Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Кўк терак” жомесига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари бугунги жума мавъизаси: “Қуръони каримдаги энг буюк оят” (Оятал курсининг фазилати) мавзусида маъруза қилиш асносида ушбу ояти каримани ўқиб, сўнг ҳар бир оятини алоҳида оят, ҳадис ва уламолар сўзлари асосида тафсирини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари “Оятал курси”нинг фазилат ва фойдалари ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар: “Оятал курси ўқилган уйдан жину шайтолар қочади ва ўқигувчини Аллоҳ таоло Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлайди. Ҳар бир фарз намоздан кейин Оятал курсини ўқиш – кишини жаннатга киришига сабабдир. Расулимиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади”, дейилади (Имом Табароний ривоятлари).

Намоздан кейин ўқиладиган Оятал курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб амалдир. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари намоздан кейинги зикрларни фарз ва суннат ўртасида эмас, балки намознинг охирида ўқиш суннатга мувофиқ бўлишини таъкидлайдилар. Бунга Оиша онамиздан нақл қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин Оятал курси, зикрлар, тиловати Қуръон ва дуо қилишлар ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, айни муддао бўлар эди”.

Якунда Аллоҳ таолодан элу юртимиз фаровонлиги, ушбу масжид ободлиги ва жамоаси ҳаққига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1494 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top