Мақолалар

Исломга зид урф-одатлар Беҳбудий даврида ҳам бўлганми?

ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Туркистонда рўй берган иқтисодий-сиёсий ҳаракатлар ҳосиласи улароқ жамиятда янги тизим, янги ҳаёт барпо бўлаётганидан далолат эди. Ғоят мураккаб бу даврда яшаган Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари мамлакатда маданият, маориф, маърифат тарғиб қилиш йўли билан бугунги мустақиллигимиз пойдеворига тамал тошини қўйдилар.

Туркистонда жадидлар ҳаракатининг раҳнамоси янги мактаб асосчиси, ўзбек драмачилигининг отаси, ношир, журналист Маҳмудхўжа Беҳбудий эди. Миллий тараққиёт ва халқ озодлиги йўлида жонфидо жадидлар Самарқанд, Тошкент шаҳарларида янги “Усули савтия” мактабларини ташкил қилишди. Бу мактаблар учун ҳам диний, ҳам дунёвий китоб, дарсликлар нашр қилишни жадидлар зиммаларига олдилар. Табиийки, бунинг учун маблағ зарур эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси, замондошимиз Шоҳруххон Беҳбудийнинг таъкидлашича, Жомбой ҳудудида бобосининг катта боғи бўлиб, ундан олинган фойда эвазига мактаб харажатлари қопланган. Бундан ташқари, самарқандлик бойлар ҳам қараб туришмаган. “Кимдир ақча, кимдир жома” билан ёрдам қўлини чўзган.

Халқни саводли қилмай туриб, озодлик ҳақида ўйлаш мушкуллигини англаган жадидлар театр соҳасига ҳам катта эътибор қаратдилар. 1911 йилда ёзилган, 1913 йилдагина намойиш қилинган “Падаркуш” драмаси ўзбек саҳна асарининг биринчиси ҳисобланади. Халқ томонидан катта эътироф ила кутиб олинган бу драмада ўша замон маиший ҳаётдаги билимсизлик, жаҳолат, нодонлик, бойликка учлик, падаркушлик каби фожиалар қаламга олинган.

“Халқ ниҳоятда кўп келиб, билет етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши (!) қайтиб кетди”, - деб ёзган ўша вақтдаги матбуот.

Дарвоқе, 1913 йилнинг баҳор ойларида “Самарқанд” газетаси нашр этилади. “Ойна” журналига асос солинади. “Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди… Янги адабиётнинг маркази – Самарқанд. Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудийдир”, - деб ёзади туркийшунос олим, академик Александр Николаевич Самойлович. Ташкил этилган газета ва журналларни қизиқарли мақолалар билан бойитиш, ноширликдаги янги усулларни ўрганиб, татбиқ этиш, зарур асбоб-ускуналар харид қилиш мақсадида Маҳмудхўжа Беҳбудий сафарга отланади ва сафар таассуротларини “Қасди сафар” асарида баён этади. Асарнинг ҳар бир қисми “Ойина” журналида босилади. Саёҳатномани ўқир экансиз, ХIХ аср охири ХХ аср бошларидаги маданий ҳаёт, сиёсат, иқтисод, аёллар ва эркакларнинг жамиятдаги ўрни, мактаб ва мадрасалар, газета, журнал ва дарсликлар аҳволи, ҳар бир мамлакатнинг жуғрофий тузилиши, савдо-сотиқ ва банк ишлари, туркистонлик ҳожиларнинг саёҳат давомидаги ҳаётлари ва бошқа кўплаб мавзулар билан танишасиз.

1914 йилнинг 29 май куни сафар тадоригида Маҳмудхўжа Беҳбудий тўнғич ўғиллари Маъсудхонга рўзғор ишлари, самарқандлик таниқли зиёли Сайид Ризо Ализодага “Ойина” журнали мудирлиги, моҳир педагог, таржимон, публицист Ҳожи Муинга муҳаррирликни, “Кутубхонаи Беҳбудия” котиблигига шоир Мулло Фахриддин Рожийни мутасадди қилиб тайинлайди. Яқин Шарқ мамлакатларига уюштирилаётган бу иккинчи саёҳат қамрови кенгроқ бўлиб, Ашхобод, Красноводск, Боку, Минералние Води, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск, Ростов, Одесса, Истанбул, Адирна, Қуддус, Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Порт Саид, Шом шаҳарларини ўз ичига олади.

Ҳурматли ўқувчимга худди ана шу йўналиш бўйича Беҳбудий саёҳатидан юз йил ўтгач, мен ҳам кезиб чиққанимни айтиб ўтмоқчиман. Хоҳишингиз бўлса, сиз ҳам саёҳатга чиқинг. Бунинг учун сизга интернет сарҳадларидаги маълумотлар асқотади. Масалан, Беҳбудий Истанбул шаҳридаги кўркам боғлар, Босфор бўғози ёки Шомдаги муқаддас масжид, мадрасалар, Қуддуси Шарифдаги Расулуллоҳ қадами теккан қутлуғ Масжид ал-Ақсони тасвирлар экан, сиз ҳам интернетдан шу жойларни топиб, ҳам ўқиш, ҳам томоша қилиш завқини туйинг.

Саёҳатнома ҳам маърифий, ҳам адабий-эстетик жиҳатдан ниҳоятда муҳим. Улар адабиётимиздаги анъанавий тарихий мемуар жанрининг ХХ аср бошидаги ўзига хос намунасидир. Асарда муаллиф турли-туман миллатнинг урф-одатлари, турмуш тарзи хусусида сўз юритади. Россияда картошка қазиётган рус аёлларидан тортиб, ривожланган мамлакатлардаги ўзи юрар “Осонсур” (экскалатор) ҳақида сўз юритади.

Марвда юз минглаб мусулмон яшасада, бирор жойда масжид учрамагани ҳолда рус калисоси мавжудлигидан ҳайратланади. Қизил Арводдаги қозоқларнинг фақиру-муҳтожлиги туркман биродарларидан ошиб тушади. Қозоқ зиёлилари замонда бўлаётган ўзгаришлардан тўғри хулоса чиқарсалар, халқнинг оғир ҳаёти бироз енгиллашар эди, деб ёзади Маҳмудхўжа Беҳбудий.

Боку шаҳар аҳолиси бироз бадавлатроқ яшашидан таскин топган саёҳатчи бу халқнинг энг қора ва ислоҳ қилиб бўлмас одати ҳақида ёзади. “Биз, Туркистонийлар топганимизни тўй, ўлик ва кўпкарига сарф қилгандек, бу мусулмон қариндошларимизнинг аксари ўз молини қиз олиб қочиб, жанжолига сарф этмоқ бир-бировларини ўлдуруб, сўнгра бор пулларини суду синод йўлида ва умрларини Сибириё чўлларига сарф қилиб, нобуд бўлар эканлар”. Озарбойжонлик биродарларимиз ҳаётини тасвирлаб, Туркистондаги серхаражат тўйлар, исрофгарчилик, удумларнинг кўплигини танқид қилади.

Пятигорскни – Бештоғ, Железноводскни – Темирсуйи деб ўз номида аташни лозим топган Беҳбудий бу ердаги сўлим табиатда “салла ва чодир ураган” пурвиқор тоғлар орасида барпо этилган дам олиш масканлари хусусида сўз юритади. Соғлиқни сақлаш ва тиклаш мақсадида ташкил этилган бу масканлар аслида бойлик орттиришнинг бир тури бўлиб, Туркистонлик бойлар ҳам бу усулдан фойдаланишса, юртимиз ҳам обод, ҳам соғлиқни сақлаш йўлида илк янги қадамлар ташланади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий қайси шаҳар ёки давлатга бормасин маҳаллий халқ ҳаётини таққослайди: сабаб ва оқибат тугуни ечимини излайди. Замонавий пароход, трамвай, экскалаторлар, яшаш жойини ижаранишинга бериб, ўзи бошқа юртда турадиган бойлар, поездда билет сотиш йўллари, банкда савдо-сотиқ ва фоизлар ҳисоби, газета ва журнал нашри хусусида сўз юритади.

Айниқса, ҳаж сафарига чиққан Туркистон ҳожиларининг саргузашти ҳақида ҳикоя қилар экан, кўплаб қизиқарли маълумотларни беради. ХХ аср бошларида Туркияда тўртта такя бўлиб, уларда асосан туркистонлик савдогар, саёҳатчи, ҳожилар яшашган. Такя - форс-тожик тилидан таржима қилинганда, суянмоқ маъносини беради.

Демак, дам олиш, ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган такяларда махсус хоналар бўлиб, йўл чарчоғини чиқариш, озиқ-овқат харид қилиш ва ғамлаш учун қулай бўлган. Йўловчиларнинг туя ва отлари учун ҳам қуноқ бўлган. Ана шундай такяларнинг бирида бир неча кун яшаган Маҳмудхўжа Беҳбудий қуналғанинг харобалигидан озор чекади. Ўнлаб йўловчилар юклари билан бир хонадан жой олишган, бунинг устига энг арзон хураклардан истеъмол қилишлари нохуш кайфият уйғотган. Туркистонлик ҳожилар йўлга отланганда ўзлари билан олиб чиққан қовурдоқ ва нонни халтадан олиб истеъмол қилишар, азбаройи маҳсулотлар айниганидан тоблари қочар, даволаниш учун махсус тиббий кўрикка бормай, табиб билан бамаслаҳат иш кўришларини қоралайди. Ота-боболаримиз йўлда учраши мумкин бўлган ўғри-қароқчилардан мумкин қадар ҳимояланиш мақсадида озроқ маблағ билан йўлга отланишган.

Ваҳоланки, ўша вақтда пароход, поезд каби транспортлардан фойдаланиш мумкин бўлган. Банкка пул қўйиб хоҳлаган мамлакатдан ечиб олиш имконияти бўлган. “Бизни баъзи ҳожилар давлатлик бўлсалар ҳам таблик, ифлос, мажжоний такя ва ёинки ниҳоят арзон, мурдор ерларни таржиҳ этарлар. Бизни ҳожилар аксариятан у қадар кир бўладирларки, дуруст утелларга борганда ҳам қўймайдурлар”.

Маҳмудхўжа Беҳбудий Истанбулда Исмоилбек Гаспирали билан учрашганини зўр иштиёқ билан тасвирлайди. Машҳур “Аё София”дан бирор чақирим узоқликда кўркам ва обод гулхона, яъни сайлгоҳда жадидлар раҳнамоси Исмоилбек Гаспирали билан суҳбатлари мактаб, маориф, янги ҳукумат ишлари хусусида бўлади. “Ҳукумат мактабларига туркистонлик қардошлар бола бермоғидан” мамнунлик туядилар.

Қозонлик қрим-татар миллатига мансуб Исмоилбек Гаспирали бутун дунё мусулмонларини бирлаштириш, сочиб ташланган туркий халқларни миллий руҳ, маданият, маърифат йўлида бирлаштиришга хизмат қилган жадидлар “отаси” сифатида тарихда ном қолдирди. У кишининг олти фарзандларидан бири умрининг охирги йилларида Самарқандда ночорликда ўтказганлиги ҳақидаги маълумотни адиб, журналист Миршариф Хўжаев ўзининг “Ҳодарвиш шамоли” китобида ёзган. Тақдирнинг аччиқ шамоли сиёсат қурбонларини “халқ душмани” тамғаси остида ўзга юртларга сочиб юборади.

Миллат тақдири маърифат ва маорифни ошириш билан белгиланишини чуқур англаган Исмоилбек Гаспирали ва унинг сафдошлари жаҳолат қурбони бўлдилар.

Саёҳат давомида Байрут шаҳрида араб ва турк бойлари билан зиёфатда бўлган суҳбатни тўлиғича келтирмоқчиман. Зотан, хулоса чиқарсак.

“Дедим: “На учун ичмайсизлар?”

Дедиларки: “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Оллоҳ азим-уш-шон Ҳазратлари Қуръони Каримда афандимиз воситалари ила найҳи этибдурки, 1300 сана сўнгра оврупойилар бу хабисларинг зарарини билиб, ўзларин сақламоқдадур. Биз қандай ичармиз. Анварбегимизда ичган афисарларни силки муқаддас аскарийдан тард этар”.
Дедим: “Ей, мисрийларга на бўлди?”

Ундан дедиларки, бизнинг мактабларда мунинг зараридин баҳс этарларки, инсоннинг ичкиси келмайдур.
Дедиларки : “Туркистону Бухоро қандайдур?”

Мажбуран тўғрисини сўйладим…
Дедилар: “Астағфирулло!’’

1914 йилда нашр қилинган “Ойна” журналининг 51-сонида Маҳмудхўжа Беҳбудий масжид ал-Ақсо аш-шариф хусусида маълумот қолдирган. “…мундай муқаддас ва мутабаррук муқомларга бандани эткургони учун Оллоҳ зулжалолга ташаккур ва арзу ниёз ва убудият этдим”, - деб ёзади. Мукаррам Қуддусда жойлашган “Масжид ал-ақсо” ислом оламида Макка ва Мадинадаги масжидлардан кейин турувчи муқаддас жой. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 5000 киши намоз ўқиши мумкин.

Ислом оламида Пайғамбаримизнинг саллолоҳу алайҳи ва саллам меҳрож кечалари билан боғланган. Масжид 7 та катта равоқ ва кўп сонли тоқлардан иборат бўлиб, турфаранг мармар, катта ва ёруғ қандиллар, Истанбулдан юборилган қалин гиламлар одамзод заковати ила яратилганлиги ҳайратли. Инсониятни эзгуликка, ҳидоятга, маърифатга чоғловчи ва бу йўлда ҳеч қандай бойликни иқтисод қилмаган муқаддас мусулмонлар, бонийлар, фотиҳлар руҳи покларига атаб Қуръондан тиловат қилиб, кейинги авлод мусулмонлари бу йўлда бироз адашганлигини надомат билан ёзади. Ҳатто, шундай маҳобатли масжидлар зиёратидан чиқаётган туркистонли зиёратчиларнинг сўзлари: “садағаси кетай, хуб мазор экан, лекин туги йўқ экан”, деб ҳасратланиши дилларни хуноб қилади.

Миср кўчаларини сайр қилган Маҳмудхўжа Беҳбудий жаноза устидан чиқади. Нарвонсиз тобут кўтариб кетаётган кишилар ортидан тушадилар. Йиғи-сиғи йўқ, барча “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни қайтариб бормоқда. Майит кўмилгач, йиртиш, ортиқча харажат йўқ. Бизда эса эри ўлган аёл сочини юлиб, юз ва баданларини тимдалаб ташлайди. Ортиқса сарф-харажатлар қилиб, зиёфатлар берилади.

Демак, бизда нафақат маориф ва маърифатда, балки диний ишларда ҳам уқувимиз йўқ. Ислом дини асл моҳиятини билмаслигимиз оқибатида хурофотга чўмганмиз. Афсуски, бу ҳоллар ҳанузгача давом этмоқда. “Беҳбудийнинг ушбу сафари билан бугунги кун орасида 80 йилдан ортиқроқ тарих турибди, - деб ёзади атоқли олим Бегали Қосимов 1997 йилда нашр қилинган “Танланган асарлар”ида. - Саксон йилда муболағасиз саккиз юз йиллик воқеалар бўлиб ўтди. Шуларга қарамай “Хотиралар”даги маърифий руҳ, изтироб тўла фикр-мулоҳазалар, муаллифнинг ташна нигоҳи сизни бефарқ қолдирмайди.

Ҳа, Беҳбудий назари билан саёҳат қилиб кўп тафсилотларни билиш мумкин. Даврлар ўтди, лекин Беҳбудий санаб ўтган кўплаб камчиликлар ҳали-ҳануз ечимини топгани йўқ.

Дилафруз РАҲМАТОВА,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси, “Зарафшон” газетаси

Read 1267 times

Мақолалар

Top