Туркия Республикаси Президенти Aдминстрацияси ҳузуридаги Диёнат ишлари бошқармаси Доктор Али Эрбош жаноблари муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий вазифаси Сизга топширилганинг хабарини чексиз мамнуният ила эшитдим. Сизнинг бу муборак вазифага келишингиздан бошимиз кўкка етди.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик мўмин-мусулмон қардошларимизга кўрсатиладиган руҳий-маънавий хизматларда Туркия диёнат ишлари бошқармаси сифатида доимо Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан елкадош эканимизни, идораларимиз ўртасида кўп йиллик дўстона, самимий, қардошликка хос алоқаларимизнинг янада кенг миқёсда давом этишига бўлган ишончимизни изҳор этаман.
Сизни бундай муҳим ва шарафли мақомга сайланганингиз муносабати ила яна бир бор табриклаб, идораларимиз ўртасидаги алоқаларнинг кучайтирилиши, диний соҳада биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган режалар борасида фикр алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш мақсадида, Сиз ва сизга ҳамроҳлик этадиган делегацияни энг қисқа фурсатда Туркия давлатида кутиб олишдан ғоятда мамнун бўлишимизни маълум қиламан.
Энг самимий салом ва ҳурматлар ила.
Доктор Али ЭРБОШ,
Туркия Республикаси Президент Aдминстрацияси ҳузуридаги
Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан