Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, одамларимизнинг тўқ ва фаровон яшаётганликлари, яратиб берилган имтиёз ва эркинликлар, энг асосийси, тинч ҳаётимиз ана шу халқаро террористик ва диний экстремистик ташкилотлар ва уларнинг маънавий раҳнамоларига ёқмаяпти. Шу боисдан улар зўр бериб, ўз ғаразли мақсадлари – ғояларини ёйишга, миллат бирлиги, юрт тинчлигига рахна солишга уринишмоқда.
Улар ўз ниятларига эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Аввало, аҳолига ҳанафийлик мазҳабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли орасида қўрқув, парокандалик, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакллантиришга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, мавжуд ижтимоий воқеликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни амалга оширишдан иборат.
Диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг пешволари биринчи навбатда ёшларимиз орасига кириб олишга, уларнинг энди шаклланаётган онги, тасаввурини ўзларининг ботил ва ёвуз йўлларига солишга интилишади. Бу мақсад йўлида ҳеч нарсадан тойишмайди. Турмушнинг кичик муаммоларини дастак қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш орқали ўз йўлига тортиш синалган усуллардан бири.
Ақидапараст оқимлар биринчи навбатда келажагимиз бўлмиш ёшларга кўз тикишлари бежиз эмас. Бугунги ёшлар эртанги кунимизни, тараққиётини белгилаб берувчи кучдир.
Динимизда тарбияга алоҳида ўрин берилиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас», деб марҳамат қилганлар. Фарзандларимизнинг фаол, ватанпарвар ёшларга айланиши кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” мақоли бежиз айтилмаган. Бу борада нафақат ота-она балки маҳалла-кўй, ўқув даргоҳлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида иш олиб боришлари даркор.
Ёшларимизни ёвуз кучлардан асраш лозим. Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарлашга қаратилган ғоялардан қатъият билан ҳимоя қилсаккина, ҳар қандай ғаразгўй кучлар юртимиз мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди.
“Эшонбобо” жоме масжиди имом хатиби Усмонов Ибодулло
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти Зомин тумани бош имоми ҳамда "Маърифатли" масжиди имом-хатиби Аброр домла Равшановнинг акалари Абдулла отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz