Тинчлик бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир. Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни авайлаб-асраш ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.
Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар. "Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди".
Ватан ҳимоячиси дегани, энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ва маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар ва шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси хаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она-Ватанни қўриқламоқдалар.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Аксинча, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши муҳимдир.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар - ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан ғанимларга раддия бериш билан Ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур. Бу ҳам иймоний бурчга киради.
Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз (с.а.в.):"Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.
Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини саклаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум. Халқимизда "Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл" деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она-Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.
Ҳакимлар айтадилар: "Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади". Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: "Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир".
Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида хазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: "Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур".
Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз Юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Иймон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишбйимиз мустаҳкамланди. Шаҳару-қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ
Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди Имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай деган: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида бундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида бундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”.
Имом Самҳудий сўзларини давомида бундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:
“Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккада ва Мадинада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.
Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқелигини изоҳлаб бундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини ҳудди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутсада, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуд.
Абдулатиф Отажанов,
Янгиқўрғон тумани “Ат-Термизий” жоме масжиди имом-хатиби.