Cавол: Намозда эснаш яхши эмас, деб эшитдим. Аммо эснаш ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?
Жавоб: Ибодат пайтида эснаш хушуъ ва хузуъни кетказади. Бошқа пайтларда ҳам эснашни уламолар яхши санашмаган. Шу сабаб намозхон эснашни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим. Аммо қайтаролмаса чап қўли орқаси билан оғзини ёпиши керак.
Қиёмда турган пайтда кўп ҳаракат бўлмаслиги учун ўнг қўл орқаси билан оғиз беркитилади. Чунки қиёмда намозхоннинг ўнг қўли чап қўлининг устида бўлади. Аммо олдин эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Қудурий айтади: “Кўп бор синадик, эснашни қайтаришга ҳаракат қилинса, у тўхтар экан” (“Фатовойи Қозихон”).
“Туҳфатул мулук” китобида, Пайғамбаримизнинг намозда асло эснамаганларини, кўнгилдан ўтказиб, Аллоҳ таолога чин дилдан итоатли, илтижоли ҳолатда туриш одамни намозда эснаш каби ортиқча ҳаракатлардан сақлайди, дейилган (“Шарҳул Виқоя”).
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир инсонни дунёда (кўп қаватли) уй орзу қилаётганини кўрасан.
Агар унга эга бўлса, энди уни ҳовли-жой орзулаётганини кўрасан.
Ҳовли жойли бўлса, энди уни ҳашаматли қасрни орзулаётганини кўрасан.
Ва шу тарз давом этаверади. Яъни, орзу-ҳаваснинг чеки йўқ.
Лекин жаннат аҳли ...
Жаннатда истиқомат қилувчилар ўзлари бўлиб турган шароит, ҳолатдан бошқасига ўзгаришини истамаслар.
Жаннат аҳли ҳақида Аллоҳнинг ушбу сўзи бор: “Унда мангу қолувчидирлар ва ундан кўчишни истамаслар” (Каҳф сураси, 108-оят).
Аллоҳим бизни жаннат аҳлидан қилгин!
Изоҳ: Жаннатнинг даражалари ўртасида улкан тафовут борлигига қарамай, у ерга кириш насиб бўлган ҳар бир инсон ўзига ато этилган манзилатга рози бўлади ва бошқа ўринга кўчишни, ўзгаришини асло истамайди.