muslim.uz

muslim.uz

— Мен маҳаллаларда уйма-уй юриб, кийим-кечак, майда-чуйда буюмлар сотиб, оила тебратаман. Кўпинча одамлар насияга олади, кейин пулларни йиғишга борганимда баъзилар имкони бўлса ҳам, қарзини тўламайди ёки орқага суради. Динимизда бундай ҳолатнинг хукми қандай?

— Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак. Қарзни узишга қодир бўлатуриб, бермай юриш, ҳадиси шарифда айтилганидек, ҳақ эгасига зулм қилишдир. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Понедельник, 05 Октябрь 2020 00:00

5 октябрь – Халқаро ўқитувчилар куни

ЮНЕСКОнинг 1966 йил 5 октябрда Париж шаҳрида бўлиб ўтган 14-сессиясида Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида тавсиянома қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатда ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар учун яратилиши зарур бўлган энг муҳим шарт-шароитлар бўйича халқаро меъёрлар белгиланган.

Шу муносабат билан, ушбу сана 1994 йилдан бери Халқаро ўқитувчилар куни сифатида нишонлаб келинади.

Ушбу кун 100 дан ортиқ давлатда кенг нишонланиб, ўқитувчиларнинг инсоният ҳаёти ва жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва аҳамиятини, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратиш лозимлигини эслатиб туради.

Понедельник, 05 Октябрь 2020 00:00

Йигит ва отахон суҳбати (Аудио)

Матнни oлий тоифали сухандон Шуҳрат Қаюмов ўқиган

Понедельник, 05 Октябрь 2020 00:00

Муҳаммад Амин

Биласизки, Каъбани таъмир қилиш пайтида ўртада мунозара, баҳс пайдо бўлди. Яъни Каъбанинг эски, дарз кетган деворларини йиқитиб, қайтадан тиклай бошлаётган пайтда Ҳажарул Асвадни ўз ўрнига кўтариб қўйиш масаласида ораларида ихтилоф чиқди.

Мен Қурайшнинг фалон қабиласиданман, фалон насабиданман, ҳаммангиздан юқори тураман. Шунинг учун қабилам шарафини ҳимоя қилишим, бу тошни ўз ўрнига мен кўтариб қўйишим керак, – деса, бошқаси бунга қарши:

Бу қандай гап? Менинг қабилам сеникидан анча устун, мен фалончи қабиладанман, ундай, бундай...

Шу тахлит масала чигаллашди. Бориб-бориб, гап жанжалга, ҳатто қилич яланғочлашга борди. Шунда бир киши:

Илтимос, тинчланинглар, Масжиди Ҳарамда жанжаллашманглар! Бу ер жанжаллашадиган жой эмас! Келинглар, ҳаммамиз кутиб турамиз. Эшикдан биринчи бўлиб ким кириб келса, ўшани ҳакам қиламиз. Ҳакам кимни бу ишга лойиқ деб билса, кимни кўрсатса, ўша одам тошни ўрнига қўйсин! – дебдилар.

Худди қуръа ташлаш каби... Чунки эшикдан ким кириб келади, у кимни тайинлайди – ҳар икки ҳолат ҳам мавҳум — маълум эмас...

Шу пайт эшикдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар.

Эшик деганимиз: Каъбанинг атрофи девор билан ўралган... Шу ерда бир эшик бўлиб, “Бобус Салом” дейилган ва эшикдан ҳовлига кирилган. Кейинчалик у ерлар кенгайтирилган. У эшик ҳам анча орқага сурилиб кетган.

Шундай қилиб, ўша эшикдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киришлари билан ҳамма: “Э, Муҳаммад ал-Амин келди; бўлди, биз розимиз! Унинг ҳакам бўлгани яхши бўлди”, – дейишди. Ҳаммалари адолатли, энг ақлли ва ишончли кишининг биринчи бўлиб эшикдан кириб келгани ва унинг ҳакам бўлгани учун жудаям севинишди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали пайғамбар эмас, қурайшнинг бир етим боласи эдилар. Бой эмас, мавқе-мақоми йўқ, лекин ҳамма пулини унга омонат топширади, унга нарсаларини ишонишади... Чунки энг ишончли, диёнатли инсон эдилар, улуғ хулқ соҳиби бўлиб етишган, Аллоҳ таоло шундай тарбия қилган эди.

“Эй Муҳаммад! Биз бир муаммони ҳал қилишда келишолмай қолдик. Сен ҳакамлик қилиб айт, шу тошни бизлардан қайси биримиз ўз ўрнига қўяйлик? Майли, сен кимни лойиқ кўрсанг, биз розимиз. Сенинг айтганинг бўлади!...” – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир матоҳ келтиринг!”– дедилар.

Дастурхондек мустаҳкам, пишиқ бир матоҳ олиб келишди. Тошни унинг устига қўйишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммангиз баробар кўтаринглар!” дедилар. Ҳамма қабила бошлиқлари баробар кўтаришди. Тошни ўзлари олиб, ўз қўллари билан жойига қўйдилар. Шундай қилиб, тош ҳам энг яхши инсон томонидан қўйилди, ҳамда ҳеч ким ҳеч кимдан хафа ҳам бўлмади. Масалани энг қулай йўл билан ҳал қилдилар...

Бу мисол пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг пайғамбар бўлишларидан олдинги жамиятдаги мавқеъини ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал қилиш қобилиятини кўрсатади. Мана, у киши шундай улуғ шахсият соҳиби бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали пайғамбар бўлмасидан олдин ҳам марҳамат, меҳр-шафқатли, ёмон ишларга аралашмаганликлари билан машҳур эди. Каъбанинг ичида 360 та бут бўлгани, у зот ҳеч қачон бутларга сиғинмаганликлари билан танилган сокин инсон эдилар. Ҳамма сиғинган, лекин у зот сиғинмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мозийларига, ўтмишларига, ёшликларига соя солган, доғ бўлиб қолган бирор воқеа йўқ... Демак, ҳали пайғамбар бўлмаган вақтларида ҳам Аллоҳ Таоло у муборак зотни Ўзи ҳимоя қилган, тарбия қилган.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Понедельник, 05 Октябрь 2020 00:00

Оқтўба шаҳрида янги масжид очилди

Оқтўба шаҳрида саховатли инсонлар ёрдамида яна бир янги масжид очилди. Muftyat.kz хабар беришича, очилиш маросимида Оқтўба вилояти бош имом-хатиби Толеби Оспан, шаҳар ҳокими Асхат Шахаров ва дин ишлари бошқармаси бошлиғи Алимбек Туралиев ҳамда масжид қурилишида иштирок этган тадбиркорлар, оқсоқоллар ва қишлоқ аҳли иштирок этди.
Қишлоқ аҳолиси талабига биноан, 2018 йилда вилоят ҳокимлиги муфтиятга масжид қуриш учун ер участкаси ажратди ва қурилиш 2019 йилнинг май ойида бошланди. 1 йилу 4 ойдан сўнг капитал қурилиш натижасида 800 ўринли масжид муваффақиятли якунланди. Масжиднинг ер ва биноси Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси балансида тўлиқ рўйхатга олинган ва филиал сифатида рўйхатга олинган.
Диний идора қарорига кўра, масжидга "Каирхўжа" номи берилди ва Олий муфтий буйруғи билан Сунгат Саметов имом жтиб тайинланди.
Оқтўба шаҳридаги 800 кишига мўлжалланган "Каирхўжа" масжиди биноси икки қаватдан иборат. Масжид ҳар бир қаватининг майдони 324 квадрат метрни ташкил этади. Биринчи қаватда катта асосий намозхона, кутубхона, Қуръон ўқиш хонаси ва имом хонаси мавжуд. Иккинчи қаватда аёллар зали бор. Шунингдек, биринчи қаватда эркаклар учун қўшимча хона ва дарсхона мавжуд. Масжид ҳовлисида 240 квадрат метр майдонга эга қўшимча мажмуавий бино мавжуд. 4 хонали имом кабинети, қозонхона, эркаклар ва аёллар ҳожатхонаси бор. Масжиднинг умумий майдони 0.500 гектарни ташкил этади. Ташқи ҳудуд бутунлай ўраб олинган. Ушбу масжид вилоятдаги 68- ва шаҳардаги 11-масжид сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top