Самимий учрашувда Фарғона вилояти ва Туркия ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида сўз борди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг халқаро грантини ҳам жалб этган ҳолда Риштон туманидаги Бурҳониддин Ар-Рошидоний Ал-Марғиноний зиёратгоҳини реконструкция ва реставрация қилиш лойиҳаси ҳам учрашувда алоҳида муҳокама қилинди.
Жемалеттин Туней мажмуа лойиҳаси билан танишар экан, ҳар бир бино-иншоотнинг алоҳида сметасини ишлаб чиқиб уларга тақдим қилинса, якуний ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, ТИКА лойиҳадаги қайси объектларни молиялаштиришини ҳамда ташкилотнинг молиявий иштироки ҳажмини белгилашини маълум қилди. Мажмуанинг якуний лойиҳаси яқин кунларда туркиялик ҳамкорларга тақдим этилишига келишилди.
Режалаштирилаётган лойиҳага кўра, “Соҳиби Ҳидоя” зиёратгоҳи ҳудудида янги ва замонавий бино-ишоотлар қурилиши ва унинг негизида “Фиқҳ” илмий-амалий маркази ташкил этиш, кутубхона барпо этиш, Бурҳониддин Ар-Рошидоний Ал-Марғинонийнинг ҳаёти ва асарларига бағишланган музей ташкил этиш, зиёрат туризмини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати