Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Олий ҳиммат соҳиби ва бу диннинг ғами билан дардланган мусулмон киши учун энг аҳамиятли нарса умрининг ҳар бир лаҳзасига эга бўлиши ва уни Аллоҳнинг розилигидан бошқа йўлда зое қилмаслигидир. Бу борада Аллоҳ азза ва жалла Аср сурасида бизга тўғри йўлни кўрсатган: «Аср (вақти)га қасамки, (Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Аср сураси 1-3 оятлар).
Вақтга эга чиқиш ва ундан тўғри йўлда фойдаланишга ёрдам берадиган энг муҳим йўл - вақт кишининг эга бўлган энг қимматли бойлиги эканига ишонишдир. Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Билгинки, замон бир лаҳзаси ҳам зое кетмаслиги керак бўлган улуғ нарсадир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: «Ким «Субҳаналлоҳи-лъазийми ва биҳамдиҳи», деб айтса Жаннатда у учун бир ҳурмо дарахти экилади», деб келади. («Сунани Термизий» 5/511 ва «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» 3/109 да келган). Одам боласи неча соатларни улкан савоблардан бебаҳра ҳолда бекорга ўтказиб юборади?! Кунлар мисоли экин қилиш вақтига ўхшайди. Ақилли киши уруғ экишдан тўхтаб туриши ёки бепарво бўлиши ақлга сиғадими?». («Қийматуз замон» китобида келган 60-бет).
Имом Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Билгинки, эй ўғилчам! Кунлар соатларга ва соатлар эса, нафасларга ёйилган. Ҳар бир нафас бир қутидир. Нафасинг бекорга кетишидан эҳтиёт бўлки, Қиёмат куни бўш қутини кўриб, надомат чекмагин! Сарфлаётган соатларинг нималарга кетаётганига қара! Уларни энг улуғ нарсаларга йўналтир! Ўзингга илтифот қил ва энг шарафли амалларни қилишга одатлан! Ишингни гўзал ва пухта қил! Висол куни келганида сени хурсанд қиладиган амалларни қабр сандиғига юборгин!».
«Вақт олтиндир, деб айтилади. Бу сўз борлиқни моддий ўлчайдиган кишиларга нисбатан тўғри. Бироқ, бундан узоқроқни ўйлайдиган кишиларга нисбатан вақт ҳаёт демакдир. Эй инсон, бу борлиқда сенинг ҳаётинг туғилиш ва ўлим орасида ўтадиган вақтдан бошқа нарсами?! Олтин бир кун келиб қўлдан кетса, яна бир бор йўқотгандан ҳам зиёда қилиб, қайтариб олишинг мумкин. Аммо, ўтган вақтни ва сонияни ҳеч қачон ортга қайтара олмайсан! Демак, вақт олтиндан ҳам, олмосдан ҳам, ҳар қандай жавҳарлардан ҳам қимматлироқдир. Чунки, у ҳаётдир...». («Қийматуз замон» китобида келган 122-123 бетлар).
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳнинг
«Қалбни суғорган ҳикмат зилоли» китобидан.
Абдуссами Хайруллоҳ таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Кўп ҳолларда Қуръони карим тиловатидан кейинги дуоларни савобини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаймиз, деб бошлаймиз. Айримлар бунинг ҳожати йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматнинг устозлари бўлгани учун, умматларининг амалларидан савоблар шундоқ ҳам етиб туради, дейишади. Бошқалар Расулуллоҳ алайҳиссалом маъсум, барча хато ва гуноҳлардан пок, у зот бизнинг дуоларимизга, савоб бағишлашимизга эҳтиёжлари йўқ, дейишади. Аслида турли савобли амаллар бажариб, савобини Расулуллоҳга бағишлаш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Солиҳ амаллар қилиб, уларнинг савобини фақат гуноҳи бор одамга бағишланади, деган тушунчанинг ўзи хатодир. Чунки бағишланган савоб инсон гуноҳларининг кечирилиши билан бирга охиратдаги мақоми ҳам ошишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савоб бағишлаш масаласида уламоларимиз бу амал жоиз ва бағишловчининг ўзига улкан манфаат бўлади, дейишган.
Тўғри, у зот алайҳиссалом бизнинг дуо ёки савоблар бағишлашимизга муҳтож эмаслар, аммо у зотга яқин бўлиш, шафоатларига ноил бўлиш учун шу амалларга биз муҳтожмиз.
Қолаверса, савоб бағишлаш ҳадя бериш ҳисобланади. Тақдим қилинган ҳадядан олувчи хурсанд бўлганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам покиза руҳларига бағишланган савоблардан шубҳасиз, мамнун бўладилар. У зоти бобаракот алайҳиссалом Аллоҳ таолога энг муқарраб пайғамбар, дуолари бешак ижобат бўладиган зот бўлишларига қарамай ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу умрага кетаётган вақтда унга: “Эй Биродар, дуоларингизда бизни унутманг”, деб дуо сўраганлар.
Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бирор кишининг дуоларига муҳтож эмас эдилар.
Масалан, кимдир бировдан яхшилик кўрса, миннатдорчилик сифатида унинг ҳақига дуо қилади, гўзал тилаклар айтади. Сарвари оламнинг нафақат биз умматларга, балки бутун инсониятга қилган яхшиликлари беҳисобдир.
Демак, биз у зот алайҳиссалом ҳақларига миннатдорчилик маъносида ҳам дуолар қилиб, салавотлар айтамиз.
Умматнинг илк муаллимларидан ҳамда фақиҳ саҳобийлардан бири Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг номларидан умра қилганлар.
Ибн Муваффақ раҳимаҳуллоҳ эса у зот номларидан етмишта ҳаж қилганлар. Абу Бакр ибн Саррож деган аллома у зот алайҳиссалом учун ўн мингдан ортиқ хатми Қуръон ва шунча ададда қурбонлик қилганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.