muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 28 Сентябрь 2020 00:00

Мўминларга меҳрибон бўлган Пайғамбар келди

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари хусусида сўз юритганимизда у кишининг замондошларига, яқинларига, ҳаммаслакларига бўлган адолатли муносабатлари, хушмуомалаларининг гувоҳи бўламиз. Бу биз учун муҳим жиҳат...

Ҳаётимиз давомидаги ҳаракатларга нур бергувчи, ёритгувчи манба бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ахлоқлари ҳақида Ҳазрати Оиша онамиздан сўраганларида: «Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари Қуръон эди...» деб жуда қисқа ва лўнда жавоб берганлар. Чунки Оиша онамиз ниҳоятда закий, жуда илмли, тадбиркор аёл эдилар. Шу даражада олима эдиларки, Ҳатто саҳобалардан ёши улуғлари ҳам келиб, у кишидан кўп масалалар хусусида савол сўрашарди. Оиша онамиз эса далил билан чиройли тарзда жавоб берардилар. Фиқҳ илмидан, яъни фатво илмидан яхши хабардор олима эдилар.

Бир куни жиянлари:

«– Холажон! Мен тафсир илмини, ҳадис илмини, фиқҳ илмини билишингиздан ажабланмайман. Лекин тиб илмини қандай  ўргандингиз?..» – дея сўрайди.

Чунки Оиша онамиз фавқулода ўткир қобилиятлари туфайли тиб илмини ҳам чуқур эгаллаганлар. Жиянлари шу учун ҳам таажжубланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тенгсиз-мислсиз ахлоқ соҳиби эдилар. Қуръони Каримда бу ҳақда ояти карималар бор... Масалан, Тавба сурасининг охирида айтилган: Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим:

لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

"(Эй инсонлар) Сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!" (Тавба сураси,128-оят).

Бу ояти каримадаги «анфусикум» сўзини «анфасукум» деб шарҳлаган олимлар ҳам бор... Яъни, «Сизларнинг нафисроғингиз, гўзалроғингиз» маъносида. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўхшаш инсон тоифасидан бўлсалар-да, лекин бизникига нисбатан «анфас»[1] бир шахсияти, айри хусусиятга эга бўлган руҳонияти бор эди... Бу ҳақда Аллоҳу Таолонинг ўзи кафиллик берган... Аллоҳ Таолонинг энг севикли бир бандаси эдилар.

Баъзи мушриклар: «Нега Аллоҳу Таоло бизга башариятдан, инсон жинсидан пайғамбар юборди? Фаришталардан юбормади? Фаришталар қанотлари билан учиб келса бўлмасмиди?...» – деб айтишарди.

Ер юзида инсонлар яшагани ва Аллоҳнинг ҳукмлари инсонларга юборилгани учун, уларни ҳақ йўлига бошловчи комил, намунали киши инсонлардан бўлиши керак эди. Нега? Чунки бошқалар унинг ҳаётига, ҳаракатларига қараб ўз ҳаракатларини тартибга солиши лозим эди. Шу мақсадда Аллоҳу Таоло башардан, инсонларнинг ўз ораларидан бир пайғамбарни танлади ва юборди...

Унинг бизникидек нафси, кўз-қоши, қалби, туйғулари, қувонч-қайғулари бўлган, биз каби еб-ичадиган, ухлайдиган, чарчайдиган; барча инсонлардек бир инсон эдилар... Лекин бу хусусиятлар билан бирга Аллоҳга энг мақбул шаклда қуллик қилишни ишда, амалда, сўзда кўрсатадиган бир пайғамбар, элчи ҳам  бўлиб юборилган эдилар.

Бир қанча киши инсониятдан пайғамбар юборилишини тушунолмаганлар. Улар ғайритабиий нарсаларни хоҳлашиб, ҳар хил сўзлар айтишарди. Жумладан: «Икки ёнда иккита фариштанинг юриши, сеҳрли бир боғнинг бўлиши, у ерда турли хил меваларни узиб ейдиган бўлиши керак эмасми?...»

Ахир Оллоҳ Таоло сизга инсониятдан бўлган, сизнингдек бир бандасини пайғамбар қилиб юборяпти-ку! Бу башар пайғамбаридаги табиий бир мукаммалликни  кўп кишилар англай олишмаган. Кимлардир тушунган, кимлардир тушунмаган...

Баъзилар «Оллоҳга яқин бўлай, яхши қуллик қилайин», – деб қандайдир йўл танлашади... Масалан, жамиятни тарк қилишади. Ажабо, жамиятни тарк қилиб, узлатга чекиниш билан яхши инсон бўладими ёки яшаб турган жамиятида ўз ҳаётини, ҳатти-ҳаракатини тартибга солишга эришадими?... Агар ҳар бир киши узлатга чекинаверса, жамият тартиби бузилади. У ҳолда ҳар бир киши шахсий эҳтиёжини қондириш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Натижада башариятнинг, жамиятнинг ривожланиши издан чиқади, ҳаёт мезони, яшаш низоми бузилади. Нотўғри ҳолат юзага чиқади...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам ҳар бир кишининг жамиятдан бутунлай ажралиб, тарки дунё қилиб ўз раъйига кўра ғалати ибодат турларини адо қилишдан манъ қилганлар. Ундай ибодатда ҳикмат бўлмайди...

Инсон ўлароқ инсонларга хос ҳаёт кечириб, Оллоҳ Таоло томонидан бизга берилган барча неъмат ва эҳсонлардан фойдаланишимиз,  Оллоҳнинг розилигига  етишишимиз, яъни Оллоҳнинг неъматларидан Оллоҳ розилигига эришиш учун истифода этишимиз ва яратганга гўзал шаклда қуллик қилишимиз лозим! Яшашимизнинг асосий ғояси ҳам шудир. Афсуски, кўп одамлар буни тушунолмаганлар... Биз буни яхшилаб тушуниб олишимиз керак!

(Мин анфусикум) «Сизларнинг ичингиздан, ўзларингиздан бир киши расул қилиб юборилди. «азизун» «Азиз» – иззатли, қимматли маъноларида келади. Бу ерда эса (азизун) дейилгандан кейин бир вергул бор, (алайҳи ма аниттум) – иккинчи сифатдир. Яъни, «Сизни ранжитадиган нарсалар унинг учун оғирдир, сизларнинг хафа бўлишингизни истамайди». Ёки вергул бўлмаса, тўхташ ишорати бўлмаса, (азизун алайҳи ма аниттум) «Сизларни ранжитадиган нарсалар унга ҳам оғир ботади, уни ҳам хафа қилади», – деган маънони беради...

Ҳар икки маънода ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтимоий ахлоқининг юксак даражада эканлиги намоён бўлаяпти. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ўзларини ўйлайдиган, манфаатпараст инсон эмас, бошқаларнинг ғам-қайғулари ва машаққатларига елкадош, шерик бўлолган, бошқаларнинг маҳзунлигини кўриб, хафа бўлган бир инсон... Бу жуда муҳим сифат, хос хулқ; яъни Аллоҳу Таоло томонидан ижтимоий ахлоқининг, тарбиясининг юксаклиги,  мадҳ қилиниши, мақталишидир.

(Ҳарисун алайкум) Бунинг маъноси: “Сизларга нисбатан ўта ҳарис – ташна...” Яъни, онанинг боласига нисбатан меҳри, боласини асраб-авайлаш ҳисси, туйғуси каби; товуқнинг жўжаларини ҳимоя қилишидек; қалби сизга нисбатан ҳимоя туйғулари билан тўла; сизларга нисбатан меҳрибон, шафқатли...

(Бил мўъминина рауфур раҳийм) “Мўминларга нисбатан жуда юмшоқ кўнгилли, жуда марҳаматли...» Булар барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги инсонларга нисбатан ахлоқларининг мақтовидир, мадҳ қилинишидир. Аллоҳу Таоло Қуръони каримида Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу сифатларини мақтаган.

“Рауф” ва “Раҳим” сўзлари Аллоҳ Таолонинг сифатларидир, башарга, инсониятга бериладиган сифатлар эмас. Лекин Аллоҳу Таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мазкур оятда бу сифатлар билан атайди... Яъни Аллоҳу Таоло ўз ҳабибига “Рауф” ва “Раҳим” сифатини берган... Иккинчидан бу сифатлар орқали Аллоҳу Таоло Расулининг юксак ахлоқ соҳиби эканлигини бизга билдирмоқда... Бу ҳам диққатни тортадиган жиҳат...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан

 

[1] Анфас –  нафисроқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқига Саудия Арабистонининг эксперт доиралари вакиллари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистони Ахборот ва араб-рус тадқиқотлар маркази директори, профессор Мажид ат-Турки мавзуга доир фикр-мулоҳазаларни билдирди.
– Ушбу сессия бутун дунё мамлакатлари, халқларининг якка ва жамоавий саъй-ҳаракатларига катта таъсир ўтказаётган коронавирус пандемияси туфайли ўзгача форматда ўтмоқда. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус ҳақида “Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди” деган ибораси нақадар тўғри эканлиги кўриниб турибди. Ушбу фикр дунё мамлакатлари раҳбарлари диққатини жалб этишга қаратилган бўлиб, “мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик” биргаликда амалга оширилиши зарурлигини кўрсатди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг салоҳиятини ошириш борасида Ўзбекистон раҳбари пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ҳақидаги ўринли таклифини киритди.
Ўзбекистоннинг ички вазияти ҳақида тўхталар экан, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётганини, ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганини, ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, Ўзбекистонда Ёшлар парламенти ва Ёшлар ишлари агентлиги тузилганлигига алоҳида урғу берди.
Халқаро миқёсда Президентнинг минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратилгани, мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳамда шу орқали қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсганлиги, минтақанинг маданий ва маънавий меросини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказишга чақириқлари алоҳида диққатга сазовор.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқидаги муҳим жиҳатларидан яна бири - Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қараладиган Афғонистон ҳамда ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш ва минтақадаги иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш йўлга қўйилгани бўлди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи экология, бутунжахон ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳам ўз ичига олиб, бу билан мамлакатнинг ички манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатларига тўлиқ мослигини яққол исботлади.
Бу борада мен ушбу фикрлар Икки Муқаддас Масжид ходими Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг қарашлари, хусусан минтақавий ва халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар, жаҳонда халқаро адолат, тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бу борада Саудия Арабистони томонидан ажратилган 500 миллион доллари миқдоридаги беғараз ёрдам ҳақидаги фикрларга яқинлигини таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон давлат раҳбарининг қарашлари Икки Муқаддас Масжид соҳибининг фикрлари билан уйғунлиги бизни қувонтиради.
Аллоҳ икки дўст мамлакатни ўз ҳифзу-ҳимоясида асрасин, мамлакатларимиз ривожи ва барқарорлигини зиёда қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 28 Сентябрь 2020 00:00

Қайдасиз...(Аудио)

 

Матнни oлий тоифали сухандон Шуҳрат Қаюмов ўқиган

Украина кенг жамоатчилиги Ўзбекистон Президентининг БМТда илгари сурган ташаббусларига хайрихоҳ.
Хусусан, Украина мусулмонлари маънавий бошқармаси бошлиғи, Украина муфтийси Шайх Аҳмад Тамим “Дунё” АА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида замонамизнинг энг долзарб муаммоларидан бири – қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши кураш масалаларига тўхталиб ўтди. Ушбу муаммо аксарият ривожланаётган мамлакатларга хосдир.
Таъкидлаш жоиз, жаҳон ҳамжамиятининг барча уринишларига қарамай, бу муаммо йилдан-йилга кучайиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 700 миллиондан ортиқ одам ёки дунё аҳолисининг 10 фоизи ҳамон қашшоқликда яшамоқда. Бироқ, қашшоқликнинг юқори даражаси кўпинча можаролардан азият чекаётган мамлакатларда кузатилмоқда.
Ўз навбатида, ушбу масаланинг ечилмагани янада мураккаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, жамиятнинг заиф гуруҳлари тобора кўпроқ одам савдоси қурбонига айланмоқда, турли диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг “ўлжасига” айланиб, ноқонуний гуруҳлар сафига қўшилмоқда.
Ислом дини бизни раҳмдил бўлишга, муҳтожларга ёрдам беришга ва ўз мулкимизни улар билан баҳам кўришга ўргатади. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси дунё ҳамжамияти учун сўздан амалга ўтиш, глобал масъулиятни ҳис қилишни бошлаш ва камбағал мамлакатларга мавжуд муаммоларни енгиш учун самарали ёрдам беришга ундайди.
Ушбу масалани БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак сессияларидан бирининг асосий мавзуси сифатида белгилаш, ушбу муаммо бўйича глобал саммитни ўтказиш бўйича БМТнинг юқори минбаридан билдирилган таклифлар ўринлидир. COVID-19 пандемияси оқибатлари туфайли глобал иқтисодий таназзул кузатилаётган бир вақтда халқаро ҳамжамиятнинг БМТ кўмагида бир ёқадан бош чиқариши жамиятнинг муҳтож қатламларга ёрдам бериш масаласини ҳал этишга туртки булади.
Бу инсонпарварлик ташаббуслари келажак авлод учун масъуллар қалбидан чуқур жой олишини истардим. Аллоҳ ёрдами билан дунё ҳамжамияти Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашига тилакдошман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

– Улуғ ва қудратли Аллоҳдан сизга салом бўлсин. Гарчи Аллоҳ таоло аҳволингизни сиздан яхшироқ билгувчи бўлса-да, ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом

– Ўзимни нимжон ҳис қиляпман, – дедилар. Жаброил алайҳиссалом:

– Аллоҳ таоло ўзи тайёрлаб қўйган неъматга сизни мушарраф қилмоқни ирода этди. Роббингиз сизга муштоқдир. Аллоҳга қасамки, ўлим фариштаси шу пайтгача биронтасидан ҳузурига кириш учун изн сўрамаган ва бундан кейин ҳам сўрамайди. Лекин сиздан изн сўради. Буларнинг барчаси шарафингизни комил даражага кўтариш учун Роббингизнинг сизга марҳаматидир, – деди.

– У ҳолда то ўлим фариштаси келгунча, мени тарк этма, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламЖаброил алайҳиссаломга. Сўнгра аҳли байтни ичкарига чорладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Фотима, яқинроқ кел, – дедилар.

Фотима отасининг ёнига борди ва энгашди. Пайғамбар алайҳиссалом суюкли қизларининг қулоғига нимадир шивирладилар. Фотима бошини кўтарди, унинг кўзларидан ёш томди, сўзлашга мажоли йўқ эди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Бошингни менга яқинроқ тут, – дедилар. Фотима энгашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламунинг қулоғига ниманидир пичирладилар. Фотима жилмайиб бошини кўтарди. Биз бу ҳолдан ажабландик. Кейинроқ бу ҳақда Фотимадан сўраганимизда:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бугун мен вафот этаман”, – деб қулоғимга шивирладилар, йиғладим. “Аҳлимдан биринчи бўлиб олдимга етиб келувчи ва мен билан бирга қолувчи сен бўлишингни Аллоҳдан сўрадим”, – деб пичирладилар, жилмайдим, – деди.

Сўнгра Фотима икки ўғлини Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига олиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом уларни ҳидладилар. Кейин ўлим фариштаси келди, киришга изн сўради. Пайғамбар алайҳиссалом унга изн берди. Ўлим фариштаси деди:

— Эй Муҳаммад! Бизга нимани буюрасиз?

— Энди мени Роббимга етказинг.

— Ҳа, бугун шу иш бўлади. Албатта Роббингиз сизга муштоқ...

Ўлим фариштаси чиқди. Жаброил алайҳиссалом келиб, деди:

– Салом сизга эй Аллоҳнинг расули! Мана шу келишим – ерга охирги тушишимдир. Ваҳий кесилди, дунёнинг поёни кўринди. Энди ер юзида Сиздан ўзга, Сизнинг ҳузурингизда бўлишдан ўзга ҳожатим қолмади...

Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналаридан шу даражада кўп тер қуюлаётган эдики, ҳеч бир инсонда бунақасини кўрмаганман. Терларини арта бошладим, жуда ёқимли, бу дунёда мисли йўқ хуш бўй таралди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар ҳушларидан кетаётиб: “Рафиқул аъло” (яъни, “энг олий рафиқим, дўстим Аллоҳни истадим”) дердилар. Қачон сўзлашга мадорлари бўлса: “Намоз! Намоз! Албатта намозни жамоат бўлиб адо қилар экансиз, бирлигингиз бузилмагай, мустаҳкам бўлгай”, дердилар.

Шу тариқа Набий алайҳиссалом то сўнгги нафасларигача “намоз”, “намоз” дея ибодатга буюрдилар» (Имом Табароний ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жон таслим қилганларида, одамлар саросимага тушишди. Дод-фарёдлар кучайди. Фаришталар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзининг кийимига ўрадилар”.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни чошгоҳ ва пешин оралиғида дунёдан кўз юмдилар” (Ибн Абдулбар ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга охирги назар солганимда у зот пардани очдилар. Одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ортида сафда туришган эди. Абу Бакр ортига тисарилмоқчи бўлди. У зот “тураверинглар” деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куннинг охирида вафот этдилар. У кун душанба эди».(Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Одам боласининг афзали, Пайғамбарларнинг охиргиси, оламларнинг сарвари бўлган зот ана шу тариқа фоний дунёдан боқий дунёга ўтдилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анхудек зот пайғамбаримизнинг ўлимларини эшитганда, қиличини ялонғочлаб ҳовлида югириб юрардилар, ким Расулуллоҳни ўлди бўйнидан жудо қиламан дер эдилар.

Абу Бакр келиб: “Эй Умар, у зот вафот этдилар, кимки Аллоҳга ибодат қилса у харгиз ўлмайди, барҳаёт. Кимки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бошқага ибодат қилса, ҳамма ўлади” деди. “Сиз ҳам бир куни вафот этасиз”, деган маънодаги оятни ўқиди.

Билол розияллоҳу анҳу муҳаббати туфайли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Мадинани тарк этиб чиқиб кетди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу, Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиб, қабрга қўйдилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун лаҳад қазидилар.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар[1]: “Бу ёзишга ёки айтишга осон гапга ўхшайди. Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимаган, маълум тарбия кўрмаган, алоҳида севги билан боғлиқ бўлмаган, қадр-қийматларини тўлиқ тушуниб етмаган киши учунгина осон. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларини яхши таниган, маълум тарбия кўрган, У зотга алоҳида севги билан боғлиқ бўлган ва қадр-қийматларини тўлиқ тушуниб етган одам бунга ўхшаш гапларни оддий гап сифатида айтиб, ёзиб ёки эшитиб кета олмайди. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир гапни, хусусан, Рафиқи Аълога интиқол қилишларига тегишли ҳар бир сўзни алоҳида дард билан, алоҳида ҳис билан, алоҳида ҳол билан айтиш, ёзиш ёки эшитиш мумкин, холос.

Тажрибанинг кўрсатишича, қалбларнинг ҳабиби бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларидаги гаплар ва маълумотлар қайтадан эсланганда ҳар сафар янгича руҳоният, янгича шавқу завқ, янгича севги, янгича бир ҳолат касб этади.

Албатта, бу ҳолни қалам билан сатрларда ифода этиб бўлмайди. Ҳар нарсага қодир Аллоҳдан тилагимиз шулки, бу ҳис, бу туйғу, бу ҳолни яхшилик томон яна ҳам зиёда қилсин”.

Аллоҳумма солли ва саллим аъла Саййидина Муҳаммад ва аъла оли Муҳаммад.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

  1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Нубувват ва рисолат. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. Тошкент. 2006.

Янгиликлар

Top