Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июл, 2026   |   16 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:33
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
30 Июл, 2026, 16 Сафар, 1448

Ота нидоси

22.11.2021   5775   8 min.
Ота нидоси

Отанинг ҳаққи, меҳри, муруввати онаникидан кам эмас. Буни ота бўлгач биламиз, фарзандимиз бемор бўлгач, сезамиз. Болаларимиз очликдан бироз қийналганда, отани эслаймиз. Оила бошлиғи бўлиш машаққат эканини рўзғор ташвишлари бўйнимизга тушгач, ҳис этамиз. Ота бўлиш ҳам шараф, ҳам масъулият, ҳам бурчдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота ҳақида бир гўзал ҳадис айтганлар:“Ота жаннатнинг ўрта эшикларидан. Хоҳласанг, уни очиб кириб ол, хоҳласанг, зое қил, яъни юзингга қарши ёпиб ол”, дедилар(Имом Термизий ривояти).

Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатда энг олий даражадаги эшик ўрта эшик экани, шу боис отанинг шу эшикка қиёслаяптилар.Ота – азиз зот, боласи учун жонини беришга тайёр.

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Саодат асрида бир йигит Пайғамбаримиз алайҳиссаломга отасидан шикоят қилиб келди. (Ажабланманг, азизлар. Афсуски, бугун отасидан шикоят қиладиганлар кўпайиб қолди. Бизнинг олдимизга ҳам баъзан падаридан норози нодонлар келиб туради.)Шикоятга қаранг: “Ё Расулуллоҳ, отам ментопган ҳамма молимни ишлатиб юборяпти. Бунга унинг ҳаққи борми?” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Отангни чақириб кел”, дедилар. Ота бечора ўғли  Расулуллоҳга шикоят қилганини сезди.(Тасаввур қилинг-а, дунёларга раҳмат Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўғил отасидан шикоят қилса-я?! Бу ота учун  қанчалик ор).

Отаўғлига: “Сен кетавер, мен ортингдан етиб бораман”, деди. Ота шоиртабиат инсон экан. Йўл-йўлакай ўғлидан қаттиқ ранжиганидан шеър тўқиди. Лекин у фарзандини эҳтиёт қилиб, шеърни тилига ҳам чиқармади. Дилидан ўтказди, холос. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига тушиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сизга Аллоҳ таоло салом айтди. Ҳозир олдингизга бир мўйсафид одам келяпти. Ундан ичида тўқиган, аммо тилига чиқармаган нарсани айтиб беришини сўранг”, деди.

Ҳалиги одам келгач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан: “Ўғлингиз шикоят қиляпти, топган молу дунёсини – пулларини ишлатиб юборар экансиз”, дедилар. Ота: “Ё Расулуллоҳ алайҳиссалом, ўғлимдан сўранг-чи, унинг топганларини ўзим учун ишлатибманми? Ҳаммасини опа-синглисига, амма-холасига бердим-ку”, деди.

Шу гапдан сўнг Расулимиз алайҳиссалом: “Майли, қўяверинг. Сиз ҳозир келаётганингизда, ичингизда тўқиб, тилингизга ҳам чиқармаган нарсани айтиб беринг”, дедилар. Ҳалиги ота ҳайрон қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга яна бир карра имон келтириб: “Сиз ҳақиқий Расулуллоҳ экансиз. Ахир, буни мен ҳатто тилимгаям ҳам чиқармаган эдим, қалбимдан ўтказгандим, холос. Қаердан билдингиз?” деб сўради. У зот: “Менга билдирилди”, дедилар.

Ҳалиги одам шеърни айтиб берди (фарзанди ёшлигида кўп касал бўлган чоғи, шуни эслади ота):

 

Боқдим сени жон болам,

Қалбим сурурга тўлиб,

Қувончга тўлди олам,

Улғайдинг йигит бўлиб.

 

Бўлдим кечалар бедор,

Сенга етганда алам,

Танда қолмади мадор,

Етди кўкларга нолам.

 

Гўё эдим мен бемор,

Бошга ёғилиб тошлар,

Қалбимга тўлди озор,

Кўздан тўкилди ёшлар.

 

Фироқ мени қўрқитди,

Чанг солиб сенга ўлим,

Дардлар мени йиқитди,

Минг титроқ тутди қўлим.

 

Дўстинг бўлиб алп ўғлон,

Камолга етиб аста,

Сўзларингдан юрак қон,

Бўлдим-ку болам хаста.

 

Қилдинг менга қўполлик,

Қалбимга бериб озор,

Кўзларимга боқдинг тик,

Маҳзунлик бўлди ҳазор.

 

Отаманми, ўғилми,

Бўлиб қолдим мен ҳайрон,

Ғамга тўлдирдинг дилни,

Юракни қилиб вайрон.

 

Ақли йўқ, нодон, дединг,

Шуми сендан кўрганим,

Кучсиз бир ожиз, дединг,

Устимдан кулди ғаним.

 

Нетай, менга дилбандсан,

Қилгум сенга яхшилик,

Ахир, менга фарзандсан,

Юз бурмайман душмандек.

 

Бу шеърни эшитиб, Набий алайҳиссалом йиғлаб юбордилар ва: “Сен ҳам, молу дунёинг ҳам отангники”, дедилар(Имом Абу Довуд ривояти).

Бутун борлиғимиз, бисотимиз отамизники. Ёшлар чуқур тафаккур қилишлари керак. Ота фарзандларини боқиш учун не куйларга тушмайди. Буни ота бўлиб, жўжабирдай болаларини вояга етказиш учун кечаю кундуз тиним билмай тиришаётганоталар билишади.

Азизлар, ота – ғанимат. Кўпчилигимизнинг оталаримиз ўтиб кетишди. Улар ҳозир қанча қидирсалар ҳам, оталарини топа олишмаяпти. Давлатманд, бой одамлар даста-даста пулларни кўтариб олиб, отасини ахтаришади. Хизматини қилмоқчи бўлишади. Лекин топа олмай, йиғлаб юрибди. Отаси борлар эсаохирги марта қачон қиблагоҳини зиёрат қилганини унутдилар.

Азизлар, она – меҳрибон, муштипар, боласини еру кўкка ишонмайди, жонидан ортиқ яхши кўради. Унинг пешонасидан ўпади, бошини силайди, эркалатади. Отабаъзан қаҳри қаттиқ кўринса-да, лекин у фарзандини онадан кам яхши кўрмайди.

Яқинда олдимга бир ота келди. У боласининг буйраги қуриб бораётганини, уни алмаштириш зарурлигини куйиниб гапирди.Тиббий амалиётга, бировнинг буйрагини сотиб олишга пули етмаслигини, шу боис ўзи ўғлига буйрагини бермоқчи эканини айтди. Аммо шифокорлар ўзи бемор бўлса-да, ўғлига буйрагиини тортиқ қилаётган отага: “Сиз жарроҳлик амалиётидан чиқмайсиз. Ўғлингизга буйрагингизни олиб қўямиз, лекин сиз яшамайсиз”, дейишаётган экан. Ота буйрагидан айрилишига ҳам, амалиётдан чиқмаслигига ҳам рози. Ўғли яшаса бўлди.

Ота:

– Ҳазрат, сизнинг олдингизга мен ўғлимга буйрагимни берсам, амалиётдан чиқмасам, ўз жонимга қасд қилиб қолган бўлмайманми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиб қолмайманми? – деган саволларга жавоб топиш учун келдим. Ўлимдан қўрқмайман, болам яшасин.

Йиғидан ўзимни тўхта олмадим. Унга жавоб топиб бера олмадим. Ўзини ўзи ўлдирган бўлиб қолади десам, боласи турибди, “йўқ” дейишни ҳам, “ҳа” дейишни ҳам билмай қолдим. Фақат йиғлаб ҳақига дуо қилдим. Бирор донарни топинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дейишдан нарига ўтолмадим.

Ўша кундан бери ичимда бир ғалаён кезиб юрибди. Наҳот оталар шунчалик меҳрибон бўлишса, боласи учун жонидан ҳам кечсая?!

Аммо, афсуски, ҳозир кўп ёшлар отасининг қадрига етмаяпти. Иш билан овора бўлиб, зиёратидан ҳам узоқлашиб қоляпмиз. Айниқса, бошқа вилоятда, бошқа туманларда яшайдиган отангиз телефон қилиб: “Болам, яхшимисан?” деса, билингки, отангиз ўша кечасизни соғиниб мижжа қоқмай чиқади. Олдида укам, акамларбор. Опа-сингилларим ҳолидан хабар олиб турибди, деб ўйлашингиз мумкин.Ҳар гулнинг ўз ҳиди бор. Ота ҳамма боласини соғинади.

Биродар, отангизнинг олдига боринг, ажин тушган юзларига қаранг, сочларига “ёққан паға-паға қор”ни кўриб тафаккур қилинг. У бу кўйга қандай тушиб қолганини ўйланг.  Эртага қиёматда отамиз биз учун ўзини фидо қилганини айтганда, хижолат бўлиб қолмайлик. Бизни боқаман, деб шу ҳолга тушди.

Азизлар, ота – ғанимат.Биз қиблагоҳларимизни топа олмаяпмиз. Орамизда отаси ўтиб кетганлар бор. Улар минг армон билан: “Қанийди отам ҳаёт бўлса, қўлларини ўпар эдим”, деб орзу қилиб ўтиришибди. Бугун отаси ҳаётлар, жаннат дарвозаси борлар, шу дарвозадан кириб олинг. Бу дарвозани эртага топа олмай қолишингиз мумкин.

Аллоҳ таоло марҳум оталаримизни раҳматига олсин, маконларни жаннат айласин. Ҳаётда яшаётганларини саломат қилсин. Оталар – жаннат дарвозаси. Улар мана шу мақомга лойиқдирлар. Фарзандларингиз шу дарвозадан кириб олишсин. Отанинг қўлини ушлаб, Каъба олдида у зотнинг дуосини олиш – фарзанд учун дунёдаги энг катта бахт. Отани елкасида кўтариб, Каъбатуллоҳни тавоф қилдириш – чинакам саодат.

Бугун отаси борлар Каъбада у зотнинг қўлларини ушлаб, Арафотда ёнларида туриб дуоларини олсин. Бугун отаси ёнида бўлишини орзу қилаётган дўстларимизга Арафотда қиблагоҳи ҳақига дуо қилиш насиб этсин.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим, менга раҳм қилгин

28.07.2026   8749   1 min.
Аллоҳим, менга раҳм қилгин

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга бир дуо ўргатинг, мен уни намозда ўқиб юрай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон. Ва иннаҳу лаа йағфируз зунууба иллаа анта. Фағфир лий мағфиротан мин ъиндика варҳамний, иннака антал ғофуурур роҳийм”, дедилар.


Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен ўзимга кўп зулм қилдим ва Сендан ўзга гуноҳ ларни кечирувчи йўқдир. Мени ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечиргин ва менга раҳм қил гин! Албатта, Сен кўп кечирувчи ва ўта раҳмли Зотсан” (Имом Бухорий ривояти). Яхшилик билан мукофотласин Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга бир яхшилик қилинса, уни қилган кишига “Жазаакал лоҳу хойрон” деса, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар.


Маъноси: “Аллоҳ сени яхшилик би лан мукофотласин” (“Сунани Термизий”). Бошқалардан беҳожат қилгин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Бир мукотаб (озод бўлиш учун тўлов тўлашга хожаси билан шартнома тузган қул) олдимга келиб: “Мен келишилган маблағни топиб бера олмай қолдим. Менга ёрдам беринг”, деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган калималарни ўргатдим: “Аллоҳум­макфиний би ҳалаалика ъан ҳароомик, ва ағниний би фазлика ъамман сиваак”.


Маъноси: “Аллоҳим, ҳаромингсиз ҳалолинг билан менга кифоя қилгин ва фазлинг ила мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин” (Сунани Термизий).

“Ҳидоят” журналининг  

2025 йил 6-сонидан

Мақолалар