва қабул айла. Умрани ният қилдим ва Аллоҳ таоло учун умрага эҳром боғладим.

 

Умранинг суннат амаллари қайсилар? Умранинг суннатлари:

– Эҳром боғлаш олдидан ғусл қилиш;

– Эҳромга кириш олдидан хушбўйликлар суртиш;

– Талбия айтиш;

– Тавоф ул-қудум қилиш;

– Тавофни узлуксиз етти марта адо этиш

– Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш;

– Саъйда таҳоратли бўлиш.

 

Зиёратчи сочини қачон ва қандай қисқартиради, аёллар-чи? Зиёратчи саъйни адо этиб бўлгач, сочини таги билан олдиради ёки қисқартиради, афзали таги билан олдиришдир. Аёллар сочларини бармоқнинг бир бўғими миқдорида қисқартирадилар. Улар учун афзали сочларининг ҳаммасини бир жойга тўплаб туриб, учидан бир бармоқ бўғимича қисқартиришдир. Сочни олдириш ёки қисқартириш бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда вожиб амаллардандир, уни тарк қилган киши қурбонлик сўйиши лозим бўлади. Мана шу билан умра ибодати тамом бўлади ва шундан сўнг эҳром ман этган ҳамма нарса мумкин бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Абитуриентлар диққатига: Бугун диний таълим муассасаларига ҳужжат қабули якунланади

20.07.2026   877   3 min.
Абитуриентлар диққатига: Бугун диний таълим муассасаларига ҳужжат қабули якунланади

Бугун, 20 июль куни соат 18:00 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун ҳужжат топшириш жараёнлари якунланади.  


Маълумот ўрнида, 30 июндан эътиборан республикамиздаги қуйидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда:

  • Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Бакалавриат, Магистратура ва Модуль таълим тизими);

  • Мир Араб олий мадрасаси;

  • Ҳадис илми мактаби;

  • Имом Термизий номидаги ислом институти;

  • Барча ўрта махсус ислом таълим муассасалари.

Эслатма: Ҳужжат қабули бугун соат 18:00 гача давом этади. Муҳлат тугашига оз вақт қолганини инобатга олиб, абитуриентлардан ҳужжат топшириш жараёнини кечиктирмасликларини сўраб қоламиз!


Абитуриентлар учун қулайлик

Абитуриентлар ўзларига энг яқин жойлашган диний таълим муассасасининг Қабул ҳайъати орқали республикадаги исталган диний таълим муассасасига ҳужжат топширишлари мумкин.


Талаб қилинадиган асосий ҳужжатлар рўйхати:

1. Бакалавриат босқичи учун:

  • Муассаса ректори номига ариза;

  • Паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);

  • Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлиги ҳақида диплом ва иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);

  • 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (оқ фонда, охирги 3 ойда олинган). (Хорижий диний таълим муассасасини тугатган ва нострификациядан ўтган дипломга эга ЎзР фуқаролари ҳам топширишлари мумкин).

2. Ўрта махсус ислом таълим муассасалари учун:

  • Муассаса раҳбари номига ариза;

  • Паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);

  • Аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);

  • 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона фотосурат;

  • Чет тили бўйича камида B2 даражасидаги сертификат нусхаси (мавжуд бўлса — имтиҳонсиз максимал балл берилади).

3. Магистратура босқичи учун:

  • Ректор номига ариза, паспорт/ID нусхаси ва 6 дона фотосурат;

  • Олий диний таълим муассасаси дипломи ва иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);

  • Араб тили бўйича камида C1 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификат (максимал балл берилади).

4. Модуль таълим тизими учун:

  • Ариза, паспорт/ID нусхаси, 6 дона фотосурат;

  • Ўрта махсус ислом таълим муассасаси дипломи ва иловаси асл нусхаси;

  • Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилидан (қозиёт/вакиллик) тавсиянома;

  • Тасдиқланган меҳнат дафтарчаси нусхаси.

Тўлов ҳақида: Тест синовларида иштирок этиш учун БҲМнинг ярим баравари (1/2) миқдорида тўлов ундирилади.

Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни тамомлаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва тўлиқ давлат таъминотидаги абитуриентлардан тўлов ундирилмайди.


Фурсатни бой берманг, ҳужжатларингизни топширишга шошилинг! 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари