Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўминлар нажот топдилар” (Муъминун, 1).
Бу оят, шубҳасиз, мўминларнинг икки дунёда ҳам нажот топишига далолат қилади. Чунки оятдаги «нажот топдилар» ибораси ўтган замон феълида бўлиб, у келаси замондаги «нажот топадилар» маъносидан кучлидир. Шу боис таъкид билан айтилган «нажот топдилар» ояти мўмин банда бор-ки, унинг, албатта, нажот топиши ҳақлигини билдиради. Нажот топадиган мўминларнинг сифатлари қуйидаги оятларда баён қилинган.
– «Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар» (Муъминун, 2).
«намозларида ўзларини камтар тутувчилар»дан мурод намозни хушуъ, ҳузуъ билан адо этувчи мўминлардир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ибодатини Аллоҳнинг кўриб турганини билиб, қабул бўлишига умид қилиб адо этиши зарур. Аллоҳ таоло хушуъ ва ҳузуъ билан қилинган ибодатларни қабул қилади.
– «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар» (Муъминун, 3).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк этиши хулқининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
– «Улар закотни адо этувчидирлар» (Муъминун, 4).
Молиявий ибодат бўлган закот динимизнинг устунларидан бири бўлиб, у Қуръони каримнинг йигирма етти ўрнида намоз билан баробар зикр қилинган.
– «Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар» (Муъминун,5).
Дунё аҳолиси ҳаётига жиддий хавф солаётган ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи асосий хатар – зинодир. Бу бедаво дардга чалинган беморлар сонининг йил сайин ортиб боришига, асосан, зинодан сақланмаслик сабаб бўлмоқда.
– «Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган)аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар» (Муъминун,8).
Омонатга риоя, унга хиёнат қилмаслик, ваъдага вафо қилиш ҳам мўминларнинг сифатларидан, имонининг белгиларидандир.
Оятда келган мўминларнинг яна бошқа сифатларидан бири «Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Муъминун,9). Зеро, «...намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо, 103).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин одамлар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай эди?” деб сўраганларида, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Муъминун сурасининг дастлабки тўққиз оятини ўқиб, “Хулқлари худди шу оятларда айтилгандек эди”, деганлар».
Муъминун сурасида васф этилган сифатлардан хулқланишга ҳаракат қилайлик. Шунда Аллоҳнинг нажот топувчи бандаларидан бўламиз.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
اللَّهُمَّ إنِّي أسْألُكَ اليقين والعفو و الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асаълукал яқийна валъафва валъаафията фиддунйаа валаахироти.
Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улуғ неъматлари ва энг буюк яхшиликларидан бири – соғлиқ ва офият. Офият барча неъматларнинг энг улуғидир. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман”.
Ушбу дуо жавомеъул-калим яъни қисқа бўлсада маъноси кенг қамровли бўлган дуолардан саналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тонгда ва кечки вақтда доимий равишда такрорлаб ўқишдан чарчамас эдилар. Чунки бу дуо дунё ва охират яхшиликларини ўз ичига олади.
Афв (кечиримлилик) – Аллоҳ таолонинг бандасининг гуноҳларини кечириб, қилган ишлари учун жазоламай ўтиб кетишидир.
Офият эса – Аллоҳнинг бандасини касалликлар, мусибатлар ва ҳар қандай ёмонликлардан сақлашидир. Дунё ва охиратдаги парда, хотиржамлик, хавфсизлик ва муҳофаза этиш ҳам офиятнинг бир қисмига киради.
Уламолар айтадиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода аввало дунё ва охират офиятини сўраганлар. Чунки офият – ҳамма нарсага тенг келмайдиган улуғ неъматдир. Бу дуо орқали гуноҳларни ўчириш, ҳар қандай зарар келтирувчи балолар ва мусибатлардан, шунингдек, охират даҳшатлари ва у ердаги турли жазолардан паноҳ сўралган. Шу сабабли бу дуо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган энг буюк мақсадларни ўз ичига олган дуолардандир.
Балоларнинг баъзилари очиқ-ойдин бўлади – жисмоний касалликлар ва моддий иллатлар. Айримлари эса яширин – қалб касалликлари каби маънавий офатлардир. Шунинг учун дуода энг муҳим офият – қалб саломатлиги аввал сўралган: “Аллоҳим, мен Сендан яқийн (қатъий ишонч) сўрайман” – яъни тўлиқ ва комил илм, шубҳа ва гумондан холи бўлган қатъий ишонч. Бу эса иймоннинг энг олий даражасидир, дунё ва охиратда нажот айнан мана шу билан бўлади. Яқийн қалбга жойлашса, инсон дунёдан узилиб, охиратга маҳкам боғланади.
Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар яқин қалбга лозим даражада жойлашса эди, инсон жаннатга бўлган соғинчидан учиб кетар, дўзахдан қочишга ошиқар эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динда офият сўрашлари – мўминнинг ақидаси ва тавҳидига путур етказувчи ҳар қандай нарсадан: фитналар, адашишлар, шубҳалар ва шаҳватлардан сақланишни сўрашдир.
Дунёда офият – инсон ҳаётида зарар келтирувчи мусибатлар ва қийинчиликлардан омонда бўлишни сўрашдир.
Охиратда офият эса – унинг қўрқинчлари, қийинчиликлари ва жазоларидан нажот топишни тилашдир.
Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Офият – Аллоҳ таолонинг бандасини ҳимоя қилиши демакдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуо орқали офият сўраш нажот ва муваффақият, жаннатга эришиш ва дўзахдан нажот топиш йўли эканини баён қилганлар. Шунинг учун бу дуо Аллоҳ таоло ҳузурида энг севимли дуолардан ҳисобланади. Чунки у дунё ва охират яхшиликларини қамраб олгандир.
Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган ушбу дуонинг қадрини англасин. Кимга офият берилса, у қалби, танаси, дини ва дунёси билан истаган барча яхшиликка етишади ҳамда икки дунёда қўрққан барча нарсалардан сақланади”.
Илёсхон АҲМЕДОВ