Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки, унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз ва унга дафн қилинамиз. Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради. Юртини севган ўзини севибди. Мана шундай юртини севиб ардоқлаган, уни сарҳадларини ҳимоя қилиш-ла шараф туйган соҳа вакилларидан бири бу ҳарбийлардир.
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».
Алихон тўра Соғуний эса : «Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади», деганлар. Биз мана шундай шижоатли ва юртини севган ҳар бир юртдошимизга кириб келаётган ватан “Ватан ҳимоячилари куни” муборак бўлсин, деймиз.
Ватанини севган инсон Ватан тушунчасини ҳам ҳимоя қилади. Динимиз таълимотига кўра, ватанни ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб айтганлар (Термизий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари (нафл) ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир». Дарҳақиқат ватанни ҳимоя қилмоқ уни сарҳадларини ёвлардан асрамоқ улуғ жасорат ва шараф бўлиш билан бирга, юксак ибодат ҳамдир.
Буюк аждодларимиздан бири, тасуввуфда Кубровия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар босқинидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланди. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг шижоати, халқ орасидаги обрў-эътибори, ҳимоядаги ҳаракатларини кўриб, ўз яқинлари ва сафдошларидан истаганлари олиб ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади.
Ватан озодлигини ўз ҳаётидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши туғ кўтариб жангга киради ва лашкарни олға бошлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, душман аскарлари туғни унинг қўлларини кесгачгина олишга муваффақ бўлади.
Азиз ватан посбонлари! Барчангизни яқинлашиб келаётган 14-Январь — “Ватан ҳимоячилари куни” билан яна бир бор муборакбод этамиз!
Аллоҳ таоло юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган, юртдошларимизнинг тинчлик ва хотиржалиги учун туну-кун хизмат қилаётган сиз азизларни ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, ҳалқимиз ҳаётини бунда-да фаровон айласин.
«Яҳёхон Тўра»
жомеъ масжиди имом хатиби:
Нуруллохон Домла Жамалов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди