Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2026   |   18 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:57
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2026, 18 Зулҳижжа, 1447

Бир зиёратгоҳ ўтмиши: Aмир Темур асос солиб, мустабид тузумда омборхонага айлантирилган мажмуа

20.01.2022   2282   6 min.
Бир зиёратгоҳ ўтмиши: Aмир Темур асос солиб, мустабид тузумда омборхонага айлантирилган мажмуа

Тошкент воҳаси ўз тарихида тақдирнинг кўп синовларини, шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантирган мўғиллар босқини каби оғир даврларни бошдан кечирган.

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, фақат Aмир Темур даврига келиб, воҳада қайтадан ривожланиш бошланган. Кўплаб шаҳар- қишлоқлар янгидан қад ростлаб, обод бўлган.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридан 16 чақирим ғарбда, Самарқандга ўтадиган қадимий карвон йўлида, Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида, Зангиота қишлоғининг марказида қад ростлаган Зангиота мажмуаси Aмир Темур томонидан қурилган.

Маълумки, Занги ота ҳазратлари Марказий Осиё минтақасида ІХ–ХІІ асрларда юз берган биринчи илмий-маданий юксалиш, яъни илк Шарқ Уйғониш даврининг намояндаси, ўз замонида ҳикмат ва маънавият, дин ва тасаввуф ривожига катта ҳисса қўшган мутасаввиф ва авлиё боболаримиздандир.

Неча юз йиллардан буён Занги ота шахсига бўлган қизиқиш сусаймаган, аксинча, ортиб бормоқда. Ривоятларга кўра, Ойхожа ибн Тожхожанинг ёшлик йиллари ІХ–ХІІ асрларда Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири – Бинкетда (ҳозирги Тошкентда) кечган. Ҳозирги Зангиота қишлоғига айнан шу зот асос солган. У киши 1 258 йилгача, яъни вафотига қадар қарийб қирқ йил давомида Анбар она билан бирга шу қишлоқда яшаган. Жуда кўплаб одамларга – оддий деҳқонлардан тортиб турли даражадаги ҳукмдорларга ҳам диний-маънавий устозлик қилган. Вафотидан сўнг у зотнинг мозори наинки маҳаллий, балки олис минтақалардан келадиган кишилар учун ҳам зиёратгоҳга айланган.

Шу тариқа Зангиота мозори устида зиёратгоҳ кўринишидаги дастлабки камтарона ёдгорлик пайдо бўлган ва кейинчалик нафақат зиёратгоҳ, балки у жойлашган қишлоқ ҳам Зангиота номи билан аталган.

Профессор Акмал Саидов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Занги ота мақбарасининг бунёд этилиши билан боғлиқ ибратли ривоятлар ҳам, тарихий воқеалар ҳам бирдек чуқур рамзий маънога эга.

Ривоят қилишларича, Амир Темур Ясси қўрғонида Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида нима учундир иш ҳадеганда юришавермаган. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида бир кеча тушига нуроний бир зот кириб, Яссавийга мақбара қуришдан олдин Зангиотанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади.

Шунда Амир Темур Зангиота руҳини шод этиш учун мақбара тиклашга киришади. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуининг қурилиши 1420 йили Мирзо Улуғбек томонидан тугаллаган. Мажмуа мустабид тузум даврида омборхона, кейинчалик музей вазифасини ўтаган.

Профессорнинг сўзларига кўра, Зангиота зиёратгоҳи Марказий Осиё минтақаси халқлари учун табаррук маскан ҳисобланади. Бу тарихий-меъморий мажмуага ҳар куни беш минг нафар атрофида зиёратчи ва сайёҳ келаётгани буни яққол тасдиқлайди. Зиёратчилар турли мамлакатлардан экани ҳам диққатга моликдир. Зангиота мақбараси дастлаб икки хонали содда иморат – зиёратхона ва гўрхонадан иборат бўлиб, пештоқ ва безаклари бўлмаган. Хоналарнинг девори равоқли чорси асосдан бурчаклардаги равоқли бағал гумбаз билан боғланган. Ҳосил бўлган саккиз қиррали асос устига ўрнатилган гумбазларнинг катталиги ҳар хил.

Хоналарга дарча ва тобдонлар орқали ёруғлик тушган. Гўрхонадаги оқ мармардан ишланган қабртош, айниқса, диққатни тортади. Тошга ғоятда моҳирлик билан нафис ўйма нақш ва арабий хатлар битилган. Қабр шакли ва нақшлардаги услуб унинг қадимийлигидан далолат беради.Ён томондаги юза қисмида араб тилида қуйидаги мазмундаги шеър ўйилган: «Биз соғлик ва саёҳатдан завқланамиз. Аммо вақти келиб бир-биримиздан айриламиз. Чунки вақт севиклиларни айирувчидир».

Мармар битиктошнинг бир ён қиррасига куфий ва сулс хатида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Қабр амаллар сандиғидир», деган ҳадислари битилган.

Вақтлар ўтиб мақбара олдига пештоқ ва иккита кўндаланг хона қурилиб, безак берилган. Пештоқ ва хоналар ташқи девори, зиёратхона ва мақбара пойгумбази сайқалланган ғиштчалар, ўймакор ранг-баранг кошинлар билан безатилган.

Анбар она мақбараси Зангиота мажмуаси таркибида бўлиб, Зангиота мақбарасининг жануби-ғарбида жойлашган. У пештоқ, зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Зиёратхона ва гўрхонанинг усти қўшқават гумбазли, қуббали тошдан, кичик доира шаклида ясалган. Мақбарага оқ мармардан қабртош қўйилган. Унинг теварак-сиртига арабий хатлар ва нафис нақшлар ўйилган. Мақбара дастлаб икки хонали бўлган, кейинчалик унинг олдига пештоқ қурилиб, кошинлар билан безатилган. Пештоқ таянчи унча баланд эмас. Бу услуб Тошкент мақбараларига хос. Зангиота мақбараси қатори ушбу ёдгорлик ҳам Амир Темур замонаси меъморчилик анъанасининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги қарори асосида Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

 

Бугунги кунда мажмуа ҳудудида 1 000 ўринли янги масжид биноси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг биноси, 40 ўринли таҳоратхона, 2 та ҳожатхона, эски ҳовуз ўрнига 2 та фаввора, 2 та миллий услубда лойиҳалаштирилган шийпон, тегишли коммуникация тармоқлари, ер ости ўтиш йўли, автотўхташ жойи, 50 ўринли 3 қаватли меҳмонхона, 70 ўринли чойхона, икки қаватли минимаркет ва бошқа ўндан ортиқ миллий ҳунармандчилик савдо дўконлари, новвойхона, замон талабига жавоб берадиган 50 ўринли деҳқон бозори, ошхона барпо этилган.

Барча таъмирлаш, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Мажмуа тарихий ёдгорлк сифатида давлат муҳофазасига олинди. Қадимги мадраса биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Ҳовлидаги эски минора олиб ташланиб, янги масжид олдида янги, баландлиги 31 метр бўлган минора қурилди. Зангиота ва Анбарбиби мақбаралари ҳам буткул қайта таъмирланди. Мажмуадаги 5 та гумбаз қайта тикланди.

Бугун Зангиота мажмуаси зиёратчилар билан гавжум. Ушбу мажмуа мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига катта ҳисса қўшаётган муҳим қадамжо ҳисобланади.

Неча асрлик тарихга гувоҳ бу маскан ўз файзу таровати билан зиёратгоҳга узоқ-яқиндан келган юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларга катта таассуротларни ҳадя этмоқда.

Муҳайё Тошқораева,  ЎзА

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илм олишда таътил йўқ

04.06.2026   3058   3 min.
Илм олишда таътил йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Юртимизга Ёз ойлари кириб келди. Шукрлар бўлсин. 

Мактабларда ўкув йили тамомланди. Кеча биринчи синфга қадам қўйган битирувчига ҳам айланди.

Мактабги тамомлаганлар Олий даргоҳларига талаба булиш умидида аризалар топшириш тараддудида. 
Битирувчи ўкувчилардан бошқа фарзандларимиз ёзги таътил даврида оила бағрида. Аммо минг афсуски, ўкув йили тугади дегани, таълим олиш тарбия олиш тугамади.

Зеро, Расулуллох алайхиссалом: Бешикдан кабргача илм изла!” дедилар.

Эътибор берайлига, бешикдан кабргача деган замон уз ичига ёз ойларини хам олади.

Доно халқимизда ажиб накл бор. 

“Дўстни ғафлати душманни ганимати”

Дарҳақиқат фарзандларимизни назоратсиз қолдирсак, ҳохлаган ишларига қўл уришлари аниқ.
Аллоҳ таоло инсонни илм билан шарафлади. Илм – қалбларни ёритадиган нур, жаҳолат зулматидан нажот берадиган йўлдир. Шу сабабли мўмин банда илм олишни маълум бир фаслга, ёшга ёки вақтга боғлаб қўймайди. Чунки илм олиш ибодати умрнинг охиригача давом этадиган шарафли вазифадир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят).

Яна бир оятда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилган зотларни баланд даражаларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Бу оятлар илм аҳлининг Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомини кўрсатади. Илм эгаллаш учун ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғи, таътил ёки бошқа баҳоналар тўсиқ бўла олмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Ибн Можа ривояти).

Ҳадисда илм талаб қилиш учун муддат ёки чеклов белгиланмаган. Демак, мусулмон киши доимо ўрганишда, изланишда ва ўзини камолга етказишда давом этиши керак.

Салаф улуғларимиз илм йўлида мислсиз сабр ва матонат кўрсатганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ каби буюк алломалар умрларининг сўнгги дамларигача илм билан машғул бўлганлар. Улар учун “дам олиш” илмни тарк қилиш эмас, балки илмни янада мустаҳкамлаш воситаси эди.

Афсуски, баъзан айрим кишилар таътил кунларини бекорчилик, фойдасиз машғулотлар ёки вақтни беҳуда сарфлаш билан ўтказадилар. Ҳолбуки, бир дақиқа ҳам қайтиб келмайди. Вақт – Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан биридир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам айтадилар: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қоладилар: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).

Шунинг учун таътил кунлари Қуръон тиловати, диний ва дунёвий фойдали китобларни мутолаа қилиш, илмий суҳбатларда қатнашиш, янги кўникмаларни ўрганиш билан безатилиши лозим.
Илмнинг энг гўзал жиҳати шундаки, у инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга элтади. Мол-дунё сарфланса камаяди, илм эса улашилган сари зиёда бўлади. Шунинг учун ҳақиқий муваффақият эгаси – вақтини илм билан қадрлаган кишидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимиз. 

Таътил мактабда, олийгоҳда ёки иш фаолиятида бўлиши мумкин. Аммо илм олишда таътил бўлмайди. Мўмин инсон ҳар куни янги бир фойдали маълумот ўрганишга, Қуръон ва суннат илмларини эгаллашга интилади. Чунки илм йўли – жаннат йўлидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким илм излаш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни илмни севувчи, унга амал қилувчи ва уни бошқаларга етказувчи бандаларидан қилсин.


Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон тумани бош имом-хатиби.

Мақолалар