Ибратли ҳикоялар

Миннатдорлик ҳисси

Ўз уйингни ўзинг асра...

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Минор” маҳалласида уч ярим минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Юртбошимиз фармонига биноан, маҳаллаларда хотин-қизлар билан алоҳида ишловчи битта мутахассис фаолият кўрсатиши таъкидлаб ўтилди. Бу фармонда агар маҳаллада аёллар сони 2000дан ортиқ бўлса, иккита мутахассис ишлаши назарда тутилган. Бу фармон ижроси бўйича маҳалламизда режалар ишлаб чиқилмоқда.

Иш режамизга биноан бир сафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш мутахассиси Гулнора Шакиржонова билан навбатдаги оиладан хабар олиш учун бордик.

Уй соҳибаси Ҳакима опа (исмлари ўзгартирилди) ёшлари улуғ, катта оиланинг нуроний маслаҳатгўйи эканлар. Ҳикояларини қисқача келтираман:

“Тўғрисини айтай, дарвоза қўнғироғи чалинса, безовта бўладиган бўлиб қолдим, негаки, яна “Сизлар диний оқимга кирганлар рўйхатида турасизлар” деган гап миямга ток каби урилади. У оқимга кириш у ёқда турсин, ўша махсус рўйхатда туриш мен учун улкан қўрқув. Эшик жирингласа, нафақат ўзим, келин ва невараларим ҳам жовдираб менга термиладиган худди қачонгача бундай хавотирда яшаймиз, деяётгандек бўларди...

Шу тахлит анча йиллар ўтди. Тўғриси қўни-қўшни, таниш-билишлар олдида хижолат чекадиган, йиғин-давраларга қўшилолмайдиган бўлиб қолдик...”

Онахоннинг ҳикояси анчайин оғир бўлиб, унинг кўзларида ўша кунларнинг оғир излари, овозида эса қандайдир ўкинч-дард зоҳир эди. У жондан азиз невараларининг онаси бўлган келинлари учун куйинарди.

Онахон тўрт ўғил фарзандларини олий маълумотли қилиб, 15 невара 10 эваранинг бувижониси эканлар, аммо...

– Мана, онахон, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан шундай улуғ кунларга етишдингиз, энди нималар ҳақида ўйлаяпсиз?

– Аввало, минг раҳмат шу одил юртбошимизга! Биз каби оналарнинг оҳини эшитдилар, адолатни қарор топтирдилар. Узоқ йиллар кутубхонада ишладим. Халққа китоблар орқали зиё улашдим. Иккала келиним ҳам меҳнаткаш, халқ хизматида. Рўзғорлари тинч, ҳаётлари яна ўз изига тушди. Чеҳралари ёришиб, ҳар кун  адолатли қарор учун давлатимиздан миннатдор бўлиб, дуода яшаяпмиз.

Биз бу оила остонасидан узоқлашар эканмиз, билиб-билмай қилган гуноҳлари афв қилинган ёхуд қандайдир адашув натижаси ўлароқ “айбдор” бўлиб қолган ҳамюртларимиз бошидан қора булут аригани ростлигига қувондик.

 

Дилором КАРИМОВА

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3266 times

Мақолалар

Top