Бир йигит нонвойнинг олдига келиб: -– Амаки, синглимнинг қорни жуда оч. Лекин пулимиз йўқ. Илтимос, унга бир дона нон беринг. Ҳеч бўлмаса бир бурда нон беринг. Пул топишим билан тўлаб кетаман,– дея ёлвора бошлади.
Нонвой унинг гапига қулоқ тутай демасди. Бола ҳам ёлворишдан тўхтамай “синглим оч, синглим оч” дерди.
Охири нонвой: – Бу ерга келчи? Қани синглинг? Бу ерга олиб кел, – деди. Бола югурганча кўчанинг нариги томонида турган синглисини чақирди.
Нонвой: – Исминг нима?, – деди қизчага.
Қизча: – Марям.
Сотувчи: – Очмисан?
Қизча уялибгина “Ҳа” деди.
Нонвой: – Мен сизларга икки дона нон бераман.
Йигитча: – Йўқ, амаки фақат бир дона сўрадим.
Сотувчи: – Олавер, олавер уялма – деди.
Йигитча: – Амаки раҳмат. Пул топганимда албатта бераман деб хурсанд бўлган ҳолда кетди.
Нонвой: – Қачон сен ва синглинг оч қолсангиз дарҳол менинг олдимга келинглар, – деб йигитнинг қўлига иккита нон берди.
Ака-ука, опа-синглингиз борми? Уларнинг доим қадрига етинг. Уларнинг ҳаққига дуо қилинг. Ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлса ҳам, ҳолларидан хабар олинг. Вақти соати келганда уларни тополмай қолишингиз мумкин.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿إِنَّ اللَّهَ ومَلَئِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ﴾
"Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар" (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Бу ояти каримадаги إِنَّ (инна) лафзи таъкид учун келган. Ундан кейинги феъл эса ҳозирги ва келаси замонни билдириб, доимийликни англатади, яъни Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар доим салавоту салом айтиб турадилар.
"Руҳул-баён" китобининг муаллифи бу оят тафсирида бундай ёзадилар: "Аллоҳ таолонинг у зоти шарифга дуруд юборишидан кўзланган маъно – у зотга "Мақоми маҳмуд"ни ато этишидир. Фаришталарининг дуруд юборишидан мақсад эса у зотнинг даражалари ва мартабаларини баланд бўлишини сўраб дуо қилишларидир. Мўминларнинг дуруд юборишларидаги маъно у зоти шарифнинг гўзал хулқларини ёд этиб, у зоти шарифни таърифлаш учундир".
Бу оятлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога қанчалик маҳбуб эканликларининг белгисидир. Модомики Аллоҳ таоло у зотни шу даражада севар экан, биз мўминларда ҳам у зотнинг муҳаббати бўлмоғи лозим.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси