Тақво Қуръони каримда энг кўп таъкидланган амал. Сизнинг ҳам кўп оятлардан ўқиганингиз – тақво ҳақидадир. Тасаввуфнинг энг муҳим мавзуларидан бири ҳам тақводир. Ҳатто тасаввуфни қисқача: «тақво йўли» дейдилар. Тасаввуф тақво йўлидир... Бу йўлдан юрган энг яхши мутасаввиф бўлади. Энг яхши мутасаввифлар энг тақволи инсонлардир.
Шунинг учун тақвони ўрганмоқ ва тақвога амал қилмоқ лозим. Яъни Аллоҳдан доимо қўрқувдасиз, Ҳақ йўлини биласиз... «Ажабо, Аллоҳ менга марҳамат этмасми?.. Ажабо, бу сўзни сўйлаганда Аллоҳим мендан рози бўлмасми?.. Ажабо, Аллоҳ менга қаҳр қилмасми?», – деб доимий бир тараддуд ичида бўлишингиз керак. Бу – «Ало ҳозирин», яъни доимо хавф ичида бўлмоқ дейилур... Киши эҳтиётли, тадбирли, диққатли, ғамхўр, талабчан ва эътиноли мусулмон бўлиши зарур.
... إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ (سورة المائدة:27)
Иннамо ятақаббалуллоҳу минал муттақийн ( «Ал-моида»,27) – «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур» деб буюрилади мазкур ояти каримада. Ибодатларнинг қабул бўлишига сабаб шу — тақводир. Намозни тақво билан қилсанг қабул бўлади. Закотни, садақани тақво йўлида берсанг, қабул бўлади.
Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли бор экан. Иккиси ҳам қурбонлик қилибди. Бирисиники қабул бўлибди, иккинчисиники бўлмабди. Сабаби Қуръони карим: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур», – дейди. Тақвосиздан қабул қилмас. Тақвосиз, фикри бузуқ, қалби нотоза, ниятида қусур бўлса қабул қилмас. Шунинг учун тасаввуфни бир жиҳатдан «Тақво йўли» дейдилар. Бу гуноҳлардан сақланиб, савобли ишларни орқага сурмай, назардан қочирмай яшаш йўлидир. Буни ўрганишингиз керак.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Яратганнинг борлигини инкор қиладиганлар асосий сабаб қилиб кўрмаганликларини кўрсатадилар. Улар бу гапни айтишдан аввал ушбу оятни яхшилаб ўйлаб кўрсинлар: “Ўзингизда ҳам (мўжизалар бор), кўрмайсизларми”.
Жисмимиз руҳимиз туфайлигина ҳаракат қилади. Агар руҳ чиқиб кетса ҳаракатдан тўхтаймиз. Руҳ деган сўзни кўпчилик эшитган. Лекин уни ким кўрган? Унинг қаерда бўлишини ким билади? У юракда бўладими ёки миямиздами?
Олимларнинг бирортаси бунга аниқ жавоб бера олмайдилар. Руҳнинг вазни бор дея жар солган олим ҳам буни билмайди. Руҳнинг вазни бўлмайди. Вазни бор деган олимни жасаддан чиқиб кетган ҳаво ёки юрак уриши туфайли юзага келадиган босим чалғитган бўлиши мумкин.
Демак, руҳни ҳеч ким кўрмаган. Унинг қаерда жойлашиши, жисмни қандай ҳаркатга келтиришини бирота олим билмайди. Инсоннинг бир қўли фалокат туфайли узилиб тушса, уни ҳаракатга келтирган руҳ қаерга кетади? Буни ҳам ҳеч ким билмайди. Лекин дунё олимлари руҳнинг борлигини инкор этмаганлар.
Руҳнинг борлигига кўпчилик ишонади. Танамиз ҳаракатга келиши, тириклигимиз белгиси ҳам айнан руҳ билан боғлиқдир. Бу нарса ҳам Аллоҳ таолонинг мўжизаларидан биридир. Ўзимиздаги мўжизаларни инкор этмаган ҳолда коинотдаги илоҳий мўжизаларни қандай инкор эта оламиз?! Бу ақли бор кишининг иши эмас-ку, ахир.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан